Мавзу 5: Ўзбекистон суғурта бозори
РЕЖА:
1. Суғурта бозори тушунчаси ва унинг иштирокчилари.
1. Маълумки, ҳар қандай бозорда сотувчи ва харидор бўлади ҳамда улар ўртасида тегишли товарлар (хизматлар) айирбошланади. Худди шундай, суғурта бозорида ҳам сотувчи (суғурталовчи) ва харидор (потенциал суғурталанувчи) иштирок этади. Бу ерда потенциал суғурталанувчи тушунчасини қандай изоҳлаш мумкин, деган ўринли савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, башарти, потенциал суғурталанувчини тўғридан тўғри суғуртананувчи, деб атасак катта хатога йўл қўйган бўламиз. Негаки, амалдаги қонунларга мувофиқ, суғурта компаниялари билан бевосита шартнома тузган, фуқаролик салоҳиятига эга бўлган юридик ва жисмоний шахсларга суғурталанувчилар дейилади. Аксинча, суғурта “маҳсулотини” сотиб олишга эҳтиёжи бор, аммо ҳали суғурталовчилар билан тегишли суғурта муносабатларига киришмаган шахслар потенциал суғурталанувчилар деб аталади. Энди, суғурталовчилар ҳақида гапирадиган бўлсак, суғурталовчи - бу мамлакат худудида суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилган ҳамда суғурталаш ўзи учун асосий фаолият тури ҳисобланган юридик шахслардир. Кўриниб турибдики, суғурта компанияси тегишли фаолият юритиши учун ваколатли давлат органининг лицензиясига эга бўлиши ва суғуртага боғлиқ бўлмаган операциялар билан шуғулланмаслиги зарур.
2. Суғурта бозорининг турлари ва уларга умумий тавсифнома.
2. Суғурта бозори ҳудудий жойлашувига қараб халқаро, минтақавий ва миллий суғурта бозорларига бўлинади. Миллий суғурта бозори бирон-бир мамлакат ҳудудидаги суғурта муассасаларини ва уларни фаолиятини ўз таркибига олади. Жаҳондаги энг йирик миллий суғурта бозори Америка Қўшма штатларидир. Иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатларда йиғиладиган суғурта тушумларининг 43 фоиздан ортиғи АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Бу ерда ҳаётни суғурта қилувчи 2600 дан ортиқ ва бошқа умумий турдаги суғурта хизматларини кўрсатувчи 3800 та компания фаолият кўрсатмоқда. Улардан баъзи бирлари дунё суғурта бозорида ҳам олдинги ўринлардадир. Масалан, “Пруденшиал оф Америка” компанияси мамлакат ички бозорида биринчи ва 1992 йил бошида мавжуд активлари, тўплаган суғурта мукофотлари бўйича учинчи ўринни эгаллади.
Минтақавий суғурта бозори деганда савдо, иқтисодий ва бошқа жиҳатлардан ўзаро яқин муносабатда бўлган бир нечта мамлакатларнинг ички бозори тушунилади. Европа Иттифоқининг суғурта бозори йирик минтақавий бозордир.
Халқаро суғурта бозори сифатида дунё миқёсида суғурта фаолиятини олиб борувчи алоҳида мамлакатларнинг ички бозори тушунилади. Жумладан, ҳозирги вақтда Япония суғурта бозорининг халқаро даражада мухим ўрни бор ва кейинги ўн йилликда Япония суғуртачилари дунё бозорида етакчилик қилиб келишмоқда. Маълумотларга қараганда, 1992 йили жаҳондаги энг йирик 20 та ҳаётни суғурта қилувчи компаниялар ичида 9 таси ёки 45 фоизи Японияга тегишлидир. Бу компанияларнинг молиявий салоҳияти 869 млрд. долл. миқдорида баҳоланган.
Суғурта бозорлари ҳудудий бўлиниш билан бир қаторда суғурта турларига қараб ҳам хилма-хил бўлиши мумкин. Иқтисоди ривожланган мамлакатлар амалиётида суғурта бозори иккига бўлинади: 1) Ҳаётни суғурта қилиш билан боғлиқ суғурта хизматлари бозори; 2) Умумий суғурта хизматлари бозори.
Do'stlaringiz bilan baham: |