Маруза- 11. Замонавий текширув усуллари. Диагностик асбоб-ускуналар ҳақида.
Режа:
Қурилиш конструкциялари ва материалларининг мустаҳкамлик, деформация ва бошқа физик-механик тавсифларини аниқлаш.
Конструкцияларни текширишда бузувчи ва бузмайдиган усуллар.
Замонавий текширув усуллари.
Диагностик асбоб-ускуналар ҳақида.
Ўлчов ишларини ўтказишдан мақсад, қурилиш конструкциялари ва уларнинг элементларини ҳақиқий геометрик параметрларини ойдинлаштириш, уларни лойиҳага мослиги ёки ўзгаришларни аниқлашдан иборат. Асбоблар ёрдамида ўлчовлар натижасида конструкцияларнинг оралиқлари, уларнинг жойлашуви ва режадаги қадамлари, кўндаланг кесим юзалари, баландлик бўйича ўлчамлар, характерли бирикмаларнинг белгилари, улар орасидаги масофалар ва ҳ.к. ойдинлаштирилади. Ўлчов ишлари натижасида конструкцияларнинг ҳақиқий жойлашиши бўйича тарҳи, бинонинг қирқими, юк кўтарувчи конструкциялар ва уларнинг элементларининг ва бирикув тугунларининг ишчи кесимлари чизилади.
Ўлчов ишларини ўтказиш мақсадида қуйидаги ўлчов асбоблари 10.1- жадвалда келтирилган бўлиб, зарурият бўлганда нивелер, теодолит, лазерли дальномер, турли дефектоскоплар ва ҳ.к., булардан ташқари фотограмметрия (объектларни фотосуръатларига нисбатан шакли, ўлчами, ҳолатларини аниқловчи соҳа) қўлланилади.
Текширув ишларини олиб боришда қўлланилган қурилиш ашёсидан қатъий назар, қуйидаги ўлчов ишлари олиб борилади:
иншоотнинг бўлувчи ўқларининг вертикал ва горизонтал ўлчамлари аниқлаштирилади;
юк кўтарувчи конструкцияларнинг оралиқлари ва қадамлари текширилади;
юк кўтарувчи конструкцияларнинг асосий геометрик параметрлари аниқланади;
конструкциялар ва уларнинг элементларини ҳисобий кесимларини ҳақиқий ўлчамлари аниқлаштирилиб, уларни лойиҳага қанчалик мослиги аниқланади;
элементлар ва уларнинг таянч қисмларини тақалиб бирикувчи тугунларининг шакли ва ўлчамлари аниқлаштирилиб, уларни лойиҳага мослиги аниқланади;
таянч конструкцияларнинг вертикалдан оғиши ва қўшни элементлар орасидаги паралеллик, бирикув чокларининг мавжудлиги ва жойлашуви, кесимининг ўзгариш жойлари текширилади;
эгилиш, солқилик, вертикалдан оғиш, қийшайиш, букилиш, қўзғалиш ва силжиш каби деформациялар ўлчанади;
Булардан ташқари:
темирбетон конструкцияларда арматураларнинг мавжудлиги, жойлашуви, сони унинг синфи, арматура ва қўйилма деталларидаги коррозия белгилари ҳамда ҳимоя қатламининг ҳолати аниқланади;
темирбетон ва тош- ғишт конструкцияларда дарзларнинг мавжудлиги ва уларнинг очилиш кенглиги аниқлаштирилади;
металл конструкцияларда сиқилган стерженларнинг тўғри чизиқлилиги, бирикув планкаларининг мавжудлиги, кўндаланг кесимлари фарқ қилувчи элементларнинг ҳолати, ҳақиқий узунлиги, пайванд чокларининг сифати, парчинмихлар ва болтларнинг жойлашуви, сонлари, диаметрлари, элементларнинг чекка ва уч қисмларига махсус ишлов берилганлик даражалари текширилади;
ёғоч конструкцияларда элементларнинг эгилиши ва қийшайиши, уларнинг узунлиги бўйича узилиш ёки дарзларнинг мавжудлиги, биологик шикастланган жойларнинг мавжудлиги ва уларнинг ўлчамлари қайд этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |