Умумтаълим муассасаларининг молиявий-хўжалик фаолиятини ташкил этиш Ташкилий масалалар Таълим муассасалари харажатлари учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳажмини ҳисоблаб чиқишда таълим муассасасининг шакли, вазифалари ва ўзига хос хусусиятлари муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, қуйида умумтаълим муассасалари ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан, умумтаълим муассасаларига умумтаълим мактаблари ҳамда барча тип ва номдаги мактаб-интернатлар киради.
Мактаблар: Умумтаълим мактаблари;
Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаблар;
Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаблар.
Мактаб-интернатлар: Умумтаълим мактаб-интернатлар;
Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар;
Санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар.
Умумий типдаги мактаблар фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 1995 йил 21 ноябрдаги 440-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасининг умумтаълим мактаби тўғрисида Низом” билан тартибга солинган.
Умумтаълим муассасалари ўқувчилар сонига қараб гуруҳларга бўлинади:
I гуруҳ-1601 нафар ва ундан ортиқ ўқувчи;
II гуруҳ-881-1600 нафар ўқувчи;
III гуруҳ-401-880 нафар ўқувчи;
IV гуруҳ-400 нафаргача ўқувчи.
Умумий таълим мактаби ўқитиш жараёнини ўқувчиларни ривожлантириш умумтаълим дастурларининг уч босқичи даражасига мувофиқ амалга оширади:
I босқич - бошланғич таълим (4 йил);
II босқич - таянч таълим (5 йил);
III босқич - ўрта таълим (2-3 йил).
Малакали ўқитувчилар ва етарли хоналарга эга бўлган барча турдаги умумий таълим мактабларида қуйидаги фанлардан машғулотлар ўтказиш учун синфларни икки гуруҳга бўлиб ўқитишга рухсат этилади:
V-IX синфлардаги ўқувчилар сони 25 ва ундан зиёд бўлган шаҳар мактабларида, ўқувчилар сони 20 ва ундан зиёд бўлган қишлоқ мактабларида ҳамда X-XI (XII) синфлардаги ўқувчилар сони 20 ва ундан зиёд бўлган шаҳар ва қишлоқ мактабларида меҳнат бўйича машғулотларда;
тармоқ таълими дарсларида ҳам (VIII-IX синфларда 1 соат, X-XI (XII) синфларда 2 соат) фақат меҳнат бўйича амалий машғулотларда бўлиб ўқитиш амалга оширилади;
I-IX синфлардаги ўқувчилар сони 25 ва ундан зиёд бўлган таълим рус тилида олиб борилмайдиган мактабларда рус тили ва адабиёти дарсларида, таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган мактабларда ўзбек тили ва адабиёти, чет тили, информатика ва ҳисоблаш техникаси ва махсус фанлар;
ихтисос бўйича айрим фанлар чуқур ўргатиладиган синф ва мактабларда эса ўз низомларига кўра бўлиниш амалга оширилади.
Умумий таълим мактабларида ўқув йили 2 сентябрдан бошланади. Ўқув йили тўрт чоракка (семестрга) бўлинади, унинг бошланиши ва охири ўқув режаси билан белгиланади. Ўқув йили амалий машғулотларни ҳисобга олмаганда 33 ҳафта, 1-синфларда эса 30 ҳафта давом этади.
Умумтаълим мактабларида ўқув жараёни “Умумий таълимнинг Давлат таълим стандартлари” асосида амалга оширилади.
Унга кўра, 1-9 синфларда бир ўқувчи (бир синф) учун ҳафтасига 22,5 соатдан 37 соатгача дарс ўтилади.