Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3955-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги Президентимизнинг 2019 йил 8 майдаги қарорлари ҳам мактабгача тарбия тизимини такомиллаштириш ва оилада бола тарбиясини такомиллаштириш бўйича муҳим меъёрий ҳужжат бўлиб ҳисобланади.
Мавзунинг долзарблиги. Болалар дунёқарашини шакллантиришда турли омиллар турлича таъсир этади. Бу омиллар ичида оила энг асосийси ҳисобланади. Зеро, болада тасаввур, тушунчаларнинг шаклланиш жараёни айнан оилада бошланади ва бу давр дунёқарашни шаклланишнинг мазмунини ҳажм жиҳатидан энг салмоқли босқичдир. Шунинг учун ҳам тушунча ва тасаввурларни шакллантиришда мактабгача ёшидаги даври асосий давр ҳисобланади. Дунёдаги машҳур, комил кишилар (Форобий, Ибн Сино, Амир Темур, Жомий, Навоий, Бобур) айнан маданият ва санъат соҳасида ҳам ўзига хос салоҳиятга эга бўлганлар. Бизнинг тарихий ўтмишимизда бунга ибратли мисоллар кўп. Шунинг учун ҳам болаларда оиладан бошлаб дастлабки тасаввур ва тушунчаларни шакллантириш, унда ибратли намуналардан ҳам оқилона фойдаланиш бўлажак маънавиятли, маданиятли, интеллектуал салоҳияти юқори инсонни тарбиялашнинг дастлабки, айни пайтда энг муҳим жабҳасидир.
«Оила жамият тизимлари асосида яшасада, оилавий муносабатлар нисбатан мустақил ҳодисадир».
Шунинг учун ҳам оила, оилада фарзандлар таълим-тарбияси барча замонларда муҳим масалалардан саналиб келинган.
Оила ва оилавий муносабатлар, уларнинг жамиятнинг, оиланинг тамаддуди (цивилизацияси) даги ўрни ҳақида тарихий манбалар мавжуд. Қуръони Карим, Ҳадису шарифлар, шунингдек «Авесто» каби муқаддас манбаларда бу ҳақда ибратли ҳикматлар мавжуд. Айниқса, Шарқ мутафаккирлари бу масалаларга алоҳида эътибор билан қараганлар.Абу Наср Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри», Абу Райҳон Берунийнинг «Минералогия», «Геодезия», «Ҳиндистон», «Ўтган авлодлар обидалари», Абу Али ибн Синонинг «Ахлоқ», «Ахлоқ фани», «Оила хўжалиги», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя», Алишер Навоийнинг «Ҳайрат-ул Аброр» ва «Маҳбуб-ул қулуб», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома», Кайковуснинг «Қобуснома», Абдурауф Фитратнинг «Оила», Ризоуддин ибн Фаҳруддининг «Оила» асарларини бу эътибор ва эътироф йўлидаги саъйи-ҳаракатлари натижаси сифатида қараш мумкин.
«Оиладаги ўзаро муносабатлар маданият малакаси тасаввуф фалсафасида ҳам алоҳида ўрин тутади. Бу фалсафанинг йирик вакиллари бўлган Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Нажмиддин Кубро тариқатларида ота ва оналар ўзаро муносабатларининг фарзандлар камолатидаги роли алоҳида таъкидлаб ўтилганлигини кўрамиз». Шунингдек, оила тарбиясига оид қимматли фикрлар улуғ мутафаккирлар имом ал-Бухорий, ат-Термизийларнинг асарларида ҳам зикр этилган.
Ўзбекистонда ижтимоий фанлар, педагогик ва психологияда оила ва болаларни оилада тарбиялаш масалалари ҳам мамлакатимиз олимларининг доимий диққат марказида бўлган.
Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг келажагини қурадиган, ҳар томонлама етук, баркамол шахсни тарбиялаш жараёнида мактабгача тарбия муассалари ҳамда оилалар ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир.
Do'stlaringiz bilan baham: |