Ведалар. Эрамиздан аввалги 2-минг йилликлар ўрталарида Ҳиндистонга Шимолдан ерлик аҳолидан тиллари ва ранглари фарқ қилган халқлар кириб кела бошладилар. Улар Европа тилларига ўхшаш бўлган санскрит тилида гаплашар эдилар, ўзларини эса орийлар (аслзодалар) деб атар эдилар. Улар ўзлари билан муқаддас ёзувларини ҳам олиб келдилар. Улар Ведалар (санскр. тилида - Башорат) эди. Унинг таркибига турли даврларда ёзилган бир неча китоблар кирган бўлиб, улар ибодат, маросимлар, фалсафий таълимотлар, тарихий ахборотларни ўз ичига олган эди. Ведаларнинг бошқа муқаддас (мас. Библия) ёзувлардан фарқли томони шунда эдики, улар ниҳоясига етказилмаган ва охири очиқ эди. Унга кейинги руҳонийлар томонидан ҳам қўшимчалар қўшиш имкони бор эди. Шунинг учун кейинчалик бу ёзувлар жуда ҳам кенгайиб кетди. Ведаларда 33 та, баъзи манбаларга кўра 333 ёки 3339 та афсонавий худолар ҳақида мадҳиялар битилган. Бу худоларнинг энг машҳурлари - Индра, Варуна, Митра, Дяус, Адита, Агню, Вишну, Кришна.
Брахманлик. Эрамиздан аввалги биринчи минг йилликларга келиб орийлар Ҳиндистонда ўзларининг князликларига эга бўлдилар. Ведаларнинг маросимлар ҳақидаги кўрсатмалари анча мураккаблашди. Шу даврга келиб аҳоли ўртасида брахманларнинг нуфузи ошиб кетди. Улар олдинги таълимотларни ислоҳ қилиб, янгича линий қонун-қоидаларни ишлаб чиқдилар ва брахманлик динига асос солдилар.
Брахманлик таълимоти касталар (ижт.табақалар)га асосланган, яъни жамиятдаги инсонлар ўзларининг келиб чиқишлари, мансаблари ва ҳунарларига кўра турли табақаларга бўлинадилар. Брахманликда энг юқори каста брахманлар. Улар худонинг тилидан яратилган бўлиб, худолар номидан гапириш ҳуқуқига эга эдилар. Иккинчи каста кшатрийлар. Улар худонинг қўлидан яратилган инсонлар ҳисобланиб, подшоҳлар, князлар, жангчилар шулар жумласига киради. Касталарнинг яна бири вайшлар. Улар худонинг сонидан яратилган инсонлар ҳисобланиб, савдогарлар ва ҳунармандлар шу кастага мансубдирлар. Касталарнинг энг қуйи табақаси шудралардир. Улар худонинг оёғидан яратилган ҳисобланиб, оддий халқ, деҳқонлар шулар жумласига мансуб.
Брахманликнинг кастачилик асослари эр. ав. V асрларда яшаган Ҳиндистоннинг ярим афсонавий ҳукмдори Ману қонунларида мустаҳкамланган.
Брахманликдаги руҳнинг кўчиб ўтиш таълимоти Ҳиндистоннинг деярли барча дин ва фалсафаларига таъсир этган.
Ҳиндуийлик. Эрамиздан аввалги VI асрда Ҳиндистонда кейинчалик жаҳон динларидан бирига айланган Буддавийлик вужудга келди. У брахманликдаги бир неча элементларни қабул қилган бўлса-да, каста таълимотини инкор этди. Ўша даврда Ҳиндистондаги каста тузумини сақлаб қолишга, брахманлик динини ислоҳ қилиб, қайта тиклашга ҳаракат бошланди. Бу ҳаракат брахманлик билан буддавийлик ўртасидаги курашни ифодаловчи ҳиндуийлик эди. Ҳиндуийлик кўпхудолик дини бўлиб, унда брахманликнинг асосан учта худоси тан олинади; 1) коинотнинг яратувчиси бўлган Брахма; 2) дунё низомини ушлаб турувчи Вишну; 3) коинотни ҳалок қилиш қудратига эга Шива.
Ҳиндуийлик таълимотига кўра олам, ҳаётнинг барча шаклини Брахма яратган. Бироқ Брахма бу динда уч худонинг номигагина бошлиғи. Ҳозир Брахмага сиғиниш деярли йўқ. Ҳиндуийлар асосан Вишну ва Шивага сиғинадилар, уларга атаб қурбонликлар келтирадилар.
Ҳиндуийликда жаннат ва дўзах ҳақидаги тушунчалар ҳам мавжуд. Улар марҳумларни Ганг дарёси соҳилларида куйдириб, кулини сувга оқизадилар.
Бу дин асосан Ҳиндистонда тарқалган бўлиб, мамлакат аҳолисининг 83% шу динга эътиқод қилади. Ҳиндуийликнинг уни қабул қилмоқчи бўлганларга қўядиган биринчи ва асосий шарти Ҳиндистондаги каста тузумини қабул қилишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |