проф.в.б. Н.Турабов
Гулистон давлат университети табиий фанлар факультети кимё кафедраси
Мавзу: МИҚДОРИЙ АНАЛИЗ. КИРИШ. МИҚДОРИЙ АНАЛИЗ МЕТОДЛАРИНИНГ СИНФЛАНИШИ.
Мавзу: МИҚДОРИЙ АНАЛИЗ. КИРИШ. МИҚДОРИЙ АНАЛИЗ МЕТОДЛАРИНИНГ СИНФЛАНИШИ.
Маъруза режаси:
- Кириш. Аналитик кимё фанини ривожланиши.
- Анализни бажариш хиллари.
- Миқдорий анализ методларининг синфланиши.
- Анализ методлари.
- Анализнинг умумий режасини тузиш ва энг яхши методни танлаш
Асосий адабиётлар
- Бобоев. Н. Б. Турабов Н. Т., Аналитик кимё умумий курсидан маърузалар матни. II-қисм, (методик қўлланма) Тошкент «Университет» 2000, 4-7 бетлар.
- Алексеев В. Н. Миқдорий анализ. Тошкент «Ўрта ва олий мактаб». 1963, 7-14 б.
- Файзуллаев О. Аналитик кимё. Тошкент, «Янги аср авлоди», 2006, 488 б.
- Файзуллаев О. Аналитик кимё асослари. Тошкент, А.Қодирий нашриёти. 2003, 444 б.
- Золотов Ю. А., Дорохова Е. Н., Фадеева В. И. и др. В 2 кн. Кн 1. Основы аналитической химии. М.: «Высшая школа» 2012, С. 4-12.
- Васильев В. П. Аналитик кимё I-қисм. Тошкент «Ўзбекистон» 1999, 5-15 б.
Қўшимча адабиётлар
- Толипов Ш. Т., Хусаинов Х. Аналитик кимёдан масалалар тўплами Тошкент «Ўқитувчи» 1983, 101-105 бетлар.
- Бобоев. Н. Б.. Туробов Н. Т., Ибраимов Ч. И. Титриметрик анализ методлари (методик қўлланма) Тошкент «Университет» 1994, 3-4 бетлар.
- Крешков А. П. Основы аналитической химии. В 3-х томах. Т 2. М. «Химия». 1977,17-22, 38-45.
- http://www.xumuk.ru/.
- http/www.ziyo.net.uz.
- http/www.Сhemport.ru.
Аналитик кимё фан сифатида XVII асрнинг ўрталаридан бошлаб ривожлана бошлади.
Роберт Бойль (1627-1691) мураккаб моддаларнинг кимёвий жиҳатдан парчаланмайдиган таркибий қисми-кимёвий элемент ҳақидаги тушунчани фанга киритгандан кейин ривожлана бошлади. У ўзигача маълум бўлган сифат реакцияларининг ҳаммасини тартибга солди ва ўзи бир неча реакцияларни тавсия қилиб, «ҳўл усул» билан қилинадиган анализга асос солди. Жумладан у биринчи марта кислота ва асосларни аниқлашда «индикатор» сифатида ишлатиладиган «лакмус» ва ўсимликлардан олинадиган баъзи бўёқлардан фойдаланди.
У «Кимёвий анализ», «элемент» терминини ҳам киритган эди. У HCl ни аниқлаш учун AgNO3, мис тузларини аниқлаш учун эса ортиқча миқдорда аммиак ишлатди ва ҳоказо.
Аналитик кимё фан сифатида 17 асрнинг ўрталарида саноатнинг юксалиши натижасида ривожлана бошлади. Айниқса охирги 50 йил давомида кўп ишлар қилинди. Бу даврда чоп этилган илмий ишларнинг сони, аввалгиларига қараганда бир неча юз минг марта ортиб кетди.
Юқори ҳароратга чидамли қотишмаларнинг яратилиши, ракетасозликда жуда тоза моддаларнинг ишлатилиши анализ қилинаётган моддада ниҳоятда кам бўлган қўшилмаларни аниқлаш, энг долзарб масала бўлиб қолди ва янги, сезгир методларни ишлаб чиқишни тақозо эта бошлади.
Аналитик кимё моддаларни ажратиш ва уларнинг миқдорини аниқлаш билан шуғулланади. У муҳим назарий ва амалий аҳамиятга эга. Аналитик кимёнинг фундаментал назарий асосларини табиат қонунлари, жумладан, Д. И. Менделевнинг даврий қонуни, модда массаси ва энергиясининг сақланиш қонунлари, модда таркибининг доимийлиги, массалар таъсири қонуни ташкил этади. Аналитик кимё анорганик кимё, органик кимё, физикавий кимё, коллоид кимё, электрокимё, кимёвий термодинамика, физика, информатика ва бошқа фанлар билан чамбарчас боғланган.
Бу фанларнинг ютуқларидан фойдаланиш аналитик кимёни бойитади, имкониятларини кенгайтиради. Ҳозирги замондаги илмий изланишлар, янги моддаларнинг синтези, технологик схемаларни ишлаб чиқиш, маҳсулотларнинг сифатини оширишда ҳам аналитик кимё усулларини қўлламасдан туриб амалга ошириб бўлмайди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ер ости сувларининг таркибини, тупроқ ва биз нафас олиб турган ҳавонинг тозалигини доимо назорат қилиб туришда аналитик кимёнинг роли беқиёсдир. Аналитик кимё геология, қишлоқ хўжалиги, медицина, фармацевтика, нефт-кимё саноати ва кўпгина хўжаликларнинг бошқа соҳаларида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аналитик кимё усуллари тупроқ. ҳаво, сувларнинг тозалик сифати ва уларда ҳар хил заҳарли моддаларнинг йўл қўйилиши мумкин бўлган концентрациялари (ПДК-предельно допустимая концентрация) доимий равишда назорат қилиб борилади ва саноатда чиқаётган маҳсулотларнинг сифати доимо текшириб турилади. Шунинг учун аналитик кимёнинг методларини мутахассислигидан қатъий назар, барча кимёгарлар билиши керак.
Аналитик кимё икки қисмга - сифат анализи ва миқдорий анализга бўлинади. Сифат анализда модда қандай элементлардан, ионлардан ташкил топганлигини текширилади.
Миқдорий анализ методлари ёрдамида эса моддани ташкил этган элементлар қандай нисбатда бирикканлиги, уларнинг фоиз таркиби ёки концентрацияси (мольл, гл) аниқланади.
Ҳар қандай моддани миқдорий анализ қилишдан аввал унинг сифат таркиби маълум бўлиши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |