Ёнғинда алоқани ташкил қилиш
Алоқа ёнғинни ўчириш раҳбари, тезкорлик штаби, МДХ ва ҚДХ орасида рация ёки телефон орқали ўрнатилади.
Зарурат туғилса, алоқа таъминот ва ЁЎУ бошлиқлари ҳамда ёнғин ўчириш автомобиллари орасида ҳам ўрнатилади. Бунинг учун рация, дала алоқа тармоғи, сўзлашув, овоз кучайтиргич қурилмаси, карнай ва бошқа техник воситалардан, агар алоқа воситаларини ишлатишни иложи бўлмаса, бошқарув белгиларидан фойдаланилади.
Тезкорлик штаби телефон тармоғидан фойдаланаётган вақтда ушбу тармоқдан бошқа фойдаланувчилар узиб турилади.
Радио алоқа воситаларидан фойдаланилаётганда, радио алоқа қоидаларига риоя қилиниши таъминланиши шарт.
Мавзу: 6. Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш ҳамда табиий газ ва бошқа муқобил ёқилғи турлари билан ишлайдиган иситиш печлари ва анжомларидан хавфсиз фойдаланиш
Режа:
1. Ис гази тўғрисида тушунча.
2. Ис газидан заҳарланиш асосий сабаблари.
3. Ис гази билан заҳарланганда биринчи тибиий ёрдам кўрсатиш.
4. Илмий муассасалар ва ўқув масканларида ёнғин хавфсизлиги қоидалари.
Таянч сўз ва иборалар: ёнғин хавфсизлиги талаблари, ёнғин хавфсизлиги қоидалари, ис гази, табиий газ, муқобил ёқилғи турлари, кўмир, ўтин, ностандарт иситиш печлари, заҳарланиш, биринчи ёрдам, сунъий нафас бериш, юракни уқалаш.
Маълумки, қиш фаслида иссиқлик энергиясига бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Шундай пайтларда аввало табиий газ ва бошқа муқобил ёқилғи турлари билан ишлайдиган иситиш печлари ва анжомларидан хавфсиз ва оқилона фойдаланишга эътиборни кучайтириш талаб этилади.
Статистик маълумотларга кўра Республикамизда сўнги уч йилда кузги-қишки иситиш мавсумида содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ.
Маълумки, ис гази – рангсиз, ҳидсиз, таъмсиз ва энг кўп учрайдиган заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги оқибатида вужудга келади. Оддий тутун таркибида 3%, ишланган газда 13%, портловчи газлар таркибида 50-60%, оддий автомобиль тутунида 6,3 фоизгача миқдорда ис гази мавжуд бўлади. Ис газининг тарқалаётганлигини аниқлаш жуда қийин. Ҳиди, ранги, таъми бўлмаганлиги, организмга таъсири сезилмаслиги ҳамда ҳаво билан тез аралашиб кетиш хусусиятига эга эканлиги учун уни “сокин қотил” деб ҳам аташади.
Ис гази нафас йўллари орқали организмни, хусусан, марказий асаб тизимини зарарлайди. Ушбу газ гемоглобин билан кислородга нисбатан 300 маротаба кучли бирикма - карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Оқибатда гемоглобиннинг тўқималарга кислород ташиш ҳусусияти кескин пасайиб, гипоксияга (кислород етишмаслиги), оғир ҳолатларда эса - аноксияга олиб келиши ҳамда шу тариқа инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкин.
Ис газидан заҳарланиш унинг ҳаводаги концентрациясига ва таъсир муддатига боғлиқ. Яъни, бу кўрсаткич 0,08 фоизни ташкил этганда инсонда бош оғриғи ва бўғилиш юзага келади. Концентрация даражаси 0,32 фоизга етганда тана фалажланиб, инсон ҳушидан кетади ҳамда таҳминан 30 дақиқадан сўнг ҳалок бўлади. Унинг миқдори 1,2 фоизга тенг бўлганда киши дастлабки нафас олишлардаёқ, узоғи билан 3 дақиқада ҳаётдан кўз юмади.
Заҳарланиш белгилари қуйидаги кўринишда намоён бўлади:
- енгил даражадаги заҳарланишда – бош оғриғи, бош айланиши, қулоқ шанғиллаши, кўнгил айниши, қусиш, ҳушдан кетиш кузатилади;
- ўртача даражада заҳарланиш – мушаклар бўшашиши, нафас қисиши, пульс тезлашуви, артериал қон босимининг пасайиши, кўнгил айниши, ақл хиралашиши, юзда қирмизи доғлар пайдо бўлиши билан кечади;
- оғир даражада заҳарланишда – одам батамом ҳушдан кетади. Оёқлари кўкариб ёки оқариб, юзида қирмизи доғлар пайдо бўлади. Пульс тезлашиб, артериал қон босими кескин пасаяди. Нафас олиш секинлашади ва чуқурлашади. Мушаклар бўшашиб, табиий эҳтиёжларнинг беихтиёр бажарилиши кузатилади. Нафас олиш тўхтайди ҳамда одам ҳаётдан кўз юмади.
Ис газидан шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда, гаражларда, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ ёниб турганда ва печка билан иситиладиган уйлар, ҳаммомлар, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида ҳамда печка қопқоғи ўз вақтида ва зич ёпилмаганда заҳарланиб қолиш мумкин.
Табиий газ – бу асосан (98%) метан (СН4) ҳамда 2% бошқа оғир углеводородлар (пропан, бутан, этан, гексан ва бошқалар)дан иборат бўлган газдир. Метан газнинг 1 м3 ни ёқиш учун 9,5 м3 ҳаво керак бўлади. Газ асбоби сурункали ишлатилганда газ асбоби ўрнатилган хонани эшик ва деразаларининг зич ёпилишида метан газининг ёниши учун керак бўладиган ҳаво миқдорини камайиб кетиши ва метан газини тўлиқ ёнмаслиги натижасида ис газини келтириб чиқариши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |