Жигар касалликлари ва ҳомиладорлик
Ҳозирги вақтда вирусли инфекцияларнинг сони ортиб бормоқда, шулар қаторида жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар ҳам. Вирусли гепатит деярли кам учрайди, бироқ ҳомиладор аёллар ҳомиладор бўлмаган аёлларга нисбатан 5 марта кўпроқ касалланадилар, чунки ҳомиладорлар организми юқумли гепатит вирусига ўта сезувчан бўлади, буни шу вақтда жигар функциясининг ўзгариши, организмнинг иммун кучи пасайганлиги билан тушунтириш мумкин. Ҳомиладорларда вирусли гепатит ҳомиладор эмасларга нисбатан оғирроқ кечади, бу она ва ҳомила ҳаётига жиддий хавф яратади. Ушбу касаллиги бўлган ҳомиладорлар хавф гуруҳига киритилади. Ҳозирги вақтда вирусли гепатитларнинг бир неча тури фарқланади (А,В,С,Д, Е).
Вирусли гепатит А (ВГА). Инфекция манбаи – бемор одам. Ўтиш механизми – фекал – орал. Ўтишнинг асосий омиллари – сув, овқат, «ифлос қўллар», рўзғор предметлари ва ҳак. Эпидемиологик нуқтаи назардан энг хавфли деб ошхона ходимлари ҳисобланадилар. Инкубация даври 9 кундан 40 кунгача. Энг кўп вирус тарқалишининг вақти инкубация даврининг охирги 7-10 кунларидир. Касаллик мавсумийликка эга – июль-август, октябрь- ноябрь. Касалликнинг ҳомиладорларда кечишининг ўзига хослиги – кўпинча латент продрома, тарқалувчи тери қичимаси, кескин намоён бўлувчи холестатик синдром ривожланади.
Клиникаси:
Сариқлик олди (продромал) даври – 2 кундан 10 кунгача, бир неча шаклларда намоён бўлади: диспептик, гриппсимон, астеновегетатив, аралаш.
Сариқлик даври – кўтарилиш, авж олиш ва сўниш фазаси – ҳар бир фаза ўртача 7 кундан давом этади.
Якунловчи (сариқликдан сўнги) давр ёки реконвалесценция – тузалиш даври.
Ҳомиладорларда продромал даврнинг 2-3 ҳафтагача узайиши кузатилади, бунда диспептик ўзгаришлар устун бўлади: иштаҳанинг пасайиши, овқатдан юз ўгириш, ошқозон соҳасидаги оғриқлар, кўнгил айниши, қусиш, шунингдек тери қичимаси. Бундай ҳолатларда кечки гестоз билан дифференциал диагностика ўтказиш зарур. Қон анализларида – анемия, лейкоцитоз, нейтрофилёз, СОЭ (эритроцитларнинг чўкиш тезлиги) кўтарилади. Қоннинг биокимёвий анализи – гипербилирубинемия, диспротеинемия (адьбумин миқдорининг камайиши, глобулин концентрациясининг ошиши), аминотрансферазалар активлигининг 10 ва ундан ортиқга кўтарилиши, тимол синамасининг кўтарилиши. ВГА ни ташҳизлашнинг якуний усули бўлиб, Қон зардобида иммунофермент ёки радиоиммун анализ ёрдамида ВГА га нисбатан иммуноглобулин М гуруҳига мансуб махсус антитаначаларни (анти-ВГА Ig-М) аниқлаш ҳисобланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |