Мавзу. ТУПРОҚШУНОСЛИК ФАНИНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ ВА РИВОЖЛАНИШ ТАРИХИ.
РЕЖА:
Тупроқшунослик фанининг пайдо бўлиши ва ривожланиш тарихи
Тупроқ хақида умумий тушунча
Тупроқнинг физикавий, кимёвий ва агрокимёвий хоссалари.
Тупроқнинг унумдорлик категориялари
Тупроқшунослик - тупроқ ҳақидаги фан бўлиб, табиий жисм ва ишлаб чиқариш воситаси ҳисобланган тупроқнинг келиб чиқиши, тузилиши, таркиби ва хоссалари, унумдорлиги ҳамда географик тарқалиши қонунларини ўрганади. Тупроқ ва унинг хоссалари ҳақидаги дастлабки тушунчалар ва билимлар қадимги даврлардан бошлаб деҳқончилик талаблари асосида юзага кела бошлади. Илмий фан сифатида тупроқшунослик фани Россияда Х1Х асрнинг охирларида рус олимлари В.В.Докучаев., П.А.Костичев., Н.М.Сибирцев., В.Р.Вильямс ғоялари ва асарлари туфайли шакллана бошлади ва ривожланди.
В.В.Докучаев биринчи бўлиб тупроқнинг пайдо бўлиш омиллари ва жараёнлари ҳақидаги илмий назарияни яратди ҳамда тупроқ тушунчасига қуйидагича таъриф берди: "Тупроқ деганда сув, ҳаво хамда турли тирик ва ўлик организмлар таъсирида табиий равишда ўзгарган тоғ жинсларининг (қайси хил бўлишидан қатъий назар) "юза" ёки ташқи горизонтларига айтилади". Тупроқ мустақил табиий жисм сифатида ўзининг келиб чиқиши (генезиси) билан бошқа табиий жисмлардан фарқ қилади. В.В.Докучаев кўрсатгандек, ер юзасидаги барча тупроқлар "маҳаллий иқлим, ўсимлик ва ҳайвонот организмлари, она тоғ жинсларнинг таркиби ва тузилиши, майдоннинг рельефи ва ниҳоят жойнинг ёши кабиларнинг жуда мураккаб таъсири" натижасида пайдо бўлади. Ҳозирги замон тупроқшунос олимларнинг тупроқ ҳақидаги таърифида В.В.Докучаевнинг кўрсатмалари ўз ифодасини топган: «Тоғ жинсларининг устки горизонтларида тирик ва ўлик организмлар ҳамда табиий сувлар таъсирида турли хил иқлим ва рельеф шароитларида ҳосил бўлган ер юзасидаги табиий тарихий органо-минерал жисмга тупроқ дейилади».
Тупроқшунослик асосчиларидан бири Н.М.Сибирцев ўз устози В.В.Докучаевнинг тупроқ ҳақидаги ғояларини янада ривожлантириб, тупроқ ҳақидаги тушунчага ўзининг айрим фикрларини киритди. Унинг тупроққа берган таърифи В.В.Докучаевникидан унчалик фарқ қилмасада, аммо тупроқ пайдо бўлиш жараёнларининг моҳиятини анча чуқурроқ очиб беришга ҳаракат қилган. Н.М.Сибирцев ўзининг кўплаб тадқиқотлари асосида тупроқнинг қуйидаги таърифини беради: "Табиий тупроқлар деганда қитъаларнинг юза қисми ҳосилалари ёки тоғ жинсларининг шундай ташқи горизонтларига айтиладики, ундаги умумий эктодинамик ҳодисалар, шу қатламгача кириб бораётган организмларнинг таъсири ёки биосфера таркибий қисмларидан юзага келган жараёнларнинг ўзаро биргаликдаги таъсири туфайли кечади". Бундан кўриниб турибдики, тупроқнинг пайдо бўлишида кўплаб табиий омилларнинг ўзаро мураккаб таъсири катта роль ўйнайди.
Рус олими П.А.Костичев тупроқнинг ҳосил бўлишида биологик омиллар, айниқса ўсимликлар олами ролига эътибор беради ва шунга кўра тупроққа қуйидагича таъриф беради: "Тупроқ деганда ўсимликларнинг илдизлари чуқур кириб борадиган ер юзасининг устки қатламини тушуниш керак". Тупроқнинг энг муҳим хоссаси - унумдорликдир. Тупроқ унумдорлигининг ривожланишида тирик организмлар, жумладан яшил ўсимликлар ва микроорганизмларнинг роли алоҳида аҳамиятга эга. Шунга кўра тупроқнинг яна бир таърифини келтирамиз: «Иқлим ва тирик организмлар таъсирида ўзгарган ва ўзгараётган ҳамда унумдорлик қобилиятига эга бўлган ернинг устки ғовак қатламига тупроқ дейилади».
Унумдорлик тупроқнинг ўсимликларни турли озиқ моддалар, сув, ҳаво ҳамда иссиқлик билан таъминлаш қобилиятидир. Тупроқнинг тоғ жинслардан тубдан фарқ қиладиган ана шу сифат белгисини машҳур тупроқшунос олим ва агроном В.Р.Вильямс мукаммал ўрганган. В.Р. Вильямснинг тупроқ ҳақидаги таърифида ҳам унумдорлик хоссаси алоҳида таъкидланади: "Биз тупроқ ҳақида гапирганда ўсимликлардан ҳосил олишни таъминлайдиган ер шари қуруқлик қисмининг юқори ғовак горизонтларини тушунамиз".
Тупроқ бу қишлоқ хўжалигида асосий ишлаб чиқариш воситаси, қайта тикланмайдиган табиий ресурс ҳисобланади. Тупроқ инсоният жамиятига нисбатан икки хил аҳамиятга эга: биринчи томондан, бу физик муҳит, инсонларнинг яшаши учун, ҳаёт учун макон, иккинчи томондан - бу иқтисодий асос, ишлаб чиқариш воситаси. Шунинг учун уни асраб-авайлаб, ҳар доим унумдорлигини оширишга ғамғурлик қилиш керак. Кишилар томонидан ердан фойдаланиш масалалари социал-иқтисодга дахлдор катта ва мураккаб масалалар комплексидир, жумладан ерга эгалик масалалари, ер тўғрисидаги қонунчилик, ерга эгалик ҳуқуқи, ерни иқтисодий баҳолаш ва х.з. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1-чақириқ 11-12 сессиялари (30 апрел ва 28 август 1998 йил) да "Ер кодекси", "Давлат Ер кадастри тўғрисида" ги қонунлар муҳокама қилиниб қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларда "Ер умуммиллий бойлик, Ўзбекистон Республикаси халқларининг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлигининг асоси сифатида ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади» деб кўрсатилган.
Тупроқ - инсонларни ардоқлаб, ноз-неъматлар билан тўйдираётган битмас-туганмас бойлик ҳамда зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари ва керакли хом ашё етиштирадиган манбадир. Тупроқ юртимизнинг энг асосий бойлиги. Тупроқ ҳаёт учун қуёш, ҳаво ва сувдек зарур бўлиб, у биологик тирик жисм ҳисобланади.
Ер меҳнат воситаси бўлиши билан бир қаторда буюк лаборатория, меҳнат воситасини яратувчи хазина (арсенал), меҳнат материали (объекти), аҳоли учун жой ва коллектив базисдир. Тупроқ қатлами биоқатламдаги ҳаётни турли салбий оқибатлардан ҳимоялашда ўзига хос экран ролини бажаради. Биосферанинг барқарор ҳолати тупроқ қопламининг нормал функцияси ва унинг муҳофазаси билан чамбарчас боғлиқ. Тупроқнинг энг асосий вазифаларидан бири Ердаги ҳаётнинг мавжудлигини, давомийлигини таъминлашдир. Айнан, ўсимликлар, улар орқали эса ҳайвонот дунёси ва инсонлар ўзининг яшаши учун, биомассасини яратиш учун озиқа моддалар ва сувни тупроқдан олади. Тупроқда организмлар учун қулай ва зарур ўзлаштирилаоладиган кимёвий бирикмалар шаклида биофил элементлар тўпланади. Тупроқда барча ер усти ўсимликлари ривожланади, унда микроорганизмлар ва турли хил жониворлар озиқланади. Тупроқсиз ердаги тирик организмларнинг табиий ассоциацияси фаолият кўрсата олмайди. Энг муҳими, бунда биосфера жараёнларининг бирлигини яъни: тупроқ бу ҳаётнинг маҳсули ва шу билан бирга унинг мавжудлигининг шарти.
Экосистемада яъни инсон яшайдиган табиий муҳитда, тупроқ муҳим аҳамиятга эга, қайсики айнан тупроқ уларни истеъмол қиладиган асосий озиқа массаси билан таъминлайди.
Тупроқшуносликда ҳам барча табиат фанларидагидек тупроқ қоплами, унинг жуғрофий тарқалиши, хосса ва ҳусусиятлари, минералогик, кимёвий ва биологик таркиби дала, кузатув, лаборатория шароитида ҳар тарафлама ўрганилади. Илмий тадқиқот ишларини амалга оширишда ҳозирги замон космик, электроника, компютер каби жиҳозлардан бевосита самарали фойдаланилади. Ҳозирги даврда тупроқ қопламини комплекс равишда ўрганиш учун барча илмий – тадқиқот институтлари, тупроқшунослик ва агрокимё кафедралари мавжуд бўлган университет ва институтларда илмий ва амалий ишларни бажариш учун замонавий асбоб – ускуналар билан жиҳозланган ва таъминланган. Тупроқ қопламини дала, кузатув ва лаборатория шароитида ўрганиш услублари ҳозирги пайтда мукаммал ишлаб чиқилган. Табиатда тупроқ қопламини юза қисмидан то уни ҳосил қилувчи ётқизиқ ёки тоғ жинсларигача (она жинси) В.В.Докучаев ишлаб чиққан профил усули билан, генетик келиб чиқиши, морфологик тузилиши, тупроқ ҳосил бўлиши жараёни чуқурлигигача ўрганилади.
Морфологик усул, яъни В.В.Докучаев ишлаб чиққан тупроқ профил тузилиши, дала ва лаборатория шароитида диагностика тавсилотлари макро, мезо ва микроморфологик усул билан оддий кўз, бинокуляр лупалар ва электрон микроскоп ёрдамида ўрганилади.
Солиштирма жуғрофий усул, турли географик шароитда ҳосил бўлган тупроқларнинг генезиси, тузилиши, хосса ва ҳусусиятлари, тарқалиши ва фойдаланиши тўғрисидаги маълумотлар таҳлилидан иборатдир.
Солиштирма-тарихий усуллар. Тупроқ қопламининг ўтмишдаги аҳволи, ҳозирги пайтдаги ўзгаришлари – палеотупроқшунослик фанининг асосини ташкил қилади. тупроқ хоссалари, таркиби, унумдорлиги ва жамиятда фойдаланишлиги таҳлил қилинади.
Тупроқ қопламининг генетик-географик таҳлили асосида кичик майдондан ерларнинг умумий ҳусусиятларига биноан калит усули билан асосий ер майдонларини кам сармоя ва ресурс тежамкорлик усуллари билан аниқлаш имкониятини яратиб беради.
Монолит усули. Тупроқ қопламининг генетик қатламлар тузилишини сақлаган ҳолда монолитлар олиниб лаборатория шароитида, тупроқ физик жараёнларни моделлаштириш асосида сув ва тузлар ҳаракати, ионлар алмашинуви аниқланади.
Лизиметрлар усули. Тупроқ қоплами дала ва лаборатория шароитида, тупроқ қоплами орқали тик йўналишда сингиб ўтадиган сув, тузлар ва озиқа моддалар миқдори мавсумий равишда аниқланади.
Тупроқ режим кузатувлари, кинетик жараёнларни намлик, ҳарорат, тузлар ва озиқа миқдорини мавсумий, ойлар, фасл, йиллар ва ўсимлик вегетацияси давридаги ўзгариш параметрлари аниқланади.
Баланс усули. Тупроқ ҳосил бўлиши жараёнларининг кинетикаси маълум бир вақт ўтганда иссиқлик, сув, туз, азот ва бошқа моддаларнинг ҳажмий кўрсатгичларини келиш ва кетиш катталигини аниқлаш масалаларини қайд этишдан иборатдир.
Тупроқ таркибидаги ҳаракатчан озиқа моддаларнинг миқдорини сув, кислота ва ишқорларнинг кучсиз эритмалари ёрдамида ажратилиб аниқлаш усуллари.
Аэрокосмик усуллари билан тупроқ қопламининг ер юзида жойланиш намлиги, зичлиги, тузлар, ва гумус миқдори турли баландликда суратга олиш услублари ёрдамида ўрганиш.
Радиоизотоп усули билан тупроқ, ўсимлик ва бошқа экотизимларда кимёвий элементларнинг миқдори ва ҳаракати аниқланади. Изотоп усули билан тупроқ нисбий ва абсолют ёши ҳам аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |