Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Олиб борилган тадқиқотнинг асосий мазмуни ва натижалари муаллифнинг 5 та илмий-амалий анжуманларда, жумладан, 3 та халқаро ва 2 та республика миқёсида ўтказилган илмий-амалий конференцияларда муҳокама қилинган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 24 та илмий иш, жумладан, 1 рисола чоп этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг диссертациялар асосий илмий натижаларини эълон қилиш учун тавсия этилган нашрларда 6 та мақола чоп этилган, жумладан, хорижий илмий журналларда 4 та мақола нашр этилган.
Диссертация тузилиши ва ҳажми. Диссертация таркиби кириш, уч боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат бўлиб, унинг умумий ҳажми 175 бетни ташкил қилади.
I БОБ. ВИРЖИНИЯ ВУЛФ ЭКСПЕРИМЕНТАЛ РОМАНЛАРИНИНГ БАДИИЙ СТРУКТУРАСИ
Виржиния Вулф ижодининг жаҳон адабиётшунослигида ўрганилиши
Танқидчиларнинг диққат эътибори ҳар доим Виржиния Вулфнинг асарларига қаратилиб келинган бўлсада, муаллиф улардан норози эди. 1932 йилнинг март ойларида Виржиния Вулф ўзининг кундалигида шундай ёзади: “Виржиния Вулф тўғрисида эндигина иккита китоб пайдо бўлди – Францияда ҳамда Германияда. Бу хавотирли хабар. Мен қандайдир бир шахсга айланиб қолмаслигим керак”.13 Аммо шу йилдаёқ Лондонда инглиз адибасининг Уинфред Холтби томонидан ёзилган биографияси нашрдан чиқади.14 Вулф вафотидан кейин унинг ижодини тадқиқ этиш жараёнида иккита босқич яққол ажралиб туради. Биринчи босқичнинг шаклланишида Виржиния Вулфнинг яқин дўсти ёзувчи Э.М.Форстернинг таъсири аҳамиятли эди. Виржиния Вулф Э.М.Форстернинг фикрларини ғоят даражада қадрлар эди (“Мен нима ёзаётганлигимни ва умуман нима қилаётганлигимни Морган Форстердан ташқари ҳеч ким тушуна олмаганлигини, англай олмаганлигини ҳар доимо ҳис этардим”15)
1925 йил Э.М.Форстер ўзининг “Виржиния Вулфнинг илк романлари” номли мақоласида инглиз прозасини суратлар галереясида текис жойлашган Генри Филдингдан тортиб то Арнольд Беннетгача бўлган портретлар билан таққослайди. Ва Виржиния Вулф ҳақида ўзининг ғоят аҳамиятли бўлган қуйидаги фикрини билдиради: “У мана шу галереяни бузишни истайди... аммо унинг ўрнига нимани жойлаштириш мумкин? Қандайдир бир текисда, бир маромда бўлган асарлар. “Жейкоб хонаси” бир нуқтага ўраладиган аллақандай спиралсимон манзарани ёдга солади, “Дэллоуэй хоним” эса – қандайдир бутхонани”.16
“Жейкоб хонаси” ва “Дэллоуэй хоним” романларининг бадиий тузилишидан завқланган Форстер, шунга қарамай, бу асарларни моҳирона яратилганлиги Вулф персонажлари ҳаётийлигининг камчиликларини тўлдириб туришини тан олади, – ҳа айтганча, унинг услубига нисбатан “илҳомланган руҳсизлик” деган эпитетни қўллаши бежиз эмас. Ва 1941 йили Кембрижда ўқиган маърузасида Э.М.Форстер адибанинг романларидаги персонажларнинг ҳаётийлигига бўлган шубҳани ифода этаркан унинг ажиб услубига асосий эътиборни қаратади”.17
Шунинг учун, ўтган асрнинг 40-50 йилларида нашр қилинган Виржиния Вулф ижодини тадқиқ қилишдаги Ж.Беннет, Р.Л.Чемберс, Д.Дэйчез, Б.Блэкстоун ҳамда Д.Хэфлиларнинг муҳим ишлари, Уолтер Алленнинг “Анъана ва орзу” (Москва,1970) ва Арнольд Кеттлнинг “Инглиз романи тарихига кириш” (Москва, 1966) номли рус тилига таржима қилинган китобларида Виржиния Вулфга бағишланган махсус боблари асосан, И.Рантавварнинг таъбири билан айтганда, Виржиния Вулф романлари асосида ётган “наср ва шеърият орасидаги холис территория”18ни ўлчаш ва ифодалашга қаратилганлиги тасодиф эмас эди. Бундай илмий тадқиқотларнинг юксак вазифаси Виржиния Вулф ижодини модернистик адабиёт оқимида яратилганлигини қайд қилиш, ХХ аср адабий жараёнида инглиз адибасининг ўрнини белгилаш ёки, Харольд Блумнинг атамаси билан айтганда, унинг романларини Ғарб қонун қоидаларига хослигини таъкидлашга интилиш эди.
Кейинги ўн йиллар давомида унинг романларининг конкрет жиҳатларини ўрганишга катта аҳамият берилган эди. Аммо бунда парадоксал вазият юзага келмоқда. Албатта, Виржиния Вулф ижодининг, поэтикасининг “ноанъанавийлиги”га, “ўзига хослиги”га ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ, бундай ўзига хосликнинг ҳамда унинг асарларидаги шаклан янгиликларнинг манбасини тадқиқотчилар кўпинча тўғридан-тўғри адабий амалиёт билан алоқадор бўлмаган қандайдир “ташқи” ҳолатлардан топишга ҳаракат қиладилар. Бошқача айтганда, Виржиния Вулф асарлари поэтикасининг ички қонуниятларини изоҳлаш учун ташқи омиллар жалб этилади: Виржиния Вулф руҳиятининг, ўзгалар билан мулоқот доирасининг ўзига хослиги, унинг турли хил фалсафий ҳамда эстетик назариялардан хабардорлиги, замонавий жамиятга бўлган муносабати, асарларида аёллар масаласи ва ҳоказо.
Виржиния Вулф асарларида мавжуд бўлган реалликка фалсафий нуқтаи назардан тўкис изоҳ беришга уринаётган танқидчилар орасидан Жозефин Обрайен Шефер биринчилардан ҳисобланади. Тадқиқотчи бундай реалликни учта асосий элемент билан изоҳлайди: табиий феномен, ижтимоий ҳаёт ва персонажларнинг ички дунёси. Адиба романларини мана шу уч унсурнинг ўзаро алоқаси асосида талқин этишга ҳаракат қилади.19
Яна бир тадқиқотчи, Н.Такур адабиётшунослар эътиборини Виржиния Вулф романларидаги рамзлар ҳамда мавзуларга (рамзлар ва мақомлар) жалб этади ва уларни ҳинд адабиёти ҳамда афсоналари20 билан қиёсан боғлайди. Бошқа бир тадқиқотчилар Виржиния Вулф романларини кўпроқ “Блумсбери гуруҳи”21 иштирокчиларининг ижоди билан боғлайдилар (ҳа айтганча, бу атаманинг кашф этилиши ҳам айнан Виржиния Вулфга мансуб – У.Ф). 1972 йил адибанинг жияни Квентин Белл томонидан Виржиния Вулфга бағишлаб ёзилган икки томлик биографияси нашрдан чиқади. Шу билан параллел равишда унинг эпистоляр, яъни нома тарзида битилган мероси “Адибанинг кундалиги”, эссе ва ҳикоялар тўплами ҳамда машҳур романлари қайта нашр этила бошланди. Виржиния Вулф ижодига бағишланган китоб ва мақолалар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Шу сабабли бизнинг назаримизда кўпроқ аҳамиятли бўлган баъзи асарларинигина келтириб ўтамиз.
