Эмоционал гаплар. Сўзловчининг ўта хурсандлик ёки ўта хафалик ҳолатларини ёки қаҳрамоннинг ҳис-ҳаяжонини, воқеа-ҳодисага эмоционал муносабатини ифодаловчи гаплар эмоционал гаплар ҳисобланади. Эмоционал гаплар таркибида махсус ижобий ва салбий бўёқдор сўзлар (чеҳра, ўктам, табассум / турқ, қўпол, тиржаймоқ каби) мавжуд бўлади. Ўша сўзлар орқали қаҳрамон руҳиятида кечаётган севиниш, қўрқув, ғазаб каби психологик жараёнларни ҳамда ёзувчининг тасвир объектига нисбатан субъектив муносабатини билиб оламиз. Эмоционал гаплар таркибида ижобий ёки салбий бўёқдор сўз ва иборалар, ҳис-туйғу ифодаловчи ундовлар (оҳ, вой шўрим, эҳ аттанг, бай-бай-бай каби), муносабат ифодаловчи ундалмалар қатнашади ва улар нутқнинг экспрессивлигини таъминлашга хизмат қилади: Қандай ёқимли тонг! Тўйиб–тўйиб нафас оласан! Бунча фусункор бўлмаса баҳор! Қишлоғимиз нақадар гўзал–а! (Газетадан). Сарваров тўнғиллади: –Иккинчи чиқишимда ушлаши керак эди. Биринчи чиқишимдаёқ ушлаб ўтирибди бу мияси айниган чол (С.Аҳмад). – Тилимни қичитма, жўжахўроз! Айтмадимми, кузда қийқиллаб столнинг тагига кириб кетасан, деб... Эҳ-э, сенинг хўроз бўлишингга ҳали ўн тўрт процент бор. Баҳорда кариллаб ҳеч кимга сўз бермагандинг. Менга, кеккайма, дегандай шама қилдинг-а! (А.Қаҳҳор) Эвоҳ, эссиз умр, эссиз қизим!.. Вой бечора! – деди Гулсумбиби бирдан. Шўрлик қизга қийин бўлибди ҳаммадан (Ойбек).
Риторик сўроқ гаплар ҳам бадиий матннинг эмоционал-экспрессивлигини таъминловчи услубий воситаларидан ҳисобланади. Тасдиқ ва инкор мазмунига эга бўлган, тингловчидан жавоб талаб қилмайдиган гаплар риторик сўроқ гап дейилади. Кўпинча риторик сўроқ гаплар таркибида наҳотки, ахир каби таъкидни кучайтирувчи сўзлар келади. Улар нутққа кўтарики руҳ бағишлайди ва тасдиқнинг кучли эмоция билан таъкидланиши учун хизмат қилади. Бундай гап шакллари қаҳрамоннинг ҳайратланишини, қувончини, ажабланишини, шубҳа ва гумонсирашини, ғазаб ва нафратини ифодалашда жуда қўл келади. Ички ва ташқи нутқда, монологик ва диалогик нутқларда кенг қўлланилади. Ардоқли шоир Абдулла Ориповнинг «Оламонга» деб аталган қуйидаги шеъри риторик сўроқнинг гўзал намунаси бўла олади:
Машраб осилганда қаёқда эдинг?
Чўлпон отилганда қаёқда эдинг?
Суриштирганмидинг Қодирийни ё
Қалқон бўлганмидинг келганда бало?
Ҳукмлар ўқилур сенинг номингдан,
Тарихлар тўқилур сенинг номингдан.
Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?
Нечун томошага бунчалар ўчсан?
Қаршингда ҳасратли ўйга толаман,
Қачон халқ бўласан, эй, сен – оломон?!
Do'stlaringiz bilan baham: |