Китоб ва китобхонлик – инсон маънавияти кўзгуси
Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек,
“Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.
Халқимиз тилида ҳам китоб ўқиб билим ва муносиб таълим-тарбия олиш, илм-фан билан шуғулланиш, касб-ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир мақоллар жуда кўп. Жумладан, “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Бахт белгиси – билим”, “Билим – ақл чироғи”, “Гўзаллик – илму маърифатда”, “Илм бахт келтирар, билим тахт келтирар”, “Ҳунар – оқар булоқ, илм – ёнар чироқ”, “Олтин олма, билим ол, билим олсанг, билиб ол”. Бундай пурҳикмат нақлларни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Инсон камол топиб, жамиятга фойдаси тегадиган шахс бўлиб етишиши бир қатор омилларга бевосита боғлиқ ҳисобланади. Масалан, унинг насл-насаби, дунёга келган оиласидаги муҳит, ўқиш-ёзишни ўрганган даргоҳида таълим-тарбияга бўлган муносабат, дўст-у биродарларининг фазилатлари, ҳамкасблари билан алоқалари ва ҳоказо. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин. Аммо инсонга китоб деб аталмиш бир буюк неъмат инъом этилганки, унинг аҳамиятини бошқа бирор нарса билан қиёслаб бўлмайди.
Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Инсонни ўқимишли, зиёли эканлигини унинг бир оғиз сўзидан ҳам билиб олиш мумкин. Китоб мутолааси дунёқарашни кенгайтиради. Яхши китоб ўқиган сари кишида ҳаётга ўзгача бир назар билан қараш бошланади. Энг муҳими, неча минг йиллардан буён сайқалланиб, не-не авлодларга йўлчи юлдуздек тўғри йўлни кўрсатиб келаётган ана шу халқона ҳикматлар негизидаги асл ҳақиқат шуки, инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли ва давлатли бўлишининг муҳим омили – бу китобга дўст бўлиш, ҳамиша китоб ўқиш ва китоб мутолаасини умр бўйи канда қилмасликдир. Айниқса, ёшларнинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди.
Бу ҳақда сўз борганда, Истиқлол бизга китобхон халқ деган азалий юксак мавқеимизни нафақат қайтариб бергани, айни чоғда, бу борадаги интеллектуал салоҳиятимиз ва имкониятларимизни тубдан оширишнинг асосий омили ҳам бўлганини таъкидлаш лозим. Бинобарин, мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, миллий адабиётимиз ва санъатимизни янада ривожлантириш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ижодкорларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Ўтган даврда матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. Хусусан, бу борада 10 дан ортиқ қонун ва 30 дан ортиқ қонуности ҳужжати қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январда имзоланган “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ана шу эзгу ишларни янги, янада юксак босқичга кўтаришга қаратилганлиги билан ғоятда аҳамиятлидир.
Фармойишда қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ишлаб турибди. Истиқлол даври архитектурасининг ноёб иншооти – пойтахтимиздаги муҳташам “Маърифат маркази”да жойлашган Миллий кутубхона фондида қарийб 8 миллионта китоб ва бошқа манбалар, жумладан 450 мингтадан ортиқ китобнинг электрон версиялари, электрон дарслик ва қўлланмалар мавжуд. Электрон кутубхонанинг маълумотлар базаси ўзбек, рус ва инглиз тилларида яратилган. Шунингдек, 14 та вилоят ахборот-кутубхона маркази, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида 200 га яқин ахборот-ресурс маркази томонидан аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган.
Мамлакатимизда “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида ҳар йили республика “Китоб байрами” тадбирларини ўтказиш яхши анъанага айланган. Айтиш жоизки, у шбу маънавий-маърифий тадбир давлатимиз томонидан адабиётни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва эришилаётган натижаларни кенг жамоатчиликка етказиш, халқимиз, жумладан, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, ижодкорлар ва китобхонлар ўртасидаги мулоқотни яхшилаш, китобга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплашда ўз самараларини бермоқда.
Глобаллашув даврида ахборот-коммуникация технологиялари ҳаётимизга шунчалик сингиб кетдики, нафақат кундалик фаолиятимиз, балки ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини ҳам уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ахборот технологияларининг бу қадар жадал тараққий этиши китобхонликка ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Бугун жаҳондаги кўпгина босма нашрларнинг адади камайиб, уларнинг онлайн версияси кўпроқ ўқилмоқда. Дунёнинг энг бой кутубхоналарида сақланаётган босма манбаларнинг аксарияти электронлаштириб бўлинди. Бу жараёнлар мамлакатимиздаги кутубхонларда ҳам изчил кечмоқда.
Айни чоғда, электрон китоб қурилмалари ишлаб чиқариш кун сайин ўсиши натижасида маҳсулот нархи арзонлашиб, улардан фойдаланиш имкониятлари эса кенгайиб бормоқда. Авваллари бундай қурилмаларда махсус форматдаги китобларнигина ўқиш мумкин эди, эндиликда уларда сурат ва видео томоша қилиш, аудиоматериаллар эшитиш функцияси ҳам мавжуд.
Замонавий электрон қурилмалар ҳатто дангасароқ ўқувчилар учун китоб матнини ўзи ўқиб беради. Шу тариқа нархи арзон, фойдаланиш учун қулай, кам жой банд этадиган ва безиён виртуал китобларнинг тобора оммалашиб бораётгани, ўз-ўзидан, “Қоғозда чоп этилган китобларнинг келажаги борми?” деган ҳақли саволни келтириб чиқараётгани ҳам сир эмас.
Шу ўринда истиқлол арафасида ва мустақиллигимизнинг дастлабки даврида айрим юртдошларимизда китобга, китобхонликка қизиқиш бир қадар сусайган вақтлар бўлганини эслайлик. Ҳозирги пайтда юртимизда китобхонлик, китобсеварлик фазилати яна юксалиб бормоқда. “Китоб жавони – ҳақиқий зиёлининг энг ардоқли давлати”, деган анъана қайтадан урф бўлмоқда.
Айтмоқчимизки, Интернет ва бошқа воситалар жадал ривожланаётганига қарамай, инсоннинг онг ва тафаккурини чархлаш, маънавий оламини бойитиш, эзгуликни тарғиб этишда босма китобнинг ўрни бундан кейин ҳам сақланиб қолаверади. Бинобарин, китоб асрлар давомида ахборот сақловчи энг самарали восита вазифасини бажарган. Қолаверса, м инг йил олдин Самарқанд қоғозида битилган қўлёзмалар ҳозир ҳам инсониятга маърифат нурини сочмоқда.
Зеро, китоб — қалб чироғи, тафаккур қаноти. Айниқса, босма китобдан таралаётган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўъжизавий саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда, китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақида тенгдошлар билан фикрлашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачадир.
Соҳибқирон Амир Темур таъбири билан айтганда, «Китоб (битиг) барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни яратувчи мураббийдир». Шу маънода, шаклидан қатъи назар, барча китоблар миллий ўзлигимиз ҳамда умуминсоний қадриятларни тарғиб этишга хизмат қилиши айни муддао.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, бугунги мураккаб ва таҳликали замонда ёзувчининг башариятни эртанги кунини ўйлаб, одамларни эзгуликка, инсоф-диёнат, меҳр-оқибат ва бағрикенгликка даъват этишга қаратилган ҳароратли сўзи ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, Фармойишда ноширлар ва адибларни молиявий рағбатлантириш, болалар адабиётига ихтисослашган нашриётларга молиявий имтиёзлар бериш ва моддий қўллаб-қувватлаш тизимини шакллантириш назарда тутилгани ҳам жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Ўз навбатида, эл-юртимизга азалий хос бўлган одамийлик, инсонни қадрлаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик каби олийжаноб қадриятлар, инсонпарварлик, халқпарварлик ва ватанпарварлик каби юксак тамойиллар замондошларимиз қўлига етиб бораётган китобларнинг аҳамияти ҳамда қадрини йўқотмайдиган бош мавзулари бўлиб қолаверишига ишончимиз комил.
Китоб – умр йўлларини ёритувчи сўнмас нур, инсон ҳаётига мазмун бахш этувчи саодат манбаи, унга ҳар қандай вазиятда ҳам ҳамроҳ бўлувчи содиқ дўст. Инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китоб сингари кучли қудратга эга восита йўқ. Шу боис азал-азалдан маърифат пешволари, аҳли донишлар бутун инсониятни китоб ўқишга, ундан илму одоб сирларини ўрганишга чорлаб келишган.
Дарҳақиқат, китоб инсонни ердан кўкка кўтарувчи, унинг маънавий қувватини оширувчи буюк кучдир. У инсониятнинг тарихий хотираси, маънавий-маърифий олами, илмий заминини мустаҳкамловчи, келажакни ёрқин кўрсатиб боришга қодир машъала ҳисобланади.
Ахлоқ-одоб борасида буюк асарлар яратган Муҳаммад Жабалрудий китоб ҳақида шундай дейди: «Эй, азиз! Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқдир. Китоб фасоҳат, балоғатда, латофатда тенги йўқ, мунофиқликдан холи ҳамроҳдир. Ёлғизликда ва ғамли айёмларда мунис улфатдир. Унда на нифоқ бору, на гина. У шундай ҳамдамки, сўзларида ёлғон ва хато бўлмайди. Суҳбатидан эса кишига малоллик етмайди. У ўз дўстининг дилини оғритмайди. Юрагини эса сиқмайди. У шундай рафиқдирки, киши орқасидан ғийбат қилиб юрмайди. Унинг суҳбатидан сенга шундай файзли фойдалар етадики, бундай фойдани одамлардан топа олмайсан. Аксинча, аксар одамлар суҳбатидан кишига зарар етади. Китобдек дўст ичида барча илму ҳилм мужассамдирки, у кишиларни ўтмишдан ва келажакдан огоҳ қилиб туради. Шунинг учун ҳам «китоб ақл қалъасидир».
Республикада китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида 2017-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматнинг 5 та қарори қабул қилинди, китобхонлик маданиятини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан 2019 йил 19 март куни ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган бешта муҳим ташаббус илгари сурилди. Ушбу бешта ташаббуснинг тўртинчиси, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Мамлакатда 11 092 та кутубхона ва ахборот ресурс марказлари мавжуд, шундан, 9 911 таси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим мактабларида, 981 та олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида, 14 таси ҳудудларда, 186 таси туман (шаҳар)ларда фаолият кўрсатади.
2018-2019 йилларда нашриётларда дарсликлардан ташқари 1 587 номда 21 640 мингдан ортиқ нусхада китоб чоп этилган.
2017-2019 йилларда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан нашриётларга 16 018 та (2017 йилда 4911 та, 2018 йилда 5334 та, 2019 йилда 5773 та) ISBN (International Standard Book number) китобнинг халқаро стандарт тартиб рақами тақдим этилган.
Бугун жамиятимизда китобхонликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор берилиб, кўплаб самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг
2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши, 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ва
2018 йил 12 майдаги «Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорлари асосида мамлакатимизда китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган бир қатор ташкилий-амалий чора-тадбирлар амалга оширилиши жамиятда китобга бўлган муносабатнинг ижобий томонга ўзгаришига замин яратди.
Ўзбекистон "Миллий тикланишдан - миллий юксалиш сари" тамойили асосида тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Янги давр шиддати жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналарни қарор топтиришга, хусусан, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришда, она Ватани ва халқига муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ёшларда китоб ўқиш кўникмаси шаклланса, камолоти йўлида қолган барча амалларни китобнинг ўзи ўргатади.
Узбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги 781 сонли 2020-2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури китобхонлик соҳасидаги миллий ва илғор хорижий тажриба таҳлили асосида Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш, китоб маҳсулотини яратиш, чоп этиш, етказиб бериш, китобхонликни оммалаштириш, илмий-методик таъминлаш, кадрлар тайёрлаш, китобхонлик инфратузилмасини бошқариш билан боғлиқ масалалар қамраб олинган.
Дастурнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши, аҳоли, айниқса ўсиб келаётган ёш авлоднинг таълим-тарбияси, дунё қараши, китобхонлик маданияти шаклланишида катта аҳамият касб этиб, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим омили сифатида хизмат қилади.
Дастурнинг мақсади - китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ижодкорлар, ноширлар ва китоб тарқатувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини изчил ва самарали ташкил этиш орқали фаол китобхонлар сафини кенгайтириш, аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишдан иборат.
Хусусан, ички ишлар органларида китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасидаги амалга оширилаётган ислохотлар мамлакатимизда ички ишлар органларининг ҳар бир ходими томонидан «Халқ манфаатларига хизмат қилиш»ни муқаддас бурч деб биладиган ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ўтказилаётган бир даврда ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этган тизим ходимларининг касбий малакасини, ҳуқуқий билимларини ошириш, уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш, ходимлар билан маънавий-тарбиявий ишларни янада кучайтириш каби вазифаларни бажаришда китоб энг яқин кўмакчи бўлиши шубҳасиз. Бугун шиддат ила ривожланаётган замон билан ҳамнафас бўламан, деган ҳар бир давлат хизматчиси, жумладан, ички ишлар органлари ходимлари ҳам доимо ўз устида ишлаши, билим ва кўникмаларини тинимсиз ошириши зарур. Бунинг учун эса кун тартибида китоб мутолаасига ҳам вақт ажратиши, кундалик даврий нашрларни, интернет тармоғидаги янгиликларни кузатиб бориши лозим. Зеро, ички ишлар органлари ходимлари доим халқимизнинг кўз ўнгида, аҳоли орасида хизмат олиб боради, табиийки, ҳар куни ўзига турли масалаларда мурожаат қилган фуқароларга қонуний ва асосли жавоб беришига тўғри келади.
Ўзингиз ўйланг, китоб ўқимаган, дунёқараши тор, нотиқлик маҳорати бўлмаган ходим юқорида таъкидланган вазифаларни сифатли бажара оладими? Бирор-бир муаммо юзасидан ёрдам сўраб келган фуқарога қонуний йўл-йўриқ кўрсата оладими? Албатта, йўқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугун ҳар бир ички ишлар органи ходими жамиятда ҳуқуқий маданият тарғиботчисига айланиши, бунинг биринчи шарти сифатида, аввало, ўзи китобга ошно бўлиши лозим.
«Китоб тафаккур қанотидир», деган эди аллома адибимиз Ойбек. Китоб ўқиган инсон, қайси соҳада ишламасин, тўғри фикрлаш, оқу қорани ажратиш, мураккаб вазиятларда оқилона қарор қабул қилиш кўникмасига эга бўлади. Бундан ташқари, нутқи равон бўлади, одамларни ўз ортидан эргаштира олади. Булар эса ички ишлар органлари ходимлари учун энг керакли сифатлар ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, юксак интеллектуал салоҳиятга, ўз мустақил дунёқарашига эга, ташаббускор, жисмонан соғлом ва маънан етук бўлган ҳақиқий ватанпарвар ходимларгина бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳал қилувчи кучи, халқимизнинг ҳақиқий маънодаги ҳимоячиси ҳисобланади. Ички ишлар органлари ходимларида юқоридаги ижобий сифатларнинг шаклланишида эса уларнинг китобга ошно бўлиши, нафақат ўз касбий фаолиятига оид, балки турли жанрдаги китобларни ўқиб, ўз билими ва дунёқарашини кенгайтириб бориши муҳим аҳамият касб этади.
Эьтиборингиз учун рахмат!
Do'stlaringiz bilan baham: |