Харвена Рихтернинг Виржиния Вулф услубидаги “Ўзимга саёҳат” монографияси аввало унинг силлиқлик нуқтаи назарида ёзилган: “Инсонлар, предметлар, манзаралар... персонажнинг кўплаб жиҳатларини ўзида акс эттирувчи кўзгулар орасида турадилар. Аммо, персонаж бу акс эттириш жараёнини ифодаламайди. Ўқувчи икки баравар ортиқ кўриш имкониятига эга бўлади – персонаж каби кузатиб ўзининг дунёсини кўра олади, у бундай акс этишларнинг олачалпоқ шуълаларини ҳис этади”. Бизнинг назаримизда Виржиния Вулфнинг асарлари бир-бирига қарама-қарши бўлса-да, муаллиф учун энг асосийси акс эттириш эмас, балки борлиқни, реалликни англаш ва идрок этишдан иборат эди.
Виржиня Вулф ижодини синчиклаб ўрганган ишлар орасида Элис ван Верен Келлининг тадқиқоти алоҳида эътиборга лойиқ. У ўз тадқиқотида ҳикоя қилиб бериш маромини, яъни ритмни яратувчи усулга, моддий ва маънавий тафовутга асосий эътиборни қаратди. Унинг сўзларига кўра “Виржиния Вулф учун факт олами, далиллар дунёси бу табиийлик ҳамда чегараланганлик, чекланганлик оламидир; кўриш, ҳис этиш олами бу маънавий бирлашиш дунёсидир. Аммо бу оламларнинг бирортасини бир-биридан айро ҳолда тасаввур этиб бўлмайди...”.22
Жеймс Нэйрмор “Олам ўзисиз” номли тадқиқот ишида Виржиния Вулф томонидан ўраб турган борлиқни тушуниш, англаш, идрок этиш йўлини топишга ҳаракат қилади ва адибанинг техник янгиликларини” унинг романларининг визионар характери”23 билан боғлайди. Аммо, бундай қизиқарли тадқиқотларнинг кўплигига қарамай мазкур иш ҳам ғарб вулфшунослиги учун етарли даражада намунали иш ҳисобланади. Виржиния Вулф экспериментал романларидаги шаклан янгиликларни тадқиқотчилар таҳлил этаркан бундай техник янгиликлар биринчи навбатда борлиқнинг акс эттирилишига эмас, балки уни англаш, идрок этишга асосланган “матн-реаллик” янги модел қурилмаси билан шартланганлигини гоҳо эътибордан четда қолдирадилар.
Виржиния Вулф ижодини ўрганишнинг иккинчи босқичи ХХ асрнинг етмишинчи йиллари охири – саксонинчи йилларнинг бошларига тўғри келади ва энг аввало америкалик тадқиқотчилар фаолияти билан боғлиқ. Бу даврда инглиз адибаси ижодини ўзига хос “актуаллаштириш” жараёни рўй беради. Адабиётшуносликда Виржиния Вулф романларининг талқини ва умуман ХХ аср биринчи ярми адабий жараёнида унинг тутган ўрни тафтиш этилади. Мисол учун унинг ижодига ўша даврларда машҳур бўлган “Йель мактаби”нинг йирик вакилларидан бири америкалик тадқиқотчи Ж.Хиллис Миллер тўғридан-тўғри мурожаат қилади. 1970 йилда тадқиқотчи Виржиния Вулф ижодини ХIХ аср романлари24 билан изчиллигини таъкидлаган бўлса, 1982 йилда нашр этилган “Наср ва такрорлаш” китобига киритилган “Воқеалар аро” романи ҳақидаги махсус бўлимида у Виржиния Вулф романларини матннинг иккита маъноси аро “ланж ўйин”нинг намойиши сифатида қарайди.25
1980 йилда Калифорния университетининг нашриётида, Берклида “Виржиния Вулф: қайта баҳолаш ва такрорлаш” деб номланган сарлавҳали мақолалар тўплами чоп этилади ва ўзининг кириш сўзида тўплам муҳаррири Ральф Фридман бирмунча ажабланиш билан шундай ёзади: “Виржиния Вулфнинг ренессанси – маданият тарихчиларини шунчалик бошини қотириб гангитадиган кутилмаган воқеалардан биридир ”.26
Ҳозирги кунда ҳам устунлик касб этиб турган Вулф ижодини феминизм нуқтаи назаридан қараш йўналиши параллел равишда мавжуд. Инглиз адибасининг шахсий ва ижодий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган академик адабиётшунослик нуқтаи назаридан “маргинал” ҳисобланган воқеалар муҳим аҳамиятга эга. Виржиния Вулф нафақат тарихий-адабий жиҳатдан, балки замонавий жамиятда аёлларнинг ўрнини белгилаш соҳасида ҳам эътиборли сиймо ҳуқуқини қозонди. У аёл-муаллифни тобелик позициясидан тенг ҳуқуқлилик ҳолатига ўтишни англатувчи сифатида гавдаланади. Бу борада Рейчел Боулбининг фикри эътиборга лойиқ: “Виржиния Вулф – барча адабий оқимларнинг мунаққидлари томонидан жиддий ўрганиладиган ХХ асрнинг ягона Британиялик адибасидир”.27 Шуни таъкидламоқ лозимки, бу йўналиш танқидчилари ўзларининг муҳокамасида асосан М.М.Бахтин ҳамда “децентрация” ва “полифонияга” алоҳида эътибор қаратган француз постструктурализми ғояларига, ҳар қандай иерархияни бузилишига таяниб, асар тузилиши барча элементларининг тенг ҳуқуқлигини тан олиб ўзларининг қарашларини шундай тарзда баён қилишга мойилдирлар, яъни “маргинал” тенг адолатли эмас, балки бундан ҳам муҳимроқ. Чунончи, Виржиния Вулфни феминистча талқин этиш28га салмоқли ҳисса қўшган Жейн Маркус ўзининг мақолаларидан бирида, адибанинг синглиси Ванессе Беллга ёзган хатида ўчирилган бир сўз асосида Вулф томонидан “эркак ва аёл” категориясини идрок этилишининг бутун бир назариясини ишлаб чиқди.29
Бу борада Йорк университети профессори Гермиона Лининг ҳам қарашлари аҳамиятлидир. У 1977 йилда Виржиния Вулфнинг романнавислик ижоди тўғрисидаги монографиясининг деярли биринчи саҳифасида шундай ёзган эди: “Бу китоб Блумсбери ҳақида эмас. Унда Виржиния Вулф мунаққид ва эссешунос ёки биограф сифатида қаралмайди. Бу унинг тўққизта романининг адабий тадқиқи”.30 Бироқ, 1996 йилда Гермиона Ли Виржиния Вулф биографиясини нашр эттиради. Унда, аксинча, инглиз адибасининг ижоди фақатгина унинг ҳаётий қарашлари, нуқтаи назарлари асосида кузатилади. “Independent” газетасида чоп этилган “Виржиния Вулф: аёл образига муносабат” номли маънодор сарлавҳали мақоласида Гермиона Ли Виржиния Вулфнинг олдинги икки томлик биографиясининг асосий камчилиги унинг автори Квентин Белл инглиз адибасининг ҳаёт тарзини асоссиз равишда сиёсийлаштирганлигини кўрсатади.31
1992 йилдан бошлаб ҳар йили ўтказилиб келинган, инглиз адибасининг ижодий фаолиятининг турли жиҳатларига бағишланган халқаро анжуманлардаги маърузалар мавзулари ҳам, интернетдаги Virginia Woolf Web сайтидаги материаллар ҳам Виржиния Вулф ижодини феминистчасига талқин қилиш томонига асосли равишда ўтишни тасдиқлаб турибди.
Мунаққидлар билдираётган хулоса ва фикрларни бир томонда қолдириб, уларнинг талқини баъзида ҳақиқат бўлиб чиқишини айтиб ўтиш жоиз. Масалан, Виржиния Вулф романларининг ўзига хослиги унинг замонавий адабиётда ва бундан ҳам кенгроқ олиб қаралганда замонавий жамиятда аёлнинг тобе ҳолатини англашидан эканлиги мунаққидлар учун ҳамма томонидан қабул қилинган тушунча ҳисобланади. Айнан шундай “ижтимоий-сиёсий” мезон инглиз адибаси романларининг услуб борасидаги барча изланишларининг таянч нуқтаси сифатида қаралади. Виржиния Вулф ҳатто ўзининг “Жаноб Беннет ҳамда Браун хоним” номли эссесида фараз қилинган адабий асарининг қаҳрамони сифатида аёл образини танлаб, эдвардианц ёзувчилар – А.Беннет, Д.Голсуорси, Г.Уэллсларнинг романларида бу образни гавдалантира олмасликликлари мутлақо жинсий фарқ ёки ижтимоий мансублиги учун эмас, балки уларнинг адабий услуби билан боғлиқлигини яққол кўрсатиб берди. Бундан ташқари Виржиния Вулф ўша эссесида тўғридан-тўғри бу ёзувчиларнинг асосий камчилиги ҳақида шундай ёзади: “эдвардианцлар ҳеч қачон персонажларнинг ўзи ёки китобнинг ўзи билан қизиқишмаган. Улар нимадир ундан ташқаридаги нарсалар билан қизиқишган”32 – яъни, феминистлар мактаби Виржиния Вулф учун “асосий мавзу” сифатида қараган ва матндан ташқаридаги реалиялар билан қизиқишган. Виржиния Вулфни ўзи ҳақиқатда қандай бўлганлигига қарамай ундан яхшигина “эдвардиан аёл” қилишмоқда, дейиш мумкин.
Рус адабиётшунослигида инглиз адибасининг ижодига берилган муносиб баҳони “Инглиз адабиётининг тарихи” (1958) китобининг учинчи томидан топиш мумкин. Бу ерда Виржиния Вулфнинг услуби “психологик мактаб” услуби билан бирлашади: “Тафаккур воқелигининг мустақил аҳамиятга эга эканлигига, инсоннинг ижтимоий фаолияти эса қандайдир иккинчи даражали ёки умуман мавжуд бўлмаганлигига ишониш, ижтимоий ҳаёт қонуниятларини очиб бера олмаслик ёки истамаслик, ижтимоий алоқалар ёхуд зиддиятлар – буларнинг барчаси психологик мактаб ёзувчилари асарларининг ўзига хос белгиларини билдиради: сюжет, тугун ҳамда ечим, кетма-кет ва узвий ривожланиб борувчи воқеаларнинг мавжуд эмаслиги...”.33 Виржиния Вулф ижоди аввало танқидий нуқтаи назардан ўрганилди, негаки юқорида айтиб ўтилган “ижтимоий ҳаёт қонуниятларини очиб бера олмаслик ёки истамаслик” уни кўз илғамас ғоявий тўсиқлар томонига ғайри ихтиёрий равишда ўтказиб қўйди.
