ҚИСҚА МУДДАТЛИ КРЕДИТЛАР ВА ҚАРЗЛАР ҲИСОБИ 6810 "Қисқа муддатли банк кредитлари" счётида корхона томонидан банклардан олинган турли хил қисқа муддатли кредитлар ҳисобга олинади.
Кредит тижорат банкида олинади ва кредит шартномаси билан расмийлаштирилади. Кредит шартномасининг қарз шартномасидан фарқ қиладиган кўп хусусиятлари мавжуд.
Кредит шартномасининг ўзига хос хусусиятлари қуйидагилар:
- мазкур шартнома бўйича кредитор сифатида хар доим банк ёки тегишли лицензияга эга бўлган бошқа кредит ташкилоти иштирок этади;
- шартнома албатта ёзма равишда тузилади, аксинча у ҳақиқий ҳисобланмайди;
- шартнома предмети бўлиб фақат пул маблағлари ҳисобланади;
- шартнома томонлар тегишли битимга келган пайтдан бошлаб кучга киради, яъни қарздорга ҳақиқатда пул берилган пайтга қадар;
- кредит сиёсатига мувофиқ банк томонидан белгиланадиган бошқа қоидалар.
Кредитдан фойдаланганлик учун тўлов фоизларда белгиланади ва уларни тўлаш муддати кўрсатилади.
Кредитлар (қарзлар) бўйича фоизлар, шу жумладан кредит шартномасида кўзда тутилган ставкалар дорасида муддати ўтиб кетган ва кечиктирилган кредитлар (қарзлар) бўйича фоизлар молиявий фаолият бўйича харажатлар таркибига киритилади. Инвестицияга олинган, инвестиция даврида капитал қўйилмалар таркибига киритиладиган банк кредитлари бўйича фоизлар бундан мустасно.
Тезкор қарздорлик учун кредит шартномасида кўзда тутилган ставкалардан юқори бўлган муддати ўтиб кетган ва кечиктирилган кредитлар (қарзлар) бўйича фоизлар Солиқ кодекси 147-моддасининг 19-бандига мувофиқ фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлашда чегирилмайдиган харажатларга олиб борилади.
ТУРЛИ КРЕДИТОРЛАРГА БЎЛГАН ҚАРЗДОРЛИК ҲИСОБИ Турли кредиторларга бўлган қарздорлик ва бошқа ҳисобланган мажбуриятларни корхона қуйидаги счётларга акс эттиради:
6910 "Тўланадиган оператив ижара"
6920 "Ҳисобланган фоизлар"
6930 "Роялти бўйича қарз"
6940 "Кафолатлар бўйича қарз"
6950 "Узоқ муддатли мажбуриятлар - жорий қисми"
6960 "Даъволар бўйича тўланадиган счётлар"
6970 "Ҳисобдор шахсларга бўлган қарз"
6990 "Бошқа мажбуриятлар"
7910 "Тўланадиган молиявий ижара"
7920 "Турли кредиторларга бўлган бошқа узоқ муддатли қарзлар".
6910 "Тўланадиган оператив ижара" счёти оператив ижара бўйича ижарага берувчи олдидаги мажбуриятни акс эттиради. 6910 "Тўланадиган оператив ижара" счёти кредити бўйича тўловнинг ҳисобланган суммаси акс эттирилади, дебети бўйича эса - ижарага берувчига тўланган сумма.
7910 "Тўланадиган молиявий ижара" счётида молиявий ижара бўйича ижарага берувчи олдидаги мажбурият ҳисобга олинади.
Молиявий ижарада мулк солиғи бўйича мажбуриятлар ижарачи корхонага ўтади.