2-§. Кириш сўз, кириш бирикма ва кириш гаплар ҳақида
Сўзловчининг ўзи баён қилган фикрига муносабатини билдирган сўз кириш сўз, шундай сўз бирикмаси эса кириш бирикма деб юритилади. Кириш сўзлар ва кириш бирикмалар асосан модал сўзлар билан ифодаланиб, қуйидаги маъноларни билдиради:
1. Ишонч ва тасдиқни: Албатта, шубҳасиз, маълумки, ҳақиқатан, дарҳақиқат, ҳақиқатан ҳам, сўзсиз.
2. Гумонни: эҳтимол, шекилли, чамаси, балки, тахминимча, мумкин.
3. Шодлик ёки ачинишни: Бахтимга, бахтга қарши, аттанг, афсус.
4. Баён қилинган фикрнинг кимга қарашли эканлигини: Менимча, менинг фикримча, унинг айтишича, айтишларича, сизнингча.
5. Баён қилинган фикрнинг тартибини: биринчидан, иккинчидан...
6. Баён қилинган фикрнинг олдинги фикр билан боғлиқлигини: демак, шундай қилиб, умуман, аксинча, баъзан, акс ҳолда, хуллас, шунингдек, айниқса, асосан, бинобарин, хусусан.
7. Тасдиқ ёки инкорни: ҳа, йўқ, майли, тўғри.
Кириш сўз ёки бирикма гапнинг бошида келса, ундан кейин, гапнинг ўртасида келса, икки томонига, гапнинг охирида келса, ундан олдин вергул қўйилади: Ниҳоят, улар жўнашди. Улар, назаримда, кетишди. Ҳали-бери қишнинг охири кўринмайди, шекилли.
Диққат! Баъзи дарсликларда кириш сўз ва кириш бирикмалар киритмалар деган умумий ном остида берилиб, кейин улар иккита гуруҳга бўлинган: 1) содда киритмалар бир сўз ёки сўз-гаплар билан ифодаланади; 2) мураккаб киритмалар сўз бирикмалари, кенгайган бирикмалар ва гаплар билан ифодаланади.(1; 122)
Сўзловчининг ўзи баён қилган фикрга қўшимча мулоҳазасини билдирган гап кириш (киритма) гап дейилади. Кириш гап асосий фикрни тўлдириш, изоҳлаш учун ишлатилади. Кириш гап, одатда, вергул билан ажратилади: Биз, синф раҳбаримиз айтди, эртага саёҳатга борамиз.
Кириш гап ёйиқ бўлса, тире билан ажратилади ёки қавс ичига олинади: Кўп ўтмай у ерда бир қишлоқ пайдо бўлди ва сув чиқарган одамнинг шаҳардаги отахони номига аталиб “Парпи чеки” бўлди (нойиб тўранинг номи Фёдор, сартлар “Парпи ота” дейдилар.)
Кириш гапларнинг тузилиш жиҳатдан турлари: 1) бир бош бўлакли кириш гап: У ёғини сўрасанг, айтайми, мен бунга рози эмасман.
2) икки бош бўлакли кириш гап: Иброҳимов, Қурбон ота айтмоқчи, гулларни ўз илмидан баҳраманд қилди.
Киритма гаплар кўпинча драматик асарларда ремаркалар (драма муаллифининг изоҳи) кўринишида учрайди: Пири Зиндоний (қаҳқаҳа солиб кулади) – Майли, бизлар ҳурриятнинг фидойилари, Ҳуррият деб бандиликка кўнган эркинлар.(М.Ш.) Мисолдаги қавс ичидаги гап ремарка кўринишидаги киритма гапдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |