Таянч тушунчалар
Стилизациялаш - Табиатдан олинган мураккаб шаклни соддалаштириб бадиий ифода этиш (безак кўринишига олиб келиш) йўли.
Симметрик - нарса ёки тасвирнинг икки қисмини бир-бирига айнан ўхшаши, мутаносиблиги (мувозанатда эканлиги).
Тарх - нарса, предмет шакли четги чегарасини ифодаловчи чизиқ.
Назорат саволлари
1. Бадиий безаш деганда нимани тушинасиз?
2. Декоратив бадиий безаш воситалари нималардан иборат?
3. Бадиий безаш ишлари таълим-табия жараёнида ыандай роль щйнайди?
Мавзу: Бадиий безаш ишларида композиция
Режа:
1. Композиция
2. Ранг ва ёруғлик
3. Ёруғлик.
Мавзунинг матни.
Тасвирий санъатнинг барча турлари каби бадиий безаш ишлари ҳам композициянинг умумий қонуниятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Шунинг учун ҳам бу ишлар безакчи рассомдан етарлича билим ва малакаларни талаб қилиши билан бирга доимо композиция масалаларини диққат марказида тутишини тақозо этади.
Композиция лотинча «cомпоситио» сўзидан олиниб, тузмоқ, жойламоқ, яратмоқ ёки алоҳида қисмларни бутун қилиб бирлаштиришни англатади.
Бадиий безаш санъатида бажарилаётган ишларнинг таъсирчанлигини ошириш учун баъзан композициянинг маълум қоидалари бузилиши ҳам мумкин. Масалан, бадиий безак ишларида қўлланаётган янги, илгари ишлатилмаган материаллардан фойдаланиб маълум оригиналликка эришиш мақсадида ҳолат рўй бериши мумкин.
Бадиий безаш ишларида композициянинг асосан учта: текис, хажмли, кенг фазовий турларидан фойдаланилади. Буларнинг барчаси у ёки бу ғояни амалга оширишда, қандайдир бир умумий сифат ва белгиларига эга бўлади.
Фронтал композиция – бу иккита координаталар бўйича фронтал тасвирни ташкил этиш демакдир. Фронтал композициянинг характерли хусусияти унда хажмли элементларни ишлатишнинг чекланиши ва шу билан бир пайтда, унинг ўлчовларини катталаштириш имкониятларини ортиб боришидадир. Шунинг учун айрим рельефсимон тасвирлар (масалан, кандакорлик, ёғоч ҳамда ганч ўймакорлиги ва ҳоказолар) пластика қонуниятлари асосида қурилса ҳам, текис ёки фронтал композиция турига киритилади.
Мактабдаги бадиий безаш ишларининг кўп қисми, масалан, кўргазмали қуроллар, деворий газеталар, мавзули стендлар, таклифнома, табрикнома, альбом ва ҳоказолар фронтал композиция талаблари асосида бажарилади.
Композициянинг қурилиши маълум объектнинг вазифаси ҳамда мазмунига, ундан кўзланган мақсадга боғлиқ бўлади. Композициянинг асосий схемалари қуйидагилардан иборат.
Горизонтал композиция – бунда композиция элементларини горизонтал юзага жойлаштирилади, масалан, дала, шаҳар панорамаси ва бошқалар.
Вертикал композиция – актив, динамик композиция бўлиб, юқорига ўсиш, парвоз тасаввурини ҳосил қилади; унинг деталлари асосан тик чизиқ бўйича жойлашади.
Диоганал композиция – унинг қурилиши динамик ва шиддатли схемаларга асосланади.
Учбурчак ёки пирамидал композиция – бунда турғун, осойишта ҳолатга таянилади. Сурат юзасининг пастки қисми пирамиданинг асоси ҳисобланади.
Бадиий безаш санъатидаги фронтал композицияларнинг муҳим ҳусусиятларидан бири уларнинг юпқа юза тарзида ижро этишидир. «Фронтал композиция» термини французча – фронтале – ясси, рўпарадаги деган сўздан келиб чиққан.
Фронтал композиция бошқа тур композициялардан ҳажми, масофа ва кенгликни бериши билан фарқланади. Бу икки ўлчамнинг бирлиги бутун композицияни яхлит кўришга имкон яратади. Реал буюмларнинг тасвири асар юзасида шартли равишда тасвирланади.
Фронтал композициянинг томошабинга таъсири бир қанча омилларга боғлиқдир. Улардан бири композиция жойлашган кенгликнинг хусусиятларидир.
Бино интерьеридаги фронтал композицияларнинг таассуроти, аввало, бинонинг ҳажми ва шаклига боғлиқдир. Бундан ташқари, улар ҳар қандай бинода кўп учрайдиган турли хажмдаги жиҳозлар, масалан, мебеллар, қандиллар, турли ускуналар, асбоблар ва бошқалар билан ўзаро бирликда таъсир кўрсатади. Шунингдек, бинонинг ёруғлик ва ранг даражаси, хатто ундаги ҳарорат меъёри ва интерьернинг акустик ҳислатлари ҳам катта роль ўйнайди. Фронтал объектлардан баъзи турлари, масалан, тематик альбомлар, табрикномалар, ёрлиқ ва бошқалар уларни сақлашнинг муносиб даражада уюштирилишини талаб этади.
Бинодан ташқаридаги плакатлар, чақириқлар, эълонлар мактаб ичидагиларига қараганда йирикроқ, кўзга яққолроқ ташланадиган қилиб тайёрланиши керак. Шунинг учун уларни ёғингарчиликка ва ёрқин қуёш нурига чидамли материаллардан (асослар, бўёқлар) тайёрлаш лозим. Уларни пухта ва қулай қилиб ўрнатиш керак.
Ҳажмли композиция турли кўриш нуқталаридан идрок қилишга мўлжалланган уч ўлчовли кўринишда бўлади. Масалан, кўчалардаги шакли ҳар хил паннолар, ёдгорликлар ва ҳоказолар. Уч ўлчовли композицияда формаларнинг ҳажмлилиги ва тектоник қонуниятлари асосий роль ўйнайди.
Кенглик фазовий композициялар – томошабин бўшлиқ ичига кираётганида, ҳаракатда бўлган вақтида идрок этишга мўлжалланган муҳит ва элементларнинг бир-бирига нисбати демакдир. Истироҳат боғлари (баъзан мактаб тажриба майдони), шунингдек, интерьерда ташкил этилган кўргазмалар бунга мисол бўла олади.
Бадиий безаш санъатининг хусусиятларидан келиб чиқиб, ------ мазмуни ва вазифасига мувофиқ композициянинг бирор хусусияти бўртирилиши мумкин. Масалан, спорт мавзусидаги декоратив паннода композициядаги динамикани кучайтириб ифодалаш лозим.
Композиция ўз хусусиятлари билан пировард натижада бадиий безаш ишларининг юксак бадиийлигини таъминлайдиган асос бўлиб хизмат қилади.
Гармоник бирлик тушунчаси ўзида анчагина аспектларни мужассамлаштиради. Биз буюмни ёки асарни кузатар эканмиз, аввало унинг умумий кўринишига эътибор берамиз ва бўлакларини таққослаймиз.
Бадиий безакларнинг бир бутунлиги (яхлитлиги) композицияни ташкил этадиган барча қисмларининг ўзаро боғлиқлигидир. Элементларнинг гармоник бирлиги ўзида композициянинг хусусиятларини мужассамлаштиради. Бу эса ҳамма турдаги композицияларга хосдир. Лекин текис композицияларда фонга алоҳида эътибор берилади, чунки у композицияга кирувчи барча элементларни ўзаро боғлайди.
Композицияларнинг гармоник яхлитлигида ранглар ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Айниқса, ранг асосий роль ўйнайдиган мозаик панно, витражларда композицион гармонияга жиддий қараш лозим. Шундагина асарнинг ранг бирлиги эстетик таъсир этувчи энг асосий омиллардан бири бўлади.
Композиция қонуниятларидан асоссиз четлашиш одатда бадиий безаш ишлари мазмунини ҳам, эстетик моҳиятини ҳам пасайтиради. Масалан, иккинчи даражали элементларни ўзига бўйсундирувчи асосий элементга эътиборни кучайтирмай туриб, асарнинг таъсирчанлигига эришиб бўлмайди.
Асосий ва иккинчи даражали элементлар принципини санъатнинг барча турларида кузатиш мумкин. Масалан, архитектура санъатида бу принципни оқилона қўллаб ажойиб бино ва ансамбллар бунёд этилган. Рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва график асарлар ҳам ўзида композицион ва мазмун марказига эга бўлиб, у бошқа элементларни ҳам албатта ўзига бирлаштиради.
Агар композиция элементлари ўнг ва чап томонларда бир-бирига нисбатан бир хил жойлашса, улар композицион мувозанатда бўлади.
Элементлари унча кўп бўлмаган битта тасвир текислигида композицион мувозанатни сақлаш айтарли қийинчилик туғдирмайди. Унда элементларни симметрик тарзда тасвирлаш ва жойлаштириш принципига амал қилиш, яъни элементларни марказий ўқдан бир хил узоқликда, бир хил катталикда тасвирлаш билан амалга оширилади.
Композицион ечимларнинг асимметрик бўлиши бадиий безаш ишларида элементларни қўллаш учун маълум қулайликларни яратади. Бунда композицион мувозанат марказий ўқдан келиб чиқмайди,балки бунда композицион марказ у ёки бу томонга кўчирилган бўлади.
Текис асимметрик композициялар бир ва бир неча элементлар заминида қурилади. Бу элементларнинг характери ва ўзаро ўрин эгаллаши ҳар хил бўлиши мумкин.
Қадимги меъморлар ўз асарларида композиция воситаларини ўта моҳирлик билан қўллашган. Бухородаги Исмоил Сомоний мақбараси, Самарқанддаги Регистон ансамбли, Хивадаги Исломхўжа минораси, Тошкентдаги Кўкалдош мадрасалари ўзининг ўта мутаносиб формалари, фусункорлиги билан фикримизни исботлайди.
Қадимги Греция рассомлари табиатдаги ҳамма нарсаларнинг мутаносиблигига алоҳида эътибор бериб, унинг шакл ҳосил қилувчи қонуниятларини меъморлик, ҳайкалтарошлик, амалий санъат ва бошқа соҳаларда кенг қўллаганлар. Бундан ташқари, улар табиатдаги деярли барча нарсалар асосида геометрик шакллар ётишини аниқлашган.
Бадиий безаш ишларининг асоси бўлган интерьерларни ёритиш ва бўяш масалаларига ўзаро узвий боғлиқ ҳолда қараш лозим. Инсон кўзи сиртлардаги ёруғлик ва рангларни шу сиртларга тушаётган ёруғликнинг қайтиши натижасида идрок қилади. Сиртларнинг ёрқинлиги, биринчидан, уларни қандай рангли ёруғлик нурлари билан ёритилишига, иккинчидан, шу сиртга тушаётган нурларни қандай акс эттиришига боғлиқ.Кундузги ёруғликда ранглар ва уларнинг туслари яхши кўринса, кам ёритилган жойларда ранглар тўқнашади ва бир-биридан фарқланиши қийинлашади.
Ранглар спектрида мавжуд бўлмаган барча рангларни уч асосий кўрсатгичлари бўйича характерлаш қабул қилинган:
1. Ранг қайтариш коэффиценти ўлчанадиган ёрқинлиги (сиртга тушаётган ёруғлик билан сиртдан қайтувчи ёруғлик нисбатлари) билан.
2. Ранг тўлқинидаги айнан ўша рангнинг ўзи билан;
3. Рангнинг тўйинганлиги ва тозалиги билан (бу рангнинг ранглар спектридаги бошқа рангларга нисбат миқдори).
Интерьернинг ранги ва ёритилиши масаласида энг аввало кўриш қобиляти учун оптимал шароит яратиш талабларидан келиб чиқиш лозим. Ёруғлик ва ранглар дарс самарадорлигига, кўриш учун қулайлик даражасига, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг умумий саломатлигига бевосита таъсир кўрсатади.
Иш хоналарида – синфлар, лабораториялар, устахоналар, кутубхоналар ва умуман кўзга ҳамда диққатга зўр келадиган жойларда ёруғлик ва ранга меҳнатни енгиллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш, ўқувчиларнинг ҳиссиёти ва кайфиятини яхшилаш ҳамда тез чарчашининг олдини олиш воситаси сифатида керак.
Рангнинг психологик вазиятлари турли ранглар ва ранг бирикмаларининг кишилардаги ҳиссий ҳолатларга таъсир этиш қобилятидан келиб чиқиб яратилади. Гарчи рангни идрок қилишда кишининг шахсий хусусиятларига, ҳаётий тажрибасига боғлиқ жуда кўп субъективлик мавжуд бўлса-да, мутахассислар ранг кишига таъсир кўрсатишнинг қатор умумий хусусиятларини ифодалайдилар. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, хона ва интерьерларни жиҳозлаш, оммавий тадбирлар: мунозара, тантанали маросим ва кечалар ўтказиладиган жойларни безаш учун нурни фильтрлайдиган рангли ёриткичлар ва аппликациялардан фойдаланиш керакли кайфиятни вужудга келтиришда катта роль ўйнайди. Бунинг далили сифатида шуни айтиш мумкинки, мунозараларда сариқ, тўқ сариқ, яшил, оч жигарранг ёритгичлар ёрдамида қўшимча ишончлилик, ошкоралик вазияти, кечаларда оч тусли қизил, сариқ, тўқ сариқ, хаво ранг ёритгичлар орқали кўтаринкилик кайфияти, тантанали кечада сариқ, кўк, тўқ сариқ, яшил рангли ёриткичлар билан жиддийлик, батартиблик вазияти вужудга келтирилди.
Замонавий мактаб интерьерини бадиий безатишда унинг ёритилганлик даражаси муҳим аҳамиятга эга. Интерьерни ёритишда табиий ёруғлик манбаидан тўғри, оқилона фойдаланиш анча мураккаб ишдир. Бунда, биринчидан, хоналарнинг ёруғлик тушадиган томонини ҳисобга олиш зарур. Масалан, тасвирий санъат, бичиш тикиш машғулотлари учун ажратилган хоналарга табиий ёруғлик манбаи чап томондан тушиши мақсадга мувофиқдир. Чунки, айнан шундай ёруғликда рангларнинг нозик томонларини илғаб олиш учун қулай шароит туғилади. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ҳаво булутли пайтда бичиш-тикиш хонасида шуғулланаётган ўқувчилар қора матодаги 40 га яқин ранг тусларини фарқлай олишлари мумкин. Агар ҳаво чарақлаб турган бўлса, нурлар кўкимтир тус олади, бу эса рангларни таққослаш имконини пасайтиради.
Интерьерларни бўяшда бўёқлар рангининг таъсирини албатта ҳисобга олиш керак. Тиббиёт рангларни киши организмига таъсир қилиш жараёнини комплекс тарзда кечишини, яъни кўриш ва сезги органларини қамраб олишини исботлаган. Одам организми ранг ва ёруғликнинг озгина ўзгаришини ҳам сезади.
Айрим рангларнинг спецификаси ҳароратни, катталикни, оғирликни ва масофани руҳий ўзгаришлар билан идрок этишга олиб келади.
Оч рангларга бўялган сиртлар тўқ рангларга бўялган сиртларга нисбатан енгил, улардан юқорироққа чиқиб тургандай туюлади. Яна шу нарса маълумки, оч ранга бўялган буюм енгилроқ, тўқ ранга бўялган буюм эса оғирроқдек тасаввур қилинади.
Яна шуларга алоҳида эътибор бериш керакки, оқ девордаги қора доска оққа бўялган столнинг устки сирти ёки қора рангли стол ва парталар фонидаги оқ қоғоз, дафтарлар кўзни тез толиқтиради, ўқувчи организмининг умумий чарчаши ва меҳнат лаёқатининг сустлашишига олиб келади.
Кўриш майдонининг ён томонларидаги ёруғлик тақсимланишида хонадаги барча сиртларни умумий ёритиш муҳим аҳамиятга эга. Хонадаги сиртларнинг ёруғ қайтариш коэффицентлари юқори бўлса, қайтарилувчи тарқоқ нурлар билан ёритилади. Бунда тўқ, яланг соялар йўқолиб кетади.
Яна шуни таъкидлаш керакки, ёруғлик тушганда ялтираш хусусиятига эга бўлган буюмлар ҳар томонлама талабга жавоб берадиган қилиб ёритилган хоналардаги меъёрларни бузади.
Кўриш органи камроқ чарчаши учун синф хоналарини тўғри ёритиш билан бирга улардаги ранглар гаммасига ҳам жиддий эътибор бериш керак. Синф хоналарини бўяш учун ранглар спектридаги яшил, сариқ ва оқ ранглар энг оптимал ранглар ҳисобланади. Чунки кўз бу рангларга ўрганишда бошқа рангларга ўрганишдагига нисбатан камроқ чарчайди. Шунинг учун синф хоналарини тўйинганлик даражаси унча катта бўлмаган иссиқ гаммага бўяш керак. Иссиқ ёки совуқ гаммадаги рангларни танлашда маҳаллий шароитлардан келиб чиқилади. Катта сиртларни (девор, пол ва ҳоказоларни) бўяшда танланган ранглар кичик сиртларда унча ёрқин кўринмайди. Чунки катта сиртларга хонадаги бошқа сиртлардан қайтувчи нурлар кўпроқ тушади. Катта сиртларни кулрангга ёки унинг юқорида айтилган рангларга аралашмасига бўяш мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |