Bog'liq Makroiqtisdoiy barqarorlikni ta'minlashda byudjet soliq siyosati
3.2. Молиявий барқарорликни таъминлашда маҳаллий бюджетларнинг ўрнини ошириш Бугунги кунда кўплаб ривожланган ва жаҳон иқтисодиётида етакчи ўрин тутадиган мамлакатлар тажрибаси шуни сўзсиз исботлаб бермоқдаки, рақобатдошликка эришиш ва дунё бозорларига чиқиш, биринчи навбатда, иқтисодиётни изчил ислоҳ этиш, таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, юқори технологияларга асосланган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқларининг жадал ривожланишини таъминлаш, фаолият кўрсатаётган қувватларни модернизация қилиш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштириш ҳисобидан амалга оширилиши мумкин. Демак, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш давлат ва маҳаллий бюджет даромадларини шакллантириш ҳамда уларни самарали бошқариш жараёнларига ҳам бевосита боғлиқдир.
Давлат бюджетининг пул маблағларини бошқариш, бюджетдан маблағ олувчиларнинг харажатларини ўз вақтида амалга ошириш мақсадида ҳудудий (республика) ғазна ҳисобварақларидаги пул маблағларини бошқариш ҳисобланади.
Ҳудудий (республика) ғазна ҳисобварақлари (ҲҒҲ, РҒҲ) мазкур бюджетлар учун очилган, Ғазначилик ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан бошқариладиган махсус банк ҳисобварақларидир. Кассали режалаштириш, тушумларнинг ҳажми ва манбалари, шунингдек, тўловларнинг йўналиши ва мақсадлари бўйича республика ва маҳаллий бюджетлар касса режаларини тузиш йўли билан амалга ошириладиган ҳудудий (республика) ғазна ҳисобварақлари орқали ўтадиган пул маблағларининг айланмасини режалаштирилиши ва бошқарилишидир.
Харажатлар тўлови рухсатномаси (тайинлаш сертификати), харажатлар тўлови рухсатномасида (ХТР) кўрсатилган вақт давридан бошлаб, унинг доирасида бюджетдан маблағ олувчи юридик мажбуриятни қабул қилиши мумкин бўлган ғазначилик бўлинмаси томонидан бюджетдан маблағ олувчига бериладиган бюджетдан ажратилган маблағлар суммасини акс эттирадиган ҳужжат. Ажратилган ХТР суммаси молия йилининг охиригача ҳақиқий ҳисобланади.
Ғазначилик бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги амалиёт бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги методология, молиявий ресурсларни ва ҳисобларни бошқариш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича Ғазначилик бошқармалари ҳамда туманлар (шаҳарлар) Ғазначилик бўлимларидир.
Давлат ва маҳаллий бюджет даромадлари ва харажатлари пул оқимини режалаштириш мақсадида кассали режалаштириш йиллик ва жорий (оператив)га фарқланади.
Республика ва маҳаллий бюджетларнинг йиллик кассали режалаштирилиши тегишли бюджетларнинг ойлик даромадлар ва харажатлар ёйилмасига асосан амалга оширилади. Республика ва маҳаллий бюджетларнинг тасдиқланган даромад ва харажатлар ёйилмаси асосида Давлат бюджетининг даромад ва харажатлари ёйилмаси тузилади ва тасдиқланади (ойлар кесимидаги даромадлар ва харажатлар ёйилмасини тақдим этишни назарда тутувчи қоида тегишли бюджетнинг даромадлари ва харажатлари ғазначилик ижроси билан тўлиқ қамраб олинганидан сўнг кучга киритилади).
Республика ва маҳаллий бюджетларнинг жорий кассали режалаштирилиши тегишли молия йили учун маълум муддатга (ой, ойнинг биринчи ва иккинчи ярми), мос равишда, Ғазначилик ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан бюджетларнинг тегишли йиллик касса режалари, шунингдек, республика ва маҳаллий бюджетларнинг ойлик даромад прогнозига асосан амалга оширилади. Давлат бюджети бўйича жорий кассали режалаштирилиш республика ва маҳаллий бюджетларнинг жорий кассали режалаштирилиши натижаси бўйича амалга оширилади.
Давлат ва маҳаллий бюджет даромадларнинг прогнози:
республика бюджети бўйича - ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланган республика бюджетининг чорак ҳажми доирасида, унда мавжуд маълумот (ахборот)лар асосида ҳамда туман (шаҳар) Ғазначилик бўлинмалари орқали олинган жойлардаги тегишли давлат солиқ хизмати органларидан олинган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан тақдим қилинган, кутилаётган даромадлар тушуми тўғрисидаги тезкор маълумотларга асосан;
туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари бўйича - ҳудудий молия органлари томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланган тегишли бюджетларнинг чорак ҳажмлари доирасида ойда икки марта Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигининг туман (шаҳар) бўлинмалари билан биргаликда, уларда мавжуд маълумот (ахборот)лар асосида ҳамда жойлардаги тегишли давлат солиқ хизмат органлари томонидан тақдим қилинган кутилаётган даромадлар тушуми тўғрисидаги тезкор маълумотларга асосан тузилади.
Давлат ва маҳаллий бюджети даромадлари ва харажатлари ўртасидаги касса узилишларини бартараф этиш мақсадида ХТР фақат тегишли даврда ҲҒҲ (РҒҲ)га тушиши кутилаётган суммалар доирасида берилади. Ўз вақтида тушмаган даромадлар натижасида вужудга келган вақтинчалик касса узилишлари ҳолатида Ғазначилик бўлинмалари «Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, маҳаллий бюджетларга бюджет ссудаларини бериш ва олинган бюджет ссудаларини қайтариш тартиби тўғрисида»ги Низомга кўра тегишли бюджетлар учун режадан ташқари бюджет ссудаларини жалб қилиш ташаббуси билан чиқиши мумкин. Бунинг учун Ғазначилик бўлинмалари тегишли молия органларига асос бўлувчи керакли ҳисоб-китобларни илова қилган ҳолда бюджет ссудасига бўлган талаб тўғрисидаги хатни юборади.
Тегишли ҳудудларда шаклланган даромадлар суммасини Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан тегишли бюджетларга ўтказиб берилиши Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан, Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан қуйи бюджетларга эса, тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ва вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар молия бошқармалари томонидан амалга оширилади.
Шу ўринда 2017 йилги маҳаллий бюджет даромадлари, харажатлари ва субвенцияларнинг прогноз кўрсаткичларига тўхталиб ўтсак.