1965 йилда чоп этилган “ХХ аср инглиз романи:1918-1939” номли монографиясида Д.Г.Жантиева инглиз адибасининг романларидаги етарлича воқеаларнинг қатори мавжуд эмаслигини кўрсатади. Бу унинг услубининг шубҳасиз камчилиги дея эътироф этади: “Вулф асарларида одамлар ва воқеа-ҳодисалар ҳаётий ҳолатлардан “озод” ҳолда гавдаланади. Унинг романларида ҳаётий зиддиятларнинг мазмун маъносини очиб берувчи воқеа-ҳодисаларнинг сюжети мавжуд эмас, композиция биринчи навбатда айнан ташқи ўзаро муносабатларга қаратилган”.34
Бироқ, Н.П.Михальская “1920-1930 йилларда инглиз романининг ривожланиш йўллари: қаҳрамонни излаш ва йўқотиш”номли китобида инглиз адибаси ижодий услубининг хусусиятлари реалистик роман билан таққосланганда воқеликни бошқача идрок этиш билан чамбарчас боғлиқлигини тўғридан-тўғри айтиб ўтади: “...унинг идрокида воқеликни тасвирлаш – бу қаҳрамоннинг субъектив ҳис-туйғуларини, ҳиссиётларини мукаммал бера олиш; унинг фикрича санъатнинг вазифаси – бениҳоя турли туман таассуротларни бор қарама-қарши мушкулликлари билан тасвирлаш бўлмоғи зарур”.35
Инглиз адибасининг бир нечта асарларининг рус тилидаги таржималарининг пайдо бўлиши Виржиния Вулф ижодини ўрганишга навбатдаги туртки бўлиб хизмат қилди. Бу нашрларга қоида бўйича Е.Гениеванинг кириш сўзлари чоп этилди. Масалан, бунга “Дэллоуэй хоним” романининг таржимасига “Новый мир” журналининг 1988 йил №9 сонидаги, “Маёқ сари” романининг таржимасига “Иностранная литература” журналининг 1991 йил №9 сонидаги ва Виржиния Вулфнинг бир томлик “Танланган асарлар”ига (Москва, 1989) ёзилган “Факт ҳақиқати ва ҳис этиш адолати” номли кириш сўзлари мисол бўлади. Бу ерда ҳам Вулф асарлари услубининг ўзига хослигига урғу берилади, жумладан, “Дэллоуэй хоним” романида сюжетнинг йўқлиги тилга олинади: “Ташқаридан қаралганда сюжет ва фабула асосида ҳикоя қилишнинг йўли сақлаб қолинган бўлсада, романда айнан анъанавий тарзда воқеани баён қилиш усули мавжуд эмас. Асл классик роман поэтикасига хос бўлган воқеалар занжири йўқ”.36
1988 йилда “Тартус давлат университетининг илмий альманахларида: “Роман-герман филологияси тўплами”нинг 792-сон”и Т.Залитенинг “Тафаккур оқими таърифлаш услуби сифатида: Виржиния Вулф, “Дэллоуэй хоним” романи” номли мақолалари чоп этилади. 1990 йил Н.П.Ольшанскаянинг “Виржиния Вулф романларининг маънавий жиҳатлари”, “Йиллар” (“Чет эл адабиётида маънавий-ахлоқий масалалар” тўпламида, Пермь,1990), Н.К.Ильинанинг “Виржиния Вулф ҳамда Олдос Хаксли ҳикоялари” (“Тарихий-адабий жараёнда бадиий тизимларнинг ўзгартирилиши” номли тўпламда, Свердловск, 1990), Н.И.Бушманованинг “Давр ва ёзувчининг ижодий индивидуаллиги” номли тўпламда “Инглиз эссе анъанасида В.Вулфнинг адабий эссешунослиги” номли мақолалари чоп этилди. 1992 йилда унинг (Н.И.Бушманова) “Инглиз модернизми: психологик проза” (Ярославль, 1992) номли ўқув қўлланмаси нашр қилинди. Бу қўлланмада икки модернист ёзувчи В.Вулф ҳамда Д.Х.Лоуренс ижоди ёритилади. 1994 йилда Н.П.Михальскаянинг Вулф тўғрисида алоҳида бобни ўз ичига олган “Модернизм: Австрия, Англия, Германия адабиёти” (Москва, 1994) номли ўқув қўлланмаси пайдо бўлди. Ва ниҳоят, 1997 йилда Н.П.Михальская инглиз адибасининг бутун ижодига бағишланган, умумлашма маълумот берувчи биографик кўринишини яратади. Ўзбек адабиётшунослигида Виржиния Вулф ижоди илк даврга профессор М.Н.Холбековнинг “Виржиния Вулф” мақоласида кенг ёритган бўлса, унинг асарларидан намуналар Эшқобил Вали томонидан таржима нашр этилди.37
Do'stlaringiz bilan baham: |