К И Р И Ш
Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгандан кейин тарихан қисқа вақт ичида иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий соҳаларда жуда катта ютуқлар қўлга киритилди. Бу ютуқлар Республикамиз Президенти И.А.Каримов томонидан ишлаб чиқилган демократик жамият қуришни ўзида ифода эттирувчи бозор муносабатларига асосланган концепциянинг ҳаётийлиги билан боғлиқдир. Бугунги кунда бу концепциянинг тўғрилигини жаҳондаги йирик сиёсий арбоблар томонидан эътироф этилиши Ўзбекистоннинг обрў-эътиборини оширмоқда.
Тоталитаризмдан демократик жамиятга ўтишнинг бу «ўзбек модели»нинг ўзига хос томонларидан бири – мавжуд муаммолар ва ўтиш даврида пайдо бўладиган янги муаммоларни ҳал этишда аждодларимиз қолдирган улкан маънавий меъросга, динимизга, халқимизнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари, қадриятларига таяниш ва улардан кенг фойдаланишга асослангандир.
“Маънавият ҳақида гап кетар экан, мен аввало, инсонни руҳий покланиш ва юксалишга даъват этадиган, инсон ички оламини бойитадиган, унинг иймон-иродасини, эътиқодини мустаҳкамлайдиган, виждонини уйғотадиган қудратли ботиний кучини тасаввур қиламан»1, – деб таъкидлайди Президентимиз И.А.Каримов. Ҳақиқатан ҳам маънавият қанчалик юксак бўлса, инсон қалбида жоҳиллик, ёвузлик, худбинлик, ялқовлик каби салбий иллатларга ўрин қолмайди, унинг ўрнида ёшларимиз онгида ватанпарварлик, яратувчанлик туйғулари юксак даражага кўтарилади, ўзаро муносабатларда самимийлик, бирдамлик, меҳр-оқибат, эътиқод, иймон, масъулият ва бошқа бир қатор ижобий фазилатлар халқимиз турмуш тарзининг ажралмас бойлиги даражасида яна ҳам мустаҳкам ўрин олиб бораверади.
Ана шу ўта муҳим вазифаларни ҳал қилишимиз учун миллий ғояни чинакам моддий кучга айлантириш стратегик аҳамиятга эгадир. Бу ўз навбатида биз қўлга киритган истиқлолнинг маъно ва мазмуни, миллий ўзлигимизни тўла англашимизга, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларимизни мустаҳкамлашимизга, Ватан ва миллат истиқболи учун ҳар биримизнинг масъуллигимизни тушуниб етишимизга ўзининг катта таъсирини кўрсатади.
Шу маънода ҳам маънавиятни, ҳам динимизни талаба-ёшларимизга ўргатишга эҳтиёж ўсиб бормоқда ва бу борасида жуда катта вазифалар олдимизда турибди.
Ушбу “Маънавият асослари ва диншунослик” фани талабаларга ўқитишдан мақсад жамият ва инсон маънавий камолоти, жамиятнинг инсон маънавий юксалишига таъсири ва айни вақтда инсон маънавий юксаклигининг жамият тараққиётига ижобий таъсирини ўрганиш, маънавий баркамол инсоннинг асосий ҳислатларини, Марказий Осиё халқлари маънавияти ва маърифатини ўрганиш ташкил этишини, диннинг келиб чиқиши, эволюцияси, ҳозирги даврдаги ҳолати, инсоният ҳаётида тутган ўрни ҳақида умумий илмий тушунчалар беришдан иборат.
Ҳозирги фан ва техника тараққиёти шароитида “Маънавият асослари вадиншунослик” фанини фақат сўз ёрдамида ўқитиш яхши самара бермайди. Шунинг учун дастурнинг мазмунидан келиб чиқиб техник воситалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Масалан, аудио, видео, киноаппаратура ва компьютерлардан фойдаланиб олий ўқув юртларида қадимги Марказий Осиё халқлари маънавиятининг шаклланиш жараёнлари, Ислом динида маънавият, мустамлака ва тоталитар тузум даврида ўзбек халқи маънавиятининг аҳволи, муайян динларнинг келиб чиқиши тарихи, диний йўналишлар, мазҳаблар ҳақида ҳикоя қилувчи ўқув фильмлари, слайдларни намойиш этиш, CD компактдисклар, харита, схема, фотография ва бошқалардан фойдаланиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |