Жониворлар ва қушларга сиғиниш
БЎРИ
Қадимги турк афсоналарига қараганда, Ашина қабиласидан бўлган ёш
гўдакни бўри эмизиб катта қилган. Шунинг учун ҳам Евразия воҳаларидаги
туркларнинг кўк байроғини бўрининг олтиндан ясалган боши безаб турган.
Бўрининг мўъжизавий илоҳий кучига ишонч шу кунларгача сақланиб қолган.
Яқин-яқингача айрим тоғда яшовчи тожиклар орасида ўлдирилган бўрининг
жинсий аъзосидан тумор ясаб, бўйинга осиб юрилса, эркак кишининг аёллар
орасида обрў-эътибори баланд бўлади деган тасаввур ёйилган. Андижон
вилоятида яшовчи қипчоклар орасида аёллар кўзи ёришини енгиллатиш
мақсадида унга қуритилган бўри юрагидан беришган.
ОТ
24
Отга сиғиниш туркий халқлар орасида қадимдан мавжуд бўлган. Буни
Жанубий Қирғизистон тоғларидаги (Аравон, Айирмоч-Тоғ) қояларга битилган
отлар тасвирида кўришимиз мумкин. Тасвирлар тагида ҳайвонларни
қурбонликка келтириб, шам ёқиш учун токчалар ясалган. Отнинг муқаддаслиги
ҳақидаги тушунча нафақат даштларда яшовчи қабила ва элатларда, балки
дехқончилик билан шуғулланувчи ўтроқ аҳоли орасида ҳам кенг тарқалган.
Бронза даврида ясалган ҳанжарларнинг дастакларида отларнинг тасвирлари
туширилган. Илк тош даврида маййитларни отлар билан бирга дафн этиш
одатлари кенг тус олган. Бу айниқса Ўрта Осиё ҳудудларида кенг тарқалган.
Отни муқаддаслаштириш исломий асотирларга ҳам кириб келган. Ўратепа
(Тожикистон), Аравон (Жанубий Қирғизистон)да халифа Алининг афсонавий
оти Дулдулнинг тошдаги туёқ излари муқаддас саналади. XIX асрда қозоқ
қабилалари орасида вафот қилган кишининг маъракаларидан кейин
марҳумнинг қурбон келтирилган севикли отининг бош суяги қабр ёдгорлиги
ёнига қўйилган. Ҳозир ҳам ушбу халқлар орасида марҳумнинг маъракасига
сўйилган отнинг бош суяги қабр тепасига ташлаб кетилади. От танасининг
бошқа қисмлари ҳам айниқса ҳарбийлар орасида эъзозланган. Турклар
қўшинлари юришлари давомида жониворнинг думи аламдор қўлида ялов
сифатида олиб юрилган.
ҚОРА МОЛ
Қадимги Авесто матнларида муқаддас ҳўкиз тимсоли тасвирланиб, унинг
танасидан ҳар хил бошоқли экинлар ва шифобахш гиёҳлар, уруғидан эса
фойдали жониворларнинг барча турлари тарқалганлиги ҳақида сўз юритилади.
Ғарбий Туркманистон ҳудудларида қадимги замонларда ясалган қора мол
ҳайкалчалари учрайди. Қозоғистон ва Қирғизистон ҳудудларида бронза ва илк
темир даврларида қоятошларга битилган ҳўкиз тасвирлари сақланиб қолган.
ҚУШЛАР
Ривоятларга кўра, ўзларини Ўғизхон авлодлари деб ҳисоблаган ўғиз-
ғузлар ёки туркий ўғизлар ёмонликлардан асровчи боболар тимсолини
қушларда кўришган. Қирғий, бургут, лочин, қарчиғай каби қушлар қабила
аъзоларига барака ва бахт олиб келувчи муқаддас жонзод ҳисобланиб, уларни
отиш қатъиян ман этилган.
Туркларда сув қушлари коинотнинг турли қисмлари – осмон, ер ва сув
орасидаги воситачи ҳисобланган. Қарғалидан топилган шаман аёлнинг бош
кийимини (эрамизгача булган II аср – эрамизнинг I асри) ғоз ва оққуш патлари
безаб турган. Қирғизистонда Сўн-кўл атрофидаги қоятошларга ўйиб ишланган
сувда сузувчи қушлар (балким ғозлар) галаси тасвири туширилган. Қозоқ ва
қирғиз халқлари асотирларида муқаддас Умай қуш қиёфасида тасвирланади.
Финн-угор халқларининг қадимги турк қабилалари билан мустаҳкам тарихий
алоқалари ҳар иккала халқнинг бир хилдаги қушларни муқаддас деб
билишларида кўринади.
Ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман халқлари қадимдан шу пайтгача укки,
бойўғли, бургут ва лочин патларининг муқаддас кучига ишонадилар. Шу
сабабли кичик ёшдаги ўғил болалар ва қизчаларнинг бош кийимлари, бешик ва
25
беланчакларини қушлар пати билан безайдилар. Ўрта Осиё ўтроқ халқлари
орасида қирғовул, товус, хўроз муқаддас қушлар деб саналган.
ДАРАХТЛАР
Ўрта Осиё ва Месопотамия маданиятлари ўртасида умумий ўхшашликлар
кўп. Бу айниқса сопол буюмлар, тупроқдан ясалган биноларда намоён бўлади.
Маҳаллий анъанавий архитектурадаги гунбаз, қубба, арк каби ўз-ўзини ушлаб
турувчи иншоотларнинг кенг тарқалишига Ўрта Осиёда дарахтларнинг
камчиллиги сабаб бўлган. Арча, чинор дарахтлари қадимдан муқаддас деб
санаб келинган. Баъзан ҳар бир ғайри табиий кўринишга эга бўлган дарахтга
сажда қилиш ҳоллари учрайди.
Арча ва чинор дарахтлари жуда қадимдан муқаддас кучга эга объект
сифатида эъзозланган. Ана шу дарахтлар ислом даврида авлиёлар мазорига
айланган. Уларга қизлар ўз қалб сирларини айтиб, дарахт шохларига алам
боғлаб, армонларининг ушалишига умид қилганлар. Жанубий Туркманистон,
Ўзбекистон ва Тожикистонда чинор дарахти ғоят эъзозланади. Туркманлар
чинорнинг қуриган шохларини ўтин сифатида ёқиб, истифода этишга ҳам
қўрқадилар.
Туркманистондаги Феруза воҳаси узунлиги қирқ метр келадиган «Етти
ака-ука» чинори билан машҳур. Сайроб қишлоғидаги баҳайбат чинорнинг тўрт
метрли кавагида бир вақтлар ҳатто мадраса жойлашган. Тошкент яқинидаги
Буручмулла қишлоғида одатдан ташқари катта чинорни зиёратга
келувчиларнинг кети узилмайди.
Анор дарахтининг рамзи барака, ҳосилдорликни ифода этади. Қадимги
сопол буюмларда Анахита маъбудаси кўпинча анор меваси тимсолида
тасвирланган. VI-VIII асрларда яратилган Афросиёб нақшларида ана шу дарахт
тасвирлари кўплаб учрайди. Ўрта Осиёнинг жанубий қисмидаги айрим
қишлоқлар аҳли анор боланинг туғилишида кўмак беради деб ҳисоблайди.
Попопчи чевар аёллар анор дарахти тасвирини матога тўқиш жараёнида унинг
барака ва мўл ҳосил рамзи эканлигини ифода этмоқчи бўладилар. Тут
дарахтига келсак, унинг шойи ишлаб чиқаришда катта аҳамияти борлиги
сабабли уни муқаддаслаштириш Хитойдан бошланган.
Наъматакни қадрлаш кейинги йилларда Тожикистоннинг бир қанча
туманларида қайд қилинди: янги йил арафасида уй эгаси наъматакнинг бир
боғини шипга осиб қўяди. Бу орқали улар наъматак келаси йил дон
экинларидан мўл-кўл ҳосил олиш имконини беради, деб ишонадилар.
Исломгача бўлган даврда Хоразмда бефарзанд аёллар бола кўриш умидида
таналарини дарахт суви билан хўллашган. Шундай қилиб, жониворлар ва
ўсимликларга сажда қилишнинг илдизи минг йилликларга бориб тақалади.
Кўзаларнинг ҳайвонлар тимсоллари билан безакланиши Евросиёдаги
каби кенг тарқалган. Ҳайвонлар бошининг идиш устидан энгашиб турган
ҳолда тасвирланиши идишдаги маҳсулотни ёвуз кучлардан асраб туради, деб
ишонилган. Замонавий ўзбек халқ сўзанасида ва тожик миллий кийимларида
тасвирланган ранг-баранг, турфа ўсимликлар, қозоқ ва қирғиз гиламларида
учрайдиган кўплаб ҳайвонларнинг тимсоллари фикримизнинг ёрқин
далилидир.
26
ТАНГРИЧИЛИК
Биринчи Турк хоқонлигига (551-630 йиллар) асос солиниши билан Ўрта
Осиёда турк этносининг аҳамияти ўса борди. Қадимги турклар дини асосини
Тангрига (Само) ва Заминга (Ер-Сув) сиғиниш ташкил этади. Бунда Самога
сиғинишга асосий эътибор берилган. Тангрининг хоҳиши билан хоқонлар элни
идора қилган. Шунингдек, Тангри хоҳиши билан зафар қучганлар ёки мағлуб
бўлганлар.
Аҳамият жиҳатидан ундан кейинги ўринни маъбуда Умай – оила ва
болалар ҳимоячиси эгаллаган. Шунингдек, туркий тилларда сўзлашувчи
қабилаларнинг эътиқодлари ичида салмоқли ўринни муқаддас тоғлар ва
ғорларга зиёрат қилиш ташкил этади.Туркий асотирларга кўра, Она бўри
турклар аждодини ғорда туққан. Шу сабабли буюк хоқон бир йилда бир
маротаба тоғдаги ғорларга келиб, қурбонлик қилган. Туркий халқлар
тасаввурларида ер-сув, ўрмон ва тоғларни кўпдан-кўп арвоҳлар эгаллаб туради.
Вақти-вақти билан қурбонликлар келтириб, уларни тинчитиб туриш лозим
бўлган. Ривоятларга кўра, ер ости салтанати мавжуд бўлиб, ўлган кишининг
руҳи у ерга кўчиб ўтади ва уни ўлим худоси ва ер ости ҳукмдори Эрклиг
бошқаради. Кўпгина ёзма манбалар оловнинг муқаддаслиги, олов билан
покланиш тўғрисида, илоҳий кучга эга бўлган Йада тоши воситасида гўё ёмғир
ёғдира оладиган турк афсунгарлари ҳақида маълумотлар беради.
Маълум даврлардан бошлаб Ўрта Осиё аҳолиси орасида эски диний
тасаввурлар билан бир қаторда бошқа цивилизациялар доирасида шаклланган
буддизм, яҳудийлик, христианлик, манихеизм ва ислом диний тизимлари ҳам
тарқала бошлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |