Қўлёзма ҳуқуқида УЎК: 8(075)(Англ)


Виржиния Вулф ижодида экспериментал романнинг икки тури



Download 273,23 Kb.
bet7/21
Sana22.02.2022
Hajmi273,23 Kb.
#87670
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   21
Bog'liq
Файзуллаева У.И диссертация

1.2 Виржиния Вулф ижодида экспериментал романнинг икки тури
Модернизм оқимига оид барча адабиётларда келтириб ўтиладиган қуйидаги машҳур жумла айнан Виржиния Вулфга тегишли: “1910 йилнинг декабрларида инсонлар табиатида ўзгариш юз берди... Барча кишилар ўртасидаги инсоний муносабатлар ўзгарди – хўжайинлар ва хизматкорлар ўртасида ҳам, эр ва хотинлар ўртасида ҳам, ота-оналар ва фарзандлар ўртасида ҳам”.38 Рассом ва санъатшунос, Виржиния Вулф каби “Блумсбери” гуруҳи аъзоси Роджер Фрай томонидан ташкил этилган постимпрессионистларнинг биринчи Лондон кўргазмаси Виржиния Вулфнинг бундай фикр билдиришига сабаб бўлди “Қачонки кишилар ўртасидаги инсоний муносабатлар ўзгарар экан динда ҳам, одоб-ахлоқда ҳам, сиёсатда ҳам ва ниҳоят адабиётда ҳам ўзгариш юз беради”.39
Санъатда тамоман, адабиётда эса қисман бундай ўзгариш тез орада “модернизм” номини олди. Виржиния Вулф сўз боши сифатида айтиб ўтган ўша ўзгариш даври ҳисоб-китобига қўшилиш ҳам мумкин, қўшилмаслик ҳам мумкин, аммо бошқа минтақаларга нисбатан Англия бу ўзгаришни тўлалигича бошдан кечирди. Виктория даври адабиётининг яққол кўриниб турган яхшигина йўлга қўйилган барқарорлиги ўрнига қандайдир янги, ўз табиатига кўра тартибсиз, аралаш-қуралаш бўлган нарса бостириб келди, модомики модернистик ҳаракат адабиёт асосини қайта кўриб чиқди ва унинг негизига путур етказди.
Биринчи ўринда санъат моҳияти қайта кўриб чиқилди, тафтиш этилди. “Модернизм, – деб ёзади Девид Лодже, – санъатга тақлид қилиш сифатида қараладиган ғоялардан воз кечди ва уни мустақил фаолият сифатида кўриладиган ғояларга алмаштирди”.40 “Мимесис”, яъни воқеликка тақлид қилиш нуқтан назари тарзи ҳалигача модернистлар учун барқарорлигича қолган бўлсада, лекин тақлид қилиш зарур бўлган ўша “воқелик” тушунчаси ўзгарди. Борлиқ, воқелик эндиликда бир бутун яхлит тарзда, ҳаракатсиз қотиб қолган ошкорлик сифатида идрок этилмайди – унга нисбатан конкрет, аниқ нуқтаи назар билан идрок этиладиган қандайдир бир ўзгарувчан нарсадир. Оламнинг бундай нисбийлиги борлиқ ҳақидаги барча инсоний тасаввурларнинг нисбийлигини вужудга келтиради. Барчаси алоҳида бир инсон, биргина тафаккур, битта онг томонидан бошдан кечирилади. Воқеа-ҳодисанинг мазмун-маъноси, демак шу воқеага шоҳид бўлаётган ва уни у ёки бу маънода тарқатаётган кимсанинг қарашлари ва нуқтаи назарлирига боғлиқ. Виржиния Вулфнинг “воқеа-ҳодисалар мавжуд эмас” деган фикрини айнан шундай талқин этиш мумкин (Менинг фикрим, нуқтаи назарим шундан иборатки ҳақиқий воқеа-ҳодиса амалда мавжуд эмас – на воқелик, на вақт). Романчилик борасида бу каби эътирофлар кўплаб турли-туман “ҳикоя ва қиссалар”нинг қўлланилишига олиб келади, воқеа-ҳодисаларни турли нуқтаи-назардан тасвирлаш ва оқибатда ҳар ерда ҳозиру нозир муаллиф-ҳикоянавис фикридан узоқлашиш. Проф. Н.П. Михальская одилона айтиб ўтганидек: “Объектив олам йўсини персонажлар онгида ўзгача гавдаланади, тасвирлаш ракурси бир жойдан бошқа ерга кўчиб юрувчи фикрга боғлиқ”.41
Бундан ташқари, оламнинг нисбийлигини эътироф этиш изчил равишда, пайдар-пай тобора ривожланиб борувчи воқеа-ҳодисалардан, объектив воқеликни тасвирлашдан воз кечиш ва аксинча инсоннинг ўзгарувчан, узуқ-юлуқ, субъектив ҳаётини тасвирлашга олиб келади. Алан Фридман буни шундай ифодалайди: “Биринчидан, аста-секин бора-бора роман тузилиши анъанавий роман сюжети тузилишдан сюжет чизиғи персонаж тафаккурига туташган модернизм романи тўри тузилишига қараб ўзгарди. Иккинчидан, романнинг куч-қуввати иккита марказни – индивидуал “мен” ва ижтимоий оламни қарама-қарши қўйишдан мувозанатлашмаган “мен”га кўчиб ўтди”.42 Мана шундай роман тўри учун бирор нарса охиригача тўла-тўкис ҳал этилмаган воқеликни очиқ-ойдин акс эттириш илинжидаги асар якуни очиқ-ойдинлигига интилиш ҳам ўзига хосдир ва барча нарсалар доимий ҳаракатда, шаклланишда – ва бу доимий жараён тарихнинг ҳар қандай илоҳийлигини, ҳар қандай ривожланишни инкор этади: “Йигирманчи йиллар адабиётидаги муҳим элемент – бу тарихга ҳам, тараққиёт ғояларига ҳам чуқурлашиб бораётган ишончсизлик, бу эҳтимол 1920-йиллар адабиётида кенг тарқалган символизмга хос бўлган йўналишдир”.43 Бундан ташқари шуни таъкидлаш лозимки, реализм романига хос бўлган тарихий давр модернистик роман учун психологик давр (ички, яъни ботиний бошдан кечирилади) ёки рамзий давр (рамзий маънода идрок этилади, тарихий воқелик эмас) ҳисобланади.
Айниқса эътибор “ташқи”дан “ички”га – атроф-муҳит, борлиқни англаш ва идрок этиш жараёнига кўчиб ўтади. Шу сабабли ўқувчига тушунарли бўлиши учун турли хил усуллар (шу жумладан, “онг оқими” ҳам) ишлатилади. Аммо, шундай бўлса ҳам, бундай тақдимотнинг вазифалари юкланган ҳатто романнинг тили бундан буён борлиқни бехато акс эттирувчи бир нарса каби “шаффоф” идрок этолмайди – тил ўзининг кўп маънолилиги билан ҳам доимо ўзгарувчан, кўз илғамас воқеликни янгича акс эттириш ҳамдир. 1920-1930 йиллар бошида Виржиния Вулф ижоди модернистик оқимга тааллуқли ва юқорида санаб ўтилган барча хусусиятлар у ёки бу даражада инглиз адибасининг барча экспериментал романларида учрайди. Аммо аҳамиятли жиҳати шундаки, Вулф ўзининг романнавислигидан ташқари модернизм назариётчиси ҳам ҳисобланарди, шу билан бирга у ўзининг эсселарида қўллаган адабий қонун-қоидаларни ҳар доим шахсий ижодида тасдиқлаб ҳамда асослаб беришга интиларди. Гермиона Ли ҳаққоний айтиб ўтганидек, “ўша даврда бирорта ҳам инглиз романнависи замонавий роман таркибини назарий таҳлил этишни ўзига хос бўлган услуб билан воқеликни ўзича ҳис этишини ҳар бир янги асарида акс эттиришга интилиш билан бирга қўшиб олиб бормади”.44
1918 йил 21 ноябрда Виржиния Вулф ўзининг “Кун ва тун” номли иккинчи романини якунлайди, 1919 йил 10 апрелда эса Лондон “Тimes” газетасининг адабий иловасида унинг унча катта бўлмаган “Замонавий романлар” (кейинчалик бу мақола Виржиния Вулфнинг “Оддий китобхон” деб номланган эсселар тўпламида “Замонавий бадиий наср” номи билан қайта нашр эттирилади) деб номланган мақоласи босилади. Бу мақола инглиз адибаси ижодида мутлақо янги босқич бошланганидан дарак берарди.
Фикримизча, бу ерда бироз ортга қайтмоқ зарурга ўхшайди. Ўтган юз йилликда воқеликни ёрқин ифодалаган реалистик роман гуллаб яшнади. Реалистик роман барча жабҳаларда умумлашишга, ўз ўқувчилари учун тўғридан-тўғри ёки билвосита қандайдир “ҳаёт дарслигига” айланишга уринди. Роман жанрининг ўзи журналистика билан узвий боғланди, чунки унда ижтимоий ҳаётнинг жорий воқеа ва ҳодисалари тез-тез ёритилиб турарди ва бу муҳим ҳодиса ҳисобланарди. Тадқиқотчи С.П. Миттал шундай ёзади: “Эҳтимол, Стерн, Жейн Остин, опа-сингил Бронтелар, Мередит ва Гардилардан ташқари XVIII аср ва викториан даври романистлари педагоглар эди, уларнинг ижоди эса ибратли ижтимоий ўзгаришларнинг далили бўлиб хизмат қилди. Уларнинг жиддий фикр-мулоҳазалари шахсий асарларининг услубига эмас, балки муайян маъно келтириб чиқарувчи баъзи ижтимоий схемаларни тасаввур этишга йўналтирилган эди”.45
Аммо, йигирманчи аср бошланиши билан романнависликда “муайян маъно келтириб чиқариш” ягона мақсад бўлмай қолди. Бу тўғрисида Т.С.Элиот ҳақ гапни айтган эди: “Флобер ва Жеймс билан бирга роман ҳам тугади”.46 Ва натижада, романчилик жанридаги барча кейинги экспериментлар бемалол деструкция (бирор нарсанинг нормал тузилишининг бузилиши) атамаларида кўрилиши мумкин: “Ёзувчи-модернистлар ўз ижоди билан романчилик структурасини буздилар”.47
Виржиния Вулф ўзининг “Замонавий бадиий наср” деб номланган эссесида замонавий роман ёзилиши лозим бўлган янги нуқтаи назарларни биринчилардан бўлиб белгилаб берди ва “бир нечта ёш қаламкашларнинг (улар орасида энг эътиборга лойиқ бўлган Жойс ҳам бор)” ижоди билан инглиз реалистик романи (Виржиния Вулфнинг нигоҳида Г. Уэллс, А.Беннет ва Д.Голсуорсилар инглиз реалистик романининг ёрқин намояндалари) орасидаги масофани яққол кўрсатиб берди. “Мазкур учала ёзувчи тўғрисида ўз фикримизни бир сўз билан ифодалашимиз мумкин, биз уларни материалистлар деб атаган бўлар эдик. Айнан шунинг учунки, уларни қалб эмас, балки моддий шакл, яъни тана қизиқтирарди”.48
Виржиния Вулфнинг фикрига кўра, ёзувчини эзиб ётган, қочиш учун барча йўлларни тўсиб турган романнинг анъанавий бўлган услубининг ўзи “моддий”ликка эътибор қаратишга имкон яратади: “Афтидан, ёзувчини ўз эркин иродаси ушлаб турибди, лекин қандайдир қудратли ва виждонсиз, золим ҳукмдор ёзувчини комедия, трагедия ёзишга, севги-муҳаббатни тараннум этишга мажбурлаб қулга айлантиради. Ҳукмдорга бўйсунадилар; роман ўша услубда ёзилган. Аммо баъзида, вақт ўтиши билан, биз тез-тез қандайдир норозиликка ўхшаш бир лаҳзали шубҳага борамиз. Шу ҳам ҳаётми? Романлар шундай ёзилиши керакми? ”49 Ва шу ерда ажойиб қарама-қаршилик, зиддият вужудга келади. Бир томондан, Виржиния Вулф романнавис учун қандайдир “идеал услуб”ни таърифламоқда. Бу “идеал услуб” тафаккурга синггувчи “ўша сон-саноқсиз таассуротлар”ни қайд этишдан иборат. “Бу номаълум, ўзгарувчан ва кўз илғамас руҳиятни, қанчалик мураккаб бўлмасин аниқ ва равон қилиб тасвирлаш ёзувчининг вазифаси эмасми?” – деган савол Виржиния Вулф учун риторикдир (риторик – жавоби ичида бўлган савол). Аммо, бошқа томондан олиб қаралганда адиба ғоят симптоматик (дарак берувчи) изоҳ бермоқда: “Бу услубнинг қадр-қиммати шундаки, у бизни ҳаёт деб аталувчи нарсага яқинлаштиради”.50
Шундай қилиб, “материалистлар” Г.Уэллс, А.Беннет ва Д.Голсуорсилар аслини олганда, романнинг конвенциал услубига, “эскирган услубга” амал қилганликлари учунгина эмас, балки “бу номаълум, ўзгарувчан ва кўз илғамас руҳиятни” ифода этишга қобилиятсизликлари учун “реалистлар” деб аталишни рад этишади. Ва айнан шунинг учун Виржиния Вулф эссенинг охирида рус адабиётига мурожаат қилиб, шундай дейди: “Бадиий насрда ижод қилиш жараёнида рус адабиётини эътиборга олмаслик, вақтни беҳуда ўтказиш демакдир. Агар биз инсон қалбини тушунишни истасак, биз уни янада чуқурроқ, янада теран англаймиз”.51 Виржиния Вулф ижоди билан рус адабиёти ўртасидаги алоқа рус адабиётшунослигида алоҳида тилга олиниши бежиз эмас. Масалан, ўзининг эссесида Виржиния Вулф А.П.Чехов тажрибасига тўғридан-тўғри мурожаат этади. В.Е.Пэшко шундай ёзади: “Чехов инсон қалбининг ҳатто энг майда ҳис-туйғуларига чуқур қизиқиши, инсон ҳис-туйғуларининг қарама-қарши дунёсига эҳтиёткорона ва аниқ сингиб кира олиши билан Виржиния Вулфга яқиндир. А.П.Чеховнинг ташқаридан қаралганда унчалик муҳим бўлмаган тафсилот орқали инсон руҳиятининг барча қатламларига кириб бориши Виржиния Вулфда катта таассурот уйғотиб ўзига жалб этди.52 Виржиния Вулф И.А.Тургенев, С.Т.Аксаков, Ф.Д.Достоевский ҳамда Л.Н.Толстой (У ҳамиша “Уруш ва тинчлик” романини дунё адабиётидаги буюк роман деб атайди)ларнинг ижодини ҳам юксак қадрлаган. Юқоридагиларнинг барчаси Виржиния Вулф ижоди билан астойдил шуғулланган Н.И. Бушманова учун бутун аниқлик билан таъкидлашга имкон яратди: “Унинг (Виржиния Вулфнинг – У.Ф.) қарашлари рус адиблари билан қизиққан даврда шаклланди – биринчи ўринда, И.А.Тургенев ҳамда А.П.Чехов билан”.53 Ғарб адабиёти тарихчиси В.Фриерсоннинг фикрлари (1942) мана шу эътирофга жуда мос: “Руслар инсон қалбининг ҳолатига ва ҳис-туйғулар фожеасига эътибори билан инглиз адабиётига кеч бўлсада кучли таъсир ўтказди ва инглиз адабиётини тафаккурнинг ички дунёсига ҳамда субъективликга мослашишига кўмаклашди”.54
Шундай қилиб, “жисм”ни эмас, балки “қалб”ни, инсон руҳиятини – янада аниқроқ қилиб айтганда, инсон руҳиятининг ички фаолиятини тасвирлаш асосий мезонга айланди. Виржиния Вулф учун романнинг мавзусини ўзгариши романчилик структурасининг муқаррар ўзгаришига олиб келмоғи лозим эди: “Аммо, романнависнинг вазифаси ҳозирги кунда бўлганидек, биз тахмин қилганимиздек, ўтмишда ҳам ҳаётдан топганларини ёзиб қўйиш учун эркин, озод қолиш йўлини излаб топиш. Уни “бу” эмас, балки “у” қизиқтириши ва фақатгина “у” унинг асарини негизи бўла олишини мардона туриб айта олмоғи зарур. Модернистлар учун онг остида, руҳиятнинг етиб бўлмас чуқурликларида жойлашган “у” алоҳида қизиқиш ҳосил қилади. Илгарилари умуман эътиборга олинмаган “у”га дарҳол урғу берилади, бошқача шакл, бошқа қиёфа зарур бўлиб қолади; биз уни тута олмаймиз, боболаримиз унга умуман эриша олмаган”.55
Бундай назарий кўрсатмалар тезда рўёбга чиқди: эссе чоп этилгач деярли бир ойдан сўнг, 1919 йил 12 майда Вулфнинг “Хогарт Пресс” нашриётида, Т.С.Элиот56нинг шеърлар тўплами билан бир вақтда унинг “Кью боғлари” деган биринчи ҳикояси чоп этилади. 1921 йилнинг март ойида эса “Кью боғлари”дан ташқари яна еттита ҳикояси “Шарпали уй”, “Жамият”, “Ёзилмаган роман”, “Торли квартет”, “Мовий ҳамда яшил”, “Девордаги доғ” ҳамда “Душанбами ёки сешанба” деб номланган тўплами нашр этилади.
“Замонавий бадиий наср” номли эсседа инглиз адибаси томонидан баён қилинган дастурга тўлиқ мос равишда мазкур тўпламда бутун диққат эътибор кичик-кичик тафсилотларга, ҳаётнинг бир қарашда сезиларсиз бўлган томонларига қаратилган. Ушбу китоб айнан унинг (Виржиния Вулфнинг – У.Ф) анъанавий услубдан (илк асарлари “Саёҳат” (1915), “Кун ва тун” (1919) янги, романчилик жанрида ўз ифодасини топган экспериментал насрга ўтганлигидан далолат беради (“Жейкоб хонаси” бир йилдан кейин, 1922 йилда чоп этилган).
Тўпламга киритилган ҳикоялардаги реаллик А.Беннет, Г.Уэллс ва Д.Голсуорси романларидаги реалликка сира ўхшамайди. Ўраб турган борлиқ анъанавий объективлаштирилган шаклда тасвирланмаган, аммо янада чуқурроқ – субъектив тарзда идрок этилган.57 Харвена Рихтер одилона айтиб ўтганидек: “Виржиния Вулф предметга субъектив тарзда қарайди, у ўзининг ташқи қиёфасини фикрлар, хотиралар ҳамда инсон сезгилари орқали кашф этади... предмет персонажнинг тафаккури ҳамда ҳис-туйғулари орқали кўринишини ва рангини ўзгартириши мумкин; у “мен”нинг кўзгудаги аксига айланади”.58
Шунинг учун, исталган, ҳатто энг сезиларсиз тафсилот ҳам – масалан, девордаги доғ – бутун бир ҳикояни келтириб чиқариши мумкин (бу доғ илк маротаба қачон сезилди? Ўша пайтда нима содир бўлди? Ўшанда қандай фикрлар пайдор бўлди?). Нарраторнинг онгу шуури ўзига ташқи объектларни сўриб олади, аслида содир этилмаган шахсий воқеаларни ўйлаб топиб, улар ўртасидаги алоқани ташкил этади. Аммо, шундай бўлса ҳам, асосийси, улар содир бўлади.
Ҳикоя қилишнинг бундай усули қандайдир палеонтологияга ўхшаш: олимлар скелетнинг сақланиб қолган парчаси ёрдамида қачонлардир мавжуд бўлган ҳайвон қиёфасини тиклашади. Шунга ўхшаб, Виржиния Вулф ҳам эшикнинг тунда секингина эшитилган биргина тақиллашига таяниб бутун бир оламни яратиши мумкин. Масалан, бу ҳолатни “Шарпали уй” ҳикоясида кузатиш мумкин.
Шунга ўхшаш “адабий палеонтология” бевосита Виржиния Вулфнинг кейинги романларига ҳам ўтади. Бунга ёрқин мисол – унинг илк “Жейкоб хонаси” номли экспериментал романидир. Романда адиба томонидан илк бора дунёнинг тарқоқ парчаларини, қисмларини, турли персонажлар идроки орқали воқеликнинг алоҳида бўлакларини “бирлаштириш”га уриниш бўлган эди. Вулф таъбири билан айтганда бу ерда “ҳеч қанақа сюжет ҳам, комедия ҳам, трагедия ҳам, муҳаббат можаролари ҳам, фожеа ҳам бўлмаган ва эҳтимол, бирорта ҳам тугма Бонд-стрит тикувчилари қилган каби қадалмаган бўларди”.
