1. Феъл-кесим қуйидагича ифодаланади:
1) соф феъл билан: Каримжон мактабдан келди.
2) сифатдош билан: Бу китобларнинг барчаси ўқилган.
3) равишдош билан: Болта тушгунча, тўнка дам олади. (Мақол)
2. От-кесим қуйидагича ифодаланади:
1) бош, жўналиш, ўрин-пайт, чиқиш келишигидаги отлар билан: Ўзбекистоннинг пойтахти - Тошкент. Бу совға укамга. Уйнинг калити онамда. Буларнинг ҳаммаси севинчдан.
2) сифат билан: Шаҳар гўзал.
3) олмош билан: Бу нарса ўз-ўзимники.
4) отлашган сон билан: Икки ўн беш - бир ўттиз.
5) равиш билан: Дангасанинг важи кўп.
6) ундов сўз билан: Буйруқни бажармаганнинг ҳоли вой.
7) модал сўз билан: Унинг эзгу ниятлари бор.
Кесимлар тузилишига кўра ҳам икки турга бўлинади:
1. Содда кесим бир сўздан иборат бўлади:
1) содда феъл-кесим: Мен келдим.
2) содда от-кесим: Уят ўлимдан қаттиқ.
2. Мураккаб кесим камида иккита сўздан тузилган бўлади:
1) мураккаб феъл-кесим қуйидагича тузилади:
а) кўмакчи феълли сўз қўшилмасидан иборат бўлади: Одамлар тарқала бошлади.
б) сифатдош ва тўлиқсиз феълдан иборат бўлади. Машғулот ҳафтада бир марта ўтадиган бўлди. У келган эди.
в) ибора билан ифодаланади: Собир сўзининг устидан чиқди.
2) мураккаб от-кесим қуйидагича тузилади: а) от, сифат, сон, олмош, равиш ҳамда "бўлмоқ" феъли ёки тўлиқсиз феълдан иборат бўлади: Меҳнат қанча қийин бўлса, нони шунча ширин бўлади.
б) йўқ, бор, оз, кўп, зарур, лозим, керак, даркор каби сўзлар ҳамда бўлмоқ феъли ёки тўлиқсиз феълдан иборат бўлади: Узоқда кўринган шарпа бир зумда йўқ бўлди.
в) ҳаракат номи ҳамда керак, лозим каби сўзлардан иборат бўлади, бунда кесимни эга билан мослаштирувчи шахс-сон қўшимчалари ҳаракат номига қўшилади: Чойхона янги солинган қишки бинога кўчиб кириши ва байрамда очилиши керак эди.
3-§. Боғлама
От-кесимни эга билан боғловчи восита боғлама деб аталади. Боғлама -дир кесимлик қўшимчаси ( Меҳнатнинг нони шириндир), шу қўшимчага синоним бўлган бўлмоқ, ҳисобланади, саналади феъллари (У киши менинг устозим ҳисобланади.), тўлиқсиз феъллар (У менинг дўстим эди.), шунингдек, от-кесимларга қўшилган шахс-сон қўшимчалари (Мен ўқувчиман.) билан ифодаланади.
4-§. Кесимлик сўзлари
Айрим мустақил сўз туркумига мансуб бўлган сўзлар –моқ, –ш(-иш) қўшимчали ҳаракат номлари билан келиб кесим таркибида қатнашади. Бундай ўз мустақил маъносидан узоқлашиб, гапнинг фикрий маркази вазифасида келган сўзлар кесимлик сўзлари деб аталади (17; 96). Улар от (шарт), сифат (керак, зарур, лозим, даркор, мумкин, муҳим) туркумларига тегишли бўлиши мумкин: Бу ишни бажариш керак (лозим, зарур…)
5-§. Эга билан кесимнинг шахс ва сонда ўзаро мослиги
1. Шахсда мослиги
Эга ва кесим бир-бири билан шахсда ҳамма вақт мос бўлади: Биз мактаб жамоат ишларида фаол қатнашамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |