Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:
- фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
- ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
- иситиш печларининг мўриларини нотўғри ўрнатиш;
- газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
- ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
- ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.
Бундай ҳолатни пайдо қилувчи, иштирокчи ва жабр кўрувчи ҳам инсонларнинг ўзлари бўлаётганлигига алоҳида эътибор қаратиш шарт. Айниқса, юзага келаётган айрим талофатларда ёш болаларни жабр кўраётганлиги ва болалар ўлимининг юзага келаётганлиги эса ўта ачинарли ҳолдир. Бу мудҳиш воқеаларнинг асосий сабаби аҳолининг кўп ҳолларда турмушда хавфсизлик талабларини билмаслиги ёки уларга бепарволик билан қараши бўлиб келмоқда.
Иситиш печларидан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:
- ёнаётган печларни қаровсиз қолдириш ҳамда уларни назорат қилишни ёш болаларга топшириш;
- ёнилғи ва бошқа ёнувчи материалларни ўчоқ олдидаги тунука устига ёки печ атрофига қўйиш;
- печ ва тандирларни ёқиш учун тез ёнувчи суюқликлардан (бензин, керосин, дизел ёнилғиси ва бошқалар) фойдаланиш;
- кўмир, коғоз ва газ ёқилғиларига мўлжалланган печларда бошқа ёқилғидан фойдаланиб ёқиш;
- хонада мажлис ёки бирон бир тадбир ўтказиладиган вақтда печларни ёқиш;
- вентиляция ва газ каналларидан дудбурон сифатида фойдаланиш;
- печларни ҳаддан зиёд қиздириб юбориш.
Ўчоқдан олинадиган кул ва чиқиндилар устига сув қуйиб, уларни махсус ажратилган жойларга олиб чиқиб ташлаш керак.
Ёнғин хавфсизлиги талаблари, стандарт ва техник шартларига жавоб бермайдиган металл печларни ўрнатишга ва улардан фойдаланишга рухсат берилмайди.
Корхонада ишлаб чиқарилган металл ва бошқа турдаги печлар вақтинчалик ўрнатилганда печни тайёрлаган корхона кўрсатмаси, йўриқномаси ва иситиш системаларига тааллуқли меъёрий лойиҳа талаблари бажарилиши керак.
Печдан савдо расталари, витрина, моддий бойликлар, шкафлар ва бошқа ускуналаргача бўлган масофа 0,7 метрдан, ўчоқ оғзидан эса 1,25 метрдан кам бўлмаслиги лозим.
Ис газидан заҳарланишга қарши қаратилган тадбирлар ҳар йили Республика, вилоят ва туманлар доирасида ўтказиб келинмоқда. Бундай тадбирларда уйлардаги тармоқ газида ишловчи газ плиталарига - икки йилда бир маротаба, уйлардаги суюлтирилган газда ишлайдиган газ плиталарига - бир йилда бир маротаба техник хизмат кўрсатилиши ҳамда иситиш мавсуми олдидан иситиш ва сув иситиш асбобларига техник хизмат кўрсатилиши, уй-жойлардаги тармоқ газида ишловчи газ плиталари, иситиш, сув иситиш асбобларига - йилда бир маротаба техник хизмат кўрсатилиши шартлиги эслатиб ўтилмоқда.
Ис газидан заҳарланишни олдини олиш мақсадида аҳоли томонидан хонадонга печка ўрнатилаётган пайтда унинг яхши ва соз ҳолатда уланиши, газ жўмракларининг газ плитаси ёки печкага нисбатан белгиланган масофада жойлашиши, уй ичига печка ўрнатишдан аввал унинг мўрисининг созлигини кўриб чиқиш, газ жўмракларига болаларнинг яқин келмасликлари ва уни ўйнамасликларини қолаверса, инсон соғлиги ва ҳаёти учун зарарли ва хатарли бўлган барча нарсалар тўғрисида доимий ўргатиб бориш мақсадга мувофиқ.
Ис гази билан заҳарланганда биринчи ёрдам кўрсатиш тартиби:
- биринчи ёрдам кўрсатиш тамойилларига амал қилиш;
- заҳарланиш мабаини имкон қадар тезроқ бартараф этиш (масалан: автомобиль двигатели, газ ускунаси ёки иситгични ўчириш);
- жабрланувчини заҳарланган ҳудуддан очиқ жойга, тоза ҳавога олиб чиқиш. Бунда жабрланувчи ўзи ҳаракатлана олса ҳам, уни ётган ҳолда олиб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Оёқларини бироз кўтариб, чалқанча ётқизиш ҳамда кийими тугмаларини ечиб, танани сиқиб турган кийимларни бўшатиш. Пахтани нашатир спирт билан ҳўллаб ҳидлатиш;
- нафас олиши ва юрак уриши тўхтаган бўлса, зудлик билан сунъий нафас бериш ва юракни уқалаш. Сунъий нафас бериш бемор мустақил нафас олгунга қадар ёки рўйи-рост биологик ўлим аломатлари пайдо бўлгунгача давом эттирилади.
Баданни ишқалаш, оёқларига грелка қўйиш заҳарланиш оқибатларини тугатишга имкон беради. Заҳарланиб қолган кишини зудлик билан касалхонага олиб бориш керак, чунки бирмунча кейинроқ ўпка ва асаб тизимида оғир асоратлар вужудга келиши мумкин. Шифокорлик ёрдами ўпкани сунъий вентиляциясини кислород бериш лобелин ёки цититон инъекция қилишдан иборат. Касалхонадан чиққандан сўнг беморлар терапевт ва невропотолог кузатувида бўлиши шарт.
Аҳоли хонадонларида ис гази билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида иситиш печлари, иситиш тизимларини мавсумга шай ҳолатга келтириш мўрилар тозалигини таъминлаш ва аҳоли орасида профилактик тадбирлар тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш лозим.
Аҳоли табиий ва ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш тадбирлари нафақат мутасадди ташлилотлар томонидан, балки ҳар бир хонадон эгаси ва барча фуқаролар томонидан амалга оширилиши даркор.
Таълим муассасаларида ёнғин хавфсизлиги қоидалари:
Профессор-ўқитувчилар ва илмий ҳодимлар ўқув лаборатория хоналарида барча ёнғин хавфсизлиги чораларини кўришлари керак. Лаборатория машғулотлари учун енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликларни олиб келиш ёпиқ, хавфсиз идишда амалга оширилади. Ҳаво сўриш шкафида синов, тажриба ишларини амалга оширишга тааллуқли бўлмаган материаллар ва ускуналарни сақлаш тақиқланади. Стол юзасидан суюқликларни оқиб кетмаслигини таъминловчи чегара баландликлари (қирра, «бортик») соз ҳолда бўлиши керак. Фойдаланиб бўлган енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликларни иш вақти тугагач махсус яхши беркитиладиган идишга йиғиб лабораториядан ташқарида қайта ишлаш ёки утилизация қилиш учун олиб чиқиш лозим. Тез ёнувчи ва ёнувчи суюқликларни канализацияга тўкиш тақиқланади.
Мактаб бинолари ўқув мавсуми бошланишидан олдин махсус тайинланган комиссия томонидан қабул қилиниши бу комиссия таркибига ёнғин назорат ходимлари ҳам киритилган бўлиши керак. Ўқув ва хизмат хоналарига фақат ўқитиш жараёнида керакли мебель шкаф ва маҳкам ўрнатилган токчаларга сиғадиган кўргазмали ўқув қуролларнинг моделлари, анжомлари ва бошқаларни жойлаштириш мумкин. Ўқув хоналардаги парталар сони лойиҳада кўрсатилган меъёрдан ошмаслиги керак.
Ўқувчи ва талабалар билан илмий тадқиқотлар ва лаборатория ишлари ўтказилаётганида енгил алангаланувчи ва ёнувчи суюқликлардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича суҳбатлар, машғулотлар ўтказилишини ташкиллаштириши лозим. Машғулот тугагандан сўнг хизмат хонаси, устахона ва лабораториялардан ёнувчан, портлаш ёки ёниш хавфига эга модда ва материалларни махсус жиҳозланган омборхоналарга олиб чиқиб жойлаштириш керак. Махсус жиҳозланган омборхоналарда портлаш ва ёниш хавфи бўлган модда ва материаллар физик-кимёвий ва портлаш ва ёниш хусусиятига қараб ажратилиб алоҳида сақланади.
Ёнғин чиқиш хавфи бўлган омборхоналарда ҳамда архив, музей, кутубхона биноларида электр иситиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланади.
Ҳар бир фуқаро ёнғин ёки ёнғин аломатларини, тутун, куйган ҳид, ҳароратнинг кўтарилиши ва бошқа ҳолатларни сезганда ваҳимага берилмасдан, телефон орқали дарҳол ёнғин хавфсизлиги хизматларига (101 рақамига) хабар беришлари ва хабарда воқеа содир бўлган манзил, ёнғин чиққан жой ва ўз исми шарифини айтиши, иложи борича инсонларни қутқариш, ёнғинни ўчириш ва моддий бойликларни сақлаб қолиш чораларини кўриши керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |