Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг. Суд қандай қарор қабул қилиши керак? Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК тегишли моддалари ва бошқа қонун ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда жавобингизни асосланг.
7-казус 2018 йил 15 август куни фуқаро М.Раҳмонов фуқаролик паспортини янгисига алмаштириш мақсадида Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ички ишлар бошқармасининг хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилди.
М.Раҳмонов паспортни янгисига алмаштириш пайтида Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимидан паспортидаги миллат ҳақидаги ёзувни ўзгартиришни сўради. Аммо, унинг илтимоси рад этилди.
2018 йил 4 сентябрь куни бундан норози бўлган М.Раҳмонов Тошкент шаҳар Юнусобод тумани маъмурий судига мурожаат қилди. У аризада суддан Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ички ишлар бошқармасининг хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими зиммасига унинг паспортидаги миллат ҳақидаги ёзувга ўзгартиш мажбуриятини юклашни сўраган.
Аммо суд М.Раҳмонов аризага арз қилинган талабларга асос бўладиган ҳолатни илова қилмагани сабабли аризани қайтариш ҳақида ажрим чиқарди. Суд бунга асос қилиб арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатни аризага илова қилишнинг мажбурийлигини келтириб ўтди. Бундан норози бўлган фуқаро ажрим устидан юқори турувчи судга шикоят қилди.
М.Раҳмонов шикоятда арз қилинган талабларга асос бўлган ҳолатни аризага илова қилишга мажбур эмаслиги, бунинг сабаби маъмурий органнинг мансабдор шахслари ҳаракатлари қонунийлигини исботлаш мажбурияти тегишли орган зиммасига юклатилишини айтди.
Вазиятга ҳуқуқий баҳо беринг.Ўзбекистон Республикаси МСИЮтК тегишли моддалари ва бошқа қонун ҳужжатларидан фойдаланган ҳолда жавобингизни асосланг.
8-казус Тошкент шаҳар, Ш.кўчасидаги 54-уй фуқаро Д.Шукуровга тегишли бўлиб, у 2017 йил 15 апрелда вафот этган.
Унинг вафотидан кейин қолган юқорида кўрсатилган мол-мулкка нисбатан меросхўрлар топилмаганлиги сабабли, мазкур хонадон қаровсиз қолиб кетган.
2019 йилнинг август ойида шаҳар ҳокимлиги вакили иштирокида ўтказилган маҳалла фуқаролар йиғини мажлисида Д.Шукуровга тегишли бўлган уйнинг анча вақтдан буён қаровсиз ҳолда экани айтилди.
Бундан бохабар бўлган шаҳар ҳокими Д.Шукуровга тегишли бўлган уйни эгасиз мулк деб топиш ҳамда уни давлат ҳисобига ўтказиш ҳақида қарор қабул қилди. Тошкент шаҳар ҳокимининг қароридан норози бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси туман маъмурий судига ариза билан мурожаат қилди.
Туман маъмурий суди аризани ўрганиб чиқди ва иш маъмурий суднинг судловига тааллуқли эмас деб ҳисоблаб аризани қабул қилиб олишни рад этди.