1923 йилнинг март ойида “материалист” Арнольд Беннетт ўзининг “Роман ўлаяптими?” деб номланган мақоласини чоп эттирди. Бунда у илк бор Виржиния Вулф ижодига диққатини қаратади: “Мен Виржиния Вулфнинг тор давраларда шов-шувга сабаб бўлган “Жейкоб хонаси” романига қараганда оқил, қизиқарлироқ асарни жуда кам ўқиганман. Бу асар етилган ва ўзига хослиги билан кишини ҳайратга солади ҳамда нафис битилган. Аммо персонажлар ҳақиқатда таъсирчан эмасдек туюлади, модомики муаллиф астойдил бутун вужуди билан ёндашган”.59
Аслини олганда, Арнольд Беннет биринчи мунаққид ҳисобланади, аммо зинҳор инглиз адибаси романлари “ҳаётий”лигининг камчиликларини кўрсатиб берган ёлғиз танқидчи эмас. “Scrutiny”нинг 1941 йил июнь сонида Виржиния Вулфга бағишланган мақоладан цитата келтириш мумкин, жумладан унда шундай кутилмаган сўзлар бор: “Таъсирчан манзара, кимнинг муҳим талаб эҳтиёжлари уни ўраб турган борлиқнинг ҳукмрон манфаатлари томонидан қўлланмайди ва кимнинг истеъдоди ва профессионал қобилияти, эҳтимол, ҳақиқий ижтимоий аҳамиятга эга эмас , табиий ҳолда (агар таъбир жоиз бўлса) “хусусий тафаккур пуфагини” тўзғитиб юборишга мойил”.60
1941 йил Э.М.Форстер ўзининг Кембриждаги маърузасида А. Беннетнинг саволини такрорлайди: “Виржиния Вулф образлар ярата олишга қодирми? Бу шундай нуқтаки, унинг барча муаммолари шу нуқтага бориб тақалади, бу шундай заиф нуқтаки, у мунаққидларнинг ҳужум маломатларидан ҳимояланмаган нуқта... Воқеалар занжири ва мураккаб сюжет чизиғи билан қандайдир бошқа яхлитлик туфайли аҳамият бермаслик мумкин, аммо инсон моҳияти тўғрисида ёзаркансан беъихтиёр улар ҳаётий бўлишини истайсан. Виржиния Вулф ўз қаҳрамонларини руҳлантириб ҳаёт бахш эта оладими”. Ва бунга Э.М.Форстернинг жавобини ҳаддан ортиқ оптимистик деб бўлмайди: “кейинчалик ўзлари мустақил фаолият юритадиган адабий қаҳрамонларни яратиш ... Виржиния Вулф фавқулодда бунга эришди”.61 Виржиния Вулфнинг ижодини доимо тарафдори бўлган ва адиба унинг фикрларини юксак баҳолаган ёзувчининг бундай эътирофи адибанинг бутун ижоди юзасидан қатъий қарорга келгунга қадар ўсиб борувчи муҳим аҳамият касб этади. Ва ниҳоят, бизнинг назаримизда Н.П.Михальскаянинг фикри ҳақиқатга яқинроқ: “Виржиния Вулфнинг бадиийлиги ва санъаткорлигида характер категорияси реализм эстетикасининг ҳақли равишда унга (Виржиния Вулфга) тегишли бўлган ўринни эгаллайди. Ва шунинг учун ҳам унинг романларида мукаммал образ яратилмаган деб адибага таъна қилиш ноҳақлик бўлар эди. Виржиния Вулф бунга ҳаракат қилмаган ... ” 62
Бўлиши мумкин бўлган таъналарни худди олдиндан сезгандек Виржиния Вулф 1923 йил 19 июнда ўз кундалигига қуйидагиларни қайд қилади: “Арнольд Беннетга ўхшаган кишилар, мени ҳақиқий, жонли образ ярата олмайди, “Жейкоб хонаси” романида таъсирчан персонажлар йўқ деб айтишади. Менинг жавобим – аммо мен уни тақдим этаман – бугун персонаж бўлакларга сочилганлиги эски, Достоевскийдан кейинги ниҳоятда кўҳна далил. Аммо, бу жуда тўғри, менда реаллик истеъдоди мавжуд эмас деб ўйлайман. Мен иллюзиялар яратаман, реалликка ишонмай маълум даражада ёлғондакам – бу камчилигимдир. Давом этамиз. Ҳақиқий реалликни тасвирлашга қурбим, истеъдодим етадими? Ёки мен ўзим ҳақимда эссе ёзаманми?”
Ўз ўзи билан қолганида ёлғизликдаги шубҳаларга қарамасдан, унинг “The Nation and Athenaum” журналининг 1923 йил 1 декабрдаги сонида чоп этилган, жаноб Беннеттга қарата ёзган жавоби баҳснинг шунчаки давоми бўлиб қолмасдан ундан ҳам кўпроғига даъво қилди – унда Виржиния Вулф бутун инглиз адабиётига баҳо беради: “Ҳозирги пайтда биз инқироздан жабр кўраётганимиз йўқ, аксинча бизда ёзувчилар ҳамда китобхонларни ҳаяжонлантирувчи дўстона мулоқотга киришиш сифатида қабул қилиш мумкин бўлган шартли қоидалар мажмуи ишлаб чиқилмаган. Замонавий адабий таомиллар шунчалик сунъийки, заифларни уларга аҳамият бермаслик васвасаси енгади, кучлилар эса адабиётнинг айнан асосини барбод қилади. Бунга ҳамма ерда мисоллар мавжуд. Грамматика устидан зўравонлик ўтказади, синтаксис парчаланиб кетади; бу шунга ўхшайдики, холасиникида меҳмон бўлиб турган болакай шанба куни бўладиган зерикишдан норозилиги белгиси сифатида иложсизликдан гулзорда ағанайди”.63
Виржиния Вулф учун илгариги романчилик анъанасидан кўпроқ дарак берувчи “портлаш нуқтаси” бу реаллик ҳисобланади – аниқроғи, реалистик асарларда реалликнинг акс этишидир.
Очиғини айтганда, айнан романдаги реаллик тушунчасига унинг “Жаноб Беннетт ва Браун хоним” деп номланувчи мақоласи исбот бўла олади. Мазкур мақолада эдвардианц-ёзувчилар А.Беннетт, Г.Уэллс ҳамда Д.Голсуорсиларнинг анъанавий услуби танқид остига олинади. “Аммо ҳозир мен Арнольд Беннетт нима ҳақида гапираётганини эслатиб ўтмоғим зарур. У айтишича, агар образ реал бўлгандагина роман яшаб қолиш имкониятига эга бўлади. Акс ҳолда унинг ўлими муқаррар. Бироқ, мен ўзимга савол бераман: “реаллик ўзи нима?”64
Виржиния Вулф кўпроқ жиддий эътиборни ўз асарларининг услубига қаратди – бу саволга жавобнинг ўзидир. “Реалист-ёзувчилар аслини олганда фақатгина реалликни тасвирловчилардир, ёки реаллик ҳақидаги ёзувчилардир, лекин унинг йўл бошловчилари эмас, уларнинг романларида персонажлар реал эмас”,– дейди Виржиния Вулф. Улар Браун хонимнинг ташқи қиёфасини, қилиқларини, уйини, кийимларини, ҳаётини, гапириш усулини батафсил тасвирлайди. Ричмонддан Ватерлоогача поездда кетаётган бу аёл турмуш тарзининг иллюзиясини яратишга ҳарак қилишади. Барибир ҳақиқий Браун хоним ҳамиша ва ҳар вақт улардан ўзини олиб қочади. Аммо, Виржиния Вулф ижодидаги илк феминистик асарларидан бирини агарда муҳока ма қиладиган бўлсак, Браун хонимнинг эдвардианц-ёзувчилардан шу каби ўзини олиб қочиши бир қанча бошқа сабаблар туфайли юзага келган: “Виржиния Вулфнинг эдвардианц-ёзувчилар билан баҳси ва унинг георгианцларни ҳимоя қилиши қуйидаги омилларга асосланган: эдвардианцлар эркакча шовинистлар, бир ёқламалиликнинг ифодаловчилари эди у вақтларда георгианцлар каби мувозанатни тиклаш мақсадида ҳаётни янада мукаммалроқ тасвирлаш учун курашдилар”. 65
Яна бир бор таъкидлаш лозимки, Виржиния Вулф реалистик романнинг ҳамиша воқеликни акс эттириш вазифасига мутлақо эътироз билдирмайди. Бироқ, унинг учун шу нарса муҳимки, романнинг мавжуд анъаналарга мос услуби эндиликда шу хилдаги хусусиятларини йўқотди. Шундай экан, реалистик романга янгича ҳаёт бахш этмоқ зарур.
Реалистик романнинг бундай “жонлантирилиши” аслида барча модернист-ёзувчиларга хос. Ж.Жойс ҳам, Д.Лоуренс ҳам, ҳар бири ўзича матнни реал ҳаётга яқинлаштиришга ҳаракат қиладилар. Уларнинг реалликни идрок этишлари анъанавий романнавислар англаганидан кўра теранроқ эди, шунинг учун ҳам модернистларнинг асарларини “классик матн” нуқтаи назаридан муҳокама қилиш ҳаққоний бўлиши гумон: “Ж.Жойс ва Виржиния Вулф каби модернист-ёзувчилар ҳақида ёзилган танқидий адабиётга алоқаси бўлмаганларнинг кўпчилиги қатор қарашлар ҳамда тавсифларни ишлатилишидаги ва роман жанрини бузиш ҳамда кенгайтириш йўлларини излаётган романларга тадбиқ этилишидаги хатоликка асосланадилар. Бу тавсиф ва қарашлар ўн саккизинчи ва ўн тўққизинчи аср романларидан олинган”.66 Виржиния Вулфнинг илк тажрибавий асарларидаёқ биз бевосита унинг романнавислик ижодининг характерли хусусиятларига гувоҳ бўламиз: “реаллик у учун – доимий, оддий ва инсонни ўраб турган объектив олам, инсон ва уни ўраб турган борлиқ ўртасидаги чуқур муносабат, ўзаро алоқадир”.
Бунда Элис ван Барен Келли67 томонидан таклиф этилган Виржиния Вулфнинг “реаллигини” “далил” ва “назарда тутиш”га бўлиб фарқлаш тўғри бўлар эди, назаримизда; зеро “далил” ва “назарда тутиш” – моддий буюмлар ва жамиятдаги кундалик маиший турмуш олами ҳамда мистик башоратлар дунёси инсоннинг универсум билан яхлит умумийлик ҳосил қилиши кузатилади.68
Шу билан бирга адиба прозасининг бош вазифаси фараз қилинади – роман персонажларининг “ҳиссиёт ва тасаввур этиш онлари”, “турмуш лаҳзалари”ни тасвирлаб бериш. Айнан шу лаҳзаларда тафаккур реалликни англайди ва идрок этади.69 “Виржиния Вулф асарларида реаллик, – деб ёзади Н.К.Ильина, – ташқи дунё ва ундаги воқеа-ҳодисалар билан эмас, балки фақатгина дилдагини айтиш онларидагина намоён бўлувчи яширин ички имкониятларни кўрсатиб бериш билан уйғунлашади”.70
Аммо, эндиликда анъанавий романнинг адабий “инструмент”лари шу реалликни, “шу турмуш лаҳзаларини” ифода этишга қодир эмас. Инсоннинг универсум билан якдил умумлашувини ифодалаш учун унинг чуқур руҳий жараёнларини ҳам айнан тасвирлаб бера оладиган янги услуб зарур.
Бундай услуб қандай бўлмоғи зарур? 1919 йил Виржиния Вулф ўзининг “Замонавий бадиий адабиёт” номли мақоласида инглиз адабиётининг янги йўналишини Жойс тажрибалари билан боғлади. “Уэллс”ни алоҳида китоб ҳолида чоп этилиши, “спиритуалист” Ж.Жойс ҳам, “материалист” А.Беннетт, Г.Уэллс ҳамда Д.Голсуорсилар ҳам амалда Сцилла ва Харибдаларни тасвирлаётганликларини англаш учун бир неча йиллар керак бўлди.
Виржиния Вулф ижоди билан Ж.Жойс услуби ўртасидаги муносабат - алоҳида ва мураккаб масала ҳисобланади, шу билан бирга замонавий романчиликнинг йўналиши тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш учун бу масалага алоҳида тўхталмоқ зарур. Одатда, “Жойсшунослар” Виржиния Вулф ижодини сўзсиз Ж.Жойснинг “Уллис” романи белгилаб берган умумий йўналишга киритишни маъқул деб ҳисоблашади – мазкур романни рус тилига таржима қилган таржимонлардан бири қуйидаги қатъий фикрга келади: “У (Виржиния Вулф) Ж.Жойснинг таъсиридан қоча олмади, энди навбатдаги роман “Дэллоуэй хоним” (1925), Улиссга нисбатан деярли тақлидгўйлик ҳосиласи деб аташ мумкин”.71
“Вулфшунослар” эса, аксинча, Ж.Жойс услуби билан таққослаганда Виржиния Вулф романларининг асосий хусусиятларини таъкидлашга ҳаракат қиладилар. Ҳатто Ирланд ёзувчисининг таъсири эътироф этилса ҳам, у ҳолда, шубҳасиз, Виржиния Вулфнинг ижодий услуби фавқулодда эканлигини таъкидлаш лозим: “Жойснинг таъсири туфайли, у инсон ички дунёсини ўзининг шахсий фавқулодда услуби билан умумлаштира бошлади”.72
Бундай, ҳақиқатан қизиқарли, бизнинг назаримизда ортиқча бўлмаган масалани бевосита муҳокама қилишдан олдин Виржиния Вулфнинг Ж.Жойс ижодини ўрганиш, уни идрок этишининг тарихини кузатмоғимиз лозим. Муҳимки Виржиния Вулф томонидан “учта жиноятчининг орасида энг хавфлиси” деб белгиланган, ҳаттоки Арнольд Беннетт, ёш спиритуалист-ёзувчилардан биргина Жойс (мутлақо Виржиния Вулф эмас) адабиёт тарихидан ўзига муносиб ўрин эгаллади деб ҳисоблайди. “Realist” журналининг 1929 йил апрель ойи сонида чоп этилган А.Беннетнинг “Роман тараққиёти” номли мақоласида бу қараш яққол намоён бўлди: “Виржиния Вулфни инсон руҳияти соҳасида ҳам услуб соҳасида ҳам кашфиётчи деб ҳисоблайдиган ашаддий мухлислари мавжуд. Мен эса, аксинча, унинг услуби йўқ деб, психологиясини эса бир талай мувофиқлашмаган қизиқарли деталлар деб ҳисоблайман. Бу деталларнинг бирортаси ҳам чинакамига оригинал бўла олмайди” – биргина Ж.Жойс оригинал ва шунинг учун ҳам айнан у романчилик тараққиёти тарихидан ўзига муносиб ўрин эгаллади.73“Улисс” романининг “Littlereview”да чоп этилган парчаларини ўқиган Виржиния Вулф ҳайратга тушади ва бу ҳаяжон унга Ж.Жойсни романчилик тарихидаги янги йўналишнинг ёрқин намунаси сифатида қабул қилиши учун замин яратди. Буларнинг барчаси унинг 1919 йилдаги “Замонавий бадиий проза” номли машҳур мақоласида ўз ифодасини топди: “Атрофга боқинг, ва сиз унда асл ҳаёт жуда олисда эканлигини кўрасиз. Текшириб кўринг, масалан, одатий кун давомида одатий тафаккур, онг. Тафаккур сон-саноқсиз таассуротларни қабул қилади – оддий, содда, фантастик, бир лаҳзалик. Улар ҳар ерда ҳар он минглаб саноқсиз атомларнинг оқими бўлиб тафаккурга жойлашади, ўрнашади, душанба ёки сешанба ҳаёт шаклини қабул қилади, эътибор бошқа нарсага кўчиши мумкин – муҳим нарса бу ерда эмас, балки бошқа жойда бўлиши мумкин; чунки ёзувчи қул бўлмаганида эди, агар у ёзиши шарт бўлган нарсани эмас, балки ўзи хоҳлаганини ёзганида эди, агар у ижод жараёнида расм-русумга эмас, балки ҳиссиётига таянганида эди сюжет ҳам, зиддият ҳам, фожеа ҳам ва эҳтимол, бирорта ҳам тугма Бонд-стрит тикувчилари қилган каби қадалмаган бўларди. Ҳаёт – бу симметрик тарзда жойлаштирилган шамчироқлар қатори эмас, балки нур сочиб турган оғуш, тафаккур, онг пайдо бўлгандан бошлаб то сўнгунига қадар бизни ўраб турувчи ярим шаффоф ниқоб. Қанчалик мураккаб бўлмасин бундай номаълум, ўзгарувчан ва кўз илғамас руҳиятни аниқ ва тўғри тасвирлаш романнависнинг вазифаси эмасми? Биз фақат мардлик ва самимийликка ишонмаймиз, умид қилмаймиз, романнинг ҳақиқий материали тажрибанинг кучи бизни қандай уни тасаввур этишимизга мажбурлаганидан бир оз фарқ қилади ”.74
Виржиния Вулф ижоди тўғрисида қилинган барча тадқиқотларда келтириладиган мазкур парча инглиз адибаси романнавислик ижодининг мурожаатномаси (манифести)сифатида бот-бот айтилади. Аммо Жеймс Нэйремор мазкур парчани ҳар ҳолда бутун мақоланинг матнида қабул қилиш лозим дея мутлақо ҳаққоний таъкидлайди.75 Нэйремор яна бир қанча сатрларда ўз фикрига аниқлик киритади: “Виржиния Вулфнинг асарларидан олинган таассурот, биз баъзида Жойс асрларидан олган таассуротдан мутлақо аълороқ. Қисқагина қилиб бу шундай изоҳланади: персонаж онги фаолиятини транскрипция қилишдан кўра уни талқин қилиш Виржиния Вулфга хос”.76 “Келинг, атомлар онгимизда қай тартибда ўрнашиб қолишини, онгимизда муҳрланадиган ҳар бир ҳолатни, унинг қандай бўлишидан қатъий назар қовушмаган, бетартиб, мантиқсиз бўладими белгилаб ўтамиз”– ахир булар роман ёзиш учун мутлақо қўлланма, йўл-йўриқ бўла олмайдику. Виржиния Вулф ҳам, Ж.Жойс ҳам тасвирларнинг зоҳирий аниқлигига қарамасдан, барибир бундай “майда бўлакчалар”ни саралаб оладилар. Ва шунинг учун ҳам, бизнинг назаримизда Виржиния Вулфнинг “мурожаатнома”(манифести)си ҳақида бошқа бир тадқиқотчи, Т.Е.Аптернинг фикри ҳаққонийроқ бўлар эди: “Виржиния Вулф буни (тасвирларнинг аниқлигини) бир қанча замонавий ёзувчиларнинг мақсади, деб ҳисоблайди. Жойснинг техникасидан кўра бу парча, тўғриси, унинг шахсий манфаатларини тасвирласа ҳам улар (замонавий ёзувчилар) орасида Ж.Жойс кўпроқ эътиборга лойиқ. (“Улисс”да Дублин “ташқи” шаҳар сифатида олий даражада мукаммалроқ тасвирланади, персонажларнинг таассуротлари эса муаллиф ғоясига мувофиқ танлаб акс эттирилади, аксинча эмас”)”.77
Шунга қарамасдан, 1919 йилда Ж.Жойс Виржиния Вулф учун А.Беннет, Д.Голсуорси ҳамда Г.Уэллс мактабига ягона муносиб жавоб бўлиб қолди. Виржиния Вулф биринчи тажрибавий романи ”Жейкоб хонаси” устида ишлар экан ўз кундалигада қуйидаги жумлани ёзиб қолдиради: “мен ҳозир ёзаётганларим, эҳтимол, жаноб Жойс томонидан бунданда яхшироқ қилиб ёзилгандир”78...
Аммо, “Улисс”нинг матбуотда тўлиқ чоп этилиши модернистларни иккита гуруҳга, яъни ушбу романнинг тарафдорлари ва рақибларига бўлиниб кетишларига мажбур қилди. Ҳа, умуман олганда бу асарни роман деб аташ мумкинми? Биринчи гуруҳга тааллуқли бўлган Т.С. Элиот “Улисс тартиб-қоида ва уйдирма” номли мақола билан чиқди ва унда шундай таