3.1. Асосий тушунчалар, топологиялар ва ўзаро ишлаш стандартлари
Компьютер тармоқлари компонентларининг ўзаро алоқалари асосини тармоқ технологиялари ташкил этади. Бу технологиялар тармоқнинг ўлчами, унинг шакллантириш қоидалари ва тармоқда кўрсатиладиган хизматларга боғлиқ равишда хилма-хил бўлади. Чекланган ҳудудларда ишлайдиган унча катта бўлмаган тармоқларда Ethernet, Tоken Ring, FDDI технологиялари кўп тарқалган. Шаҳарлар ва минтақавий чегараларда, катта масофаларда ишлайдиган тармоқлар - Frame Relay, ATM каби олисдан ўзаро алоқа технологиялари ишлатилади.
Компьютер тармоқларининг коммуникацион жиҳозлари пассив (кабеллар, уловчи раъзёмлар, коммутацион панеллар) ва актив (тармоқ адаптерлари, такрорловчилар, коммутаторлар, кўприклар, маршрутизаторлар) турларга бўлинади. Ёрдамчи турдаги жиҳозларга узлуксиз электр таъминот қурилмалари, монтаж устунлари, коммутацион жиҳозларни жойлаштириш шкафлари киради.
Компьютер тармоқларининг асосий компонентлари серверлар, ишчи станциялар, терминаллар, принтерлар, тармоқ интерфейси билан таъминланган аудио ва видео алоқа воситалари ҳисобланади. Терминаллар тармоқнинг охирги элементлари ҳисобланади ва улар орқали фойдаланувчилар компьютер тизимининг аппарат, дастурий ёки ахборот ресурсларига мурожаат этадилар. Булар график ва алфавит-рақамли қурилмалар ва иш жойларида бўлган принтерлар, сканерлар ҳисобланади.
Ишчи станциялар кўпинча шахсий компьютерлар кўринишида тармоқнинг ресурсларига ва тармоқ ҳизматларини олишга, фойдаланувчиларга мурожаат этиш имкониятини таъминлайди. Ишчи станция иш жойининг вазифаларини таъминлаш учун дастурий воситаларга (операцион тизимлар), тармоқнинг бошқа компьютерлар билан ўзаро алоқа учун тармоқ дастурий компонентлари, шунингдек, алоқа линиялари билан мослаштириш ва маълумотларни узатишини таъминлаш учун аппарат коммуникацион воситаларга (модемлар, тармоқ адаптерлари) эга.
Серверлар тармоқларнинг ишини бошқариш функциясини бажарадиган, ахборот ресурсларини сақлайдиган ва фойдаланишга берадиган, умуман тармоқнинг ажратиладиган ресурсларига ишчи станциялар томонидан мурожаат этишини таъминлайдиган қувватли компьютерлардир.
Тармоқнинг ишлаш жараёнида тармоқ бўйича узатиладиган ахборотлар оқими трафик дейилади. Трафик тушунчасига ҳам охирги қурилмалар орасида узатиладиган фойдали ахборот ҳамда қабул қилинган протоколларга мос равишда тармоқ боғламаларининг ўзаро алоқасини таъминлайдиган хизмат ахбороти киради.
Тармоқларни қуришда муҳим муаммолардан бири - юбориш бўйича ахборотлар пакетларини тезкор етказиш мақсадида коммутация ҳисобланади. Трафикнинг транзитли узатилишини бажарадиган тармоқнинг ҳар бир боғламаси охирги фойдаланувчилар орасида трафикни коммутацялашни билиши керак.
Коммутациялаш технологиясига тармоқ орқали ахборот оқимларини узатиш маршрутини танлаш принципи бевосита таьсир қилади. Маршрут бу маьлумотлар белгиланган манзилга етиб бориши учун улар ўтиши керак бўлган тармоқнинг транзит боғламаларининг кетма-кетлигидир. Ахборот оқимлари фойдаланувчига қисқа вақтда минимал ўзгариш билан етказилиши керак.
Компьютер тармоғининг дастурий таьминоти – тармоқ операцион тизимлари ва ишлов бериш амалий дастурлари фойдаланувчига тармоқнинг аппарат, дастурий ва ахборот ресурсларига мурожаат этиш имкониятини беради.
Компьютер тармоқлари ривожланиб катта ҳудудларни эгаллади, кенг хизмат турларини кўрсатадиган бўлди, ўз таркибида юқори унумли компьютер ва коммуникацион воситаларни олди. Эгалланган ҳудуд ва хизмат кўрсатиладиган абонентлар сони нуқтаи назаридан барча компьютер тармоқлари шартли равишда локал (LAN-Local Area Network), минтақавий ёки шаҳар (MAN-Metropolitan Area Network) ва глобал (WAN-Wide Area Network ) тармоқларга бўлинади.
Корхоналар, давлат муассасалари, компаниялар, офислар, банклар, университетлар биноларида ва иншоотлар доирасида ишлайдиган тармоқлар локал тармоқлар дейилади. Уларнинг асосий вазифаси функционал бир хил фойдаланувчиларни (тармоқ абонентларини) тармоқ орқали бирлаштиришдан иборат.
Одатда булар бухгалтерия, кадрлар бўлими, маркетинг хизматлари, ўқув гуруҳлари, доимо қўшма фаолият олиб борадиган тадқиқот лабораториялари ҳисобланади. Локал тармоқлар маьлумотларни узатишнинг энг юқори тезлигини таьминлайди, чунки тармоқ бўйича узатиладиган пакетлар дастлабки уланишнинг ўрнатилишини талаб этмайди. Минтақавий ёки шаҳар тармоқлари ўнлаб ва юзлаб километр масофаларга тарқалган, унча катта бўлмаган маьмурий-ҳудудий бўлинмаларини қамраб олади. Бундай тармоқлар локал тармоқларни бир-бирлари билан тежамкор уланишини таьминлайди ва глобал тармоқлар билан тезкор алмаштириш магистралларига уланишларга эга. Глобал тармоққа бутун дунё Интернет тармоғи мисол бўлади.
Бундай тармоқларда маьлумотларни узатиш тезлигидаги фарқдан ташқари бошқа мавжуд фарқлар бор. Локал тармоқларда ҳар бир компьютер ўзининг тармоқ адаптерига эга бўлади, у маьлумотларни узатиш муҳити билан боғлашга хизмат қилади. Минтақавий тармоқларда фойдаланувчиларни улаш учун актив коммуникацион қурилмалар ишлатилади. Глобал тармоқларда масофадан маълумотларни узатиш учун тезкор алоқа каналлари билан бирлаштирилган маршрутизаторлар ишлатилади.
Тармоқнинг масштабига боғлиқ бўлмаган ҳолда техник ва дастурий компонентларни мажмуалаштириб, тармоқни ягона ахборот тизими сифатида ишлатишда бир неча мажбурий шартлар бажарилиши керак.
Тармоқ структураси, унинг иш тартиблари ва маьлумотлар форматлари билан мос равишда функционал компонентларнинг ахборот мослашувчанлиги.
Қабул қилиш-узатиш элементи турлари, сигналларнинг частота ва динамик диапазонлари, алоқа линиялари бўйича узатиладиган сигналларнинг статик ва динамик параметрларининг электр мослашувчанлиги.
Уловчи элементлар интерфейс қурилмаларининг барча турларини конструктив мослашувчанлиги.
Компьютерларнинг дастурий таъминоти ва коммуникацион компонентлари поғонасида интерфейснинг мавжудлиги.
Фойдаланувчилар ўзаро ишлаганда ёки уларнинг умумий ресурсларга мурожаат қилишда алмаштириш процедуралари ва маьлумотлар форматларини аниқлайдиган қабул қилинган протоколлар - стандарт қоидалар тўпламига риоя этилиши.
Тармоқ боғламаларини уланиш топологиясини кўриб чиқамиз.
Компьютер тармоғининг серверлари ва ишчи станцияларининг бир-бирларига нисбатан физик жойлашиши ва уларни алоқа линиялар билан уланиш усули ва геометрик чизмаси топология деб тушунилади.
Топология тармоққа қўйиладиган талаблардан қўйидагиларга, яъни фойдаланувчиларга оператив ва тўлиқ хизмат кўрсатишга боғлиқ бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |