1.2.Анализни бажариш хиллари.
Анализ тўла ёки қисман бажарилиши ҳам мумкин. Тўла анализ қилишда моддани ташкил қилган элементларнинг ҳаммаси,улар қайси ҳолда бирикканлигидан қатьий назар, аниқланиши керак. Мисол учун бензин анализ қилинганда. унинг таркибидаги углерод, водород, кислород, қўрғошин, фосфор ва бошқаларнинг фоиз миқдорлари аниқланади. Қисман қилинган анализда модданинг бирор компонентини аниқлаш натижасига қараб ҳам унинг таркиби ҳақида хулоса чиқариш мумкин.
Масалан, дорихонадан олинган аспириннинг тозалигини унга қўшилган салицил кислота миқдоридан билиш мумкин. Бензиннинг сифатини билиш учун қисман анализ қилиб, унинг таркибидаги тетраэтилқўрғошин ёки ароматик углеводородларнинг фоиз миқдорларини билиш кифоя.
Баьзан бирор элементнинг умумий миқдори эмас, балки қайси шаклда эканлигини ҳам билиш зарур бўлади. Масалан, маъданларни анализ қилишда олтингугуртнинг умумий миқдори эмас, балки қанча қисми эркин [S0], сульфид [S2-], пирит [S22- ва [SO42-] ҳолда эканлигини билиш керак бўлади. Анализнинг бу тури фаза анализи дейилади.
Бажарилиш вақтига қараб, анализ методлари иккига бўлинади. Мисол учун, пўлат эритишда хатоси каттароқ бўлса ҳам, анализ натижалари тезлик билан олиниши керак. Анализ узоқ вақт бажарилса, ўтган давр ичида яроқсиз маҳсулот чиқиши мумкин. Бундай анализ экспресс-анализ дейилади.
Баъзи бир анализларни бажарилаётганда вақтни аялмайди, аммо натижалар жуда аниқ бўлиши керак. Бунинг учун сезгир методлар ва замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланиш лозим. Ойдан олинган намуналарни анализ қилиш бунга мисол бўла олади.
Инсоният тарихида биринчи марта бошқа планета-ойдан олиб келинган намуналарни ниҳоятда синчиклаб, энг сезгир асбоблар-ускуналар ёрдамида анализ қилинганда. албатта, вақтни аямаслик керак. Ойдан келтирилган тупроқ намунасининг анализи шуни кўрсатдики, унда анорганик ва органик моддаларнинг таркибидаги углероднинг миқдори 210-4% га тенг экан.
1.3.Миқдорий анализ методларининг синфланиши.
Миқдорий анализ методлари асосан 3 гуруҳга бўлинади.
1.Кимёвий методлар (гравиметрик, титриметрик ва газлар анализи методлари). Модданинг кимёвий хоссаларини унинг миқдорий орасидаги боғлиқликга асосланган метод кимёвий анализ методи дейилади. Бу методларнинг асосида кимёвий реакциялар ётади. Ўз навбатида булар ҳам яна бўлиниб кетаверадилар. Кимёвий методларни билмай туриб бошқа методлардан фойдаланиб бўлмайди.
2.Физикавий методлар(спектрал, радиометрик, радиоактивацион ва бошқа методлар). Модданинг физикавий хоссалари билан унинг миқдорий орасидаги боғлиқликга асосланган метод физикавий анализ методи дейилади. Анализ қилишда модда ёки элементларнинг физик хоссалари ўлчаниб, шунга асосан натижалар олинади. Бунда кимёвий реакциялар ишлатилмайди.
3. Физик-кимёвий методлар (оптик анализ, электрокимёвий анализ ва бошқалар). Модданинг физикавий ва кимёвий хоссаларини унинг миқдорий орасидаги боғлиқликга асосланган метод физик-кимёвий анализ методи дейилади. Бу методларда кимёвий реакция ишлатилиб, охирида модданинг бирор физик хоссаси ўлчанади ва шунга асосан натижалар олинади. Модданинг таркибини аниқлаш учун кимёвий анализда узоқ вақт сарфланади. Физикавий методларда модданинг бирор физик хусусияти аниқланса (солиштирма оғирлик, электр ўтказувчанлик, нур синдириш коэффициентини ўлчаш) кифоя.
Do'stlaringiz bilan baham: |