1. Электр токининг пировард иссиқлик таъсирига асосланган қурилмалар. Бу гурух қурилмаларига уй рўзғор қиздириш жихозлари, бевосита ва билвосита қиздириш қаршилик печлари, суюқлик ва газларни қиздириш қурилмалари - турли кўринишдаги электр қозонлари ва электрокалориферлар, шунингдек қиздирувчи элементлар вазифасини ишқорлар ёки оксидлар эритмалари бажарувчи, электродли ванналар.
Металларни электрошлак усулида қайта эритиш ва электрошлак усулида пайвандлаш қурилмаларинннг ишлаш принципи, электродлар орасидаги муҳитни (бўшлиқни) тўлдирувчи шлакларда электр токи таъсирида ажралиб чиқадиган иссиқлик энергиясидан фойдаланишга асосланади.
Контактли пайвандлаш қурилмаларида электр энергияси икки детальнинг туташ нуқталаридаги ўтиш қаршилигида иссиқлик энергиясига айланади. Ушбу жараён фақатгина токнинг импульсли режимида амалга оширилиб, мазкур кўринишидаги пайвандлаш қурилмаларининг схемаси ва электр таъминотининг ўзига хос хусусиятларини белгилайди.
Индукцион қиздириш қурилмаларининг ишлаш принципи саноат частотаси ва ундан юқори частотадаги ўзгарувчан ток электр энергиясини аввал ўзгарувчан магнит майдон энергиясига, бу энергияни эса яна электр энергиясига ва сўнгра охирги кўринишдаги энергияни қиздирилувчи материалда иссиқлик энергиясига айлантиришга асосланади. Ушбу усулдан фақат ток ўтказувчан материалларни қиздиришда фойдаланилади.
Диэлектрик материалларни қиздиришда эса моддаларни поляризациялаш жараёнида юқори частотали электр майдон энергиясини иссиқлик энергиясига айлантиришга асосланган қурилмалардан фойдаланилади.
Ишлаш принципи электр ёйида ажралаётган иссиқликдан фойдаланишга асосланган қурилмаларга металларни ва ўтга чидамли материалларни эритиш, фосфор ва бошқа металларни олши учун белгиланган электр ёй печлари ва руднотермик печлар, шунингдек металларни қайта эритиш ва рафинация қилиш учун белгиланган вакуум - ёй печларини мисол қилиш мумкин. Бундай қурилмалар сифатида металл ва нометалл (металл бўлмаган) материалларга плазмали ва плазма ёй усуслида ишлов берувчи қурилмаларни кўрсатиш мумкин. Мазкур қурилмаларда металларни қайта эритиш, юзаларга химоя қопламаларини бериш ва шу каби бошқа жараёнларни амалга ошириш мумкин.
Электр ёй пайвандлаш қурилмаларида ажралиб чиқаётган иссиқлик энегргиясининг асосий миқдори (қуввати) ёйнинг т а я н ч нуқталарига (катод ва анод “доғ” ларига) тўғри келиши билан бирга электр ёй пайвандлаш жараёнининг боришига электр ёйининг “устун“ қисми ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Электрон - нурли ва лазер қурилмаларида иссиқлик энергияси разряд каналидаги суюқликдан катта кучдаги токнинг импульс режимида оқиши натижасида ажралиб чиқади.
2. Электр токининг пировард электрокимёвий таъсирига асосланган қурилмалар. Бундай қурилмалар тоифасига эритма ёки қоришма билан тўлдириладиган элекролиз ванналари, юзаларга ҳимоялаш ёки декоратив қопламалар берувчи қурилмалар, шунингдек гальванопластика усулида махсулот олиш қурилмалари ва электролитларда электрокимёвий - механик ишлов бериш қурилмалари киради.