Токембрийнинг умумий табақаланиши. Токембрий Ер тарихининг 3,5 млрд йилдан ортиғини ўз ичига олади. Токембрий ётқизиқларини табақалашдаги қийинчилик бу вақт оралиғида организмлар деярли яшамаганлиги билан боғлиқ.
Токембрий ётқизиқларини табақалашда энг истиқболли бўлиб тарихий-геологик усул саналади. Бунда изотопли геохронологиядан албатта фойдаланиш кўзда тутилади.
Дастлаб ер пўсти мутлақо ҳаётсиз бўлган. Атмосфера дастлаб жуда сийрак бўлганлиги учун амалда шамоллар эсмаган. Денгизлар ҳам, дарёлар ҳам, музликлар ҳам бўлмаган. Шунинг учун эрозия жараёнларининг кўлами сезиларли бўлмаган. Сув йўқлиги туфайли чўкинди жинслар ҳам тўпланмаган. Аммо ер шарининг турли бурчакларида вулканизм жадал кечган. Уларнинг таъсирида ер пўстида кўп марта чуқур дарзликлар вужудга келган ва йўқолиб кетган, Ер юзаси бир неча бор қайта ўзгарган, бурмаланган, бутун бир ҳудудлар бошқаларига нисбатан кўтарилган ёки чўккан. Ерда ҳаёт шундан фақат 1 млрд йил ўтгандан сўнг вужудга келган.
Ернинг токембрий ривожланиш тарихини давомийлиги турлича бўлган, унда кечган геологик жараёнларнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича иккига: архей ва эрта протерозой, рифей ва вендга бўлиб кўриб чиқамиз.
20 боб. АРХЕЙ ВА ЭРТА ПРОТЕРОЗОЙ БОСҚИЧИ
Архей ва эрта протерозойда муҳим геологик жараёнлар содир бўлган. Улар ер пўстининг кейинги ривожланишига мустаҳкам замин яратган.
Геодинамикаси. Дастлабки ер пўстининг дарзланиши чўзинчоқ ҳаракатчан зоналар – протогеосинклиналларнинг шаклланишига олиб келган. Уларда асосан базальт таркибли лавалар қуюлганлиги билан характерланувчи фаол вулканизм жараёнлари кечган. Вулканлар бу зоналарнинг марказий қисмларида бирин-кетин занжирсимон жойлашган, отилиши бирламчи чуқур дарзликлар билан боғлиқ бўлган. Вулкан занжири ва турли томонга сурилиб кетаётган континентал пўстнинг четлари орасида океанлар пайдо бўлган, уларда пўстнинг чўкишини тўлдирувчи чўкиндилар тўпланган. Уларга бўлакли материал вулкан тоғлари ҳамда континентал массивлар ёки материк типидаги ороллардан келиб тушган.
Протогеосинклинал ботиқликларни эгаллаган океанларнинг ўлчами, кўриниши ва тутган ўрни ҳозиргиларникига тўғри келмаган. Улар ҳам бутун ер пўсти каби узоқ ва мураккаб эволюция йўлини босиб ўтган ва бир неча бор кўринишини ўзгартирган.
Архейнинг протогеосинклиналлари кейинги геосинклиналлардан фарқ қилган. Улар нисбатан барқарор платформа массивлари билан ажралмаган, ички тузилиши ҳам дифференциацияланмаган, чуқур ер ёриқлари аниқ ифодаланмаган. Фақатгина эрта протерозойдагина, эҳтимол, ҳақиқий геосинклиналлар ривожланабошлаган. Ўша қадимий даврларда ер пўстининг катта қисми фаол геосинклинал ривожланишни ўз бошидан кечирган. Вужудга келган геосинклиналлар дастлабки континентал пўстни деярли бутунлай бузган ва қайта тиклаган.
Архей ва эрта протерозойда ер ривожланиши тўғрисидаги бу фикрлар Скандинавия ва Кола яримороллари, Сибир, Америка, Африка, Осий ва Австралиядаги қадимий тоғ жинсларини ўрганиш материаллари билан далилланади. Уларда метаморфик ва магматик жинсларнинг ривожланганлиги, чўкиндиларнинг ўнлаб километрга борадиган катта қалинлиги, ётқизиқларнинг мураккаб бурмаланганлиги каби хусусиятлар характерлидир. Буларнинг барчаси ҳақиқий геосинклинал ривожланиш шароитлари тўғрисида далолат беради.
Архей ва эрта протерозойдаги фаол тектоник жараёнлар Ер қаъридан жуда кўп миқдорда моддалар ва энергия чиқишига олиб келган. Туб моҳияти билан катта қалинликдаги чўкинди ва магматик жинсларнинг тўпланиши ер юзасига Ер каъридан моддалар чиқиши натижаси ҳисобланади.
Ер тарихидаги глобал катастрофалар содир бўладиган вақтлар диастрофизм эпохалари дейилади.
Диастрофизм эпохаларининг содир бўлиши даврий характерга эга. Архей ва эрта протерозой тарихида бир қанча шундай эпохалар ажратилади. Улар ер шарида бир вақтда кечмаган, аммо улардан баъзилар муайян синхронликка эга бўлиб, аниқ изларини қолдирган.
Диастрофизм эпохаларидан энг биринчиси архейнинг бошларида (3500±100 млн. йил олдин) содир бўлган. У қадимий магматик жинслар мавжудлиги асосида аниқланган. Бу эпоха белозерномини олган бўлиб, Ер ривожланишида тектоник режимнинг сезиларли ўзгаришига олиб келмаган.
Архей акронининг охирида кеноран тоғ бурмаланиши (2600±100 млн. йил) содир бўлади. Ер пўстининг алмашувчи горизонтал ва вертикал ҳаракатлари олдин тўпланган ётқизиқларнинг кучли метаморфик ўзгаришига олиб келган, улар жуда зичлашган ва бурмаланган.
Эрта геосинклинал босқичнинг муҳим диастрофизм эпохаларидан бири эрта протерозойнинг охирида (1800±100 млн. йил) якунланган карел эпохаси саналади. Натижада қадимий ёки эпикарел платформалари (кратонлар) номини олган дастлабки «ҳақиқий» платформалар шаклланган. Улар протоплатформаларнинг тарқоқ қолдиқларини бир-бири билан пайвандлаб, бўлажак континентларнинг ядроларини ҳосил қилган.
Шундай қилиб, Ер тарихидаги глобал катастрофалар баъзан литосферанинг янги структуралари, хусусан платформаларнинг шаклланишида яратувчи рол ўйнаган.
Қадимий платформаларнинг пайдо бўлиши билан эрта геосинклинал босқич якунланади, кечки протерозойдан ҳозиргача давом этаётган Ер пўстининг геосинклинал-платформали ривожланиш босқичи бошланади. Эпикарел платформаларнинг ўлчами ва кўриниши тектогенезнинг кейинги жараёнлари таъсирида ўзгарган. Улардан баъзилари «оралиқ массивлари» деб аталувчи палахсаларга парчаланган ва қисман қайта ишланган. Аммо қадимий платформалар асосан ўзгармасдан сақланиб қолган ва ҳозирги континентларнинг асосини ташкил этади (195-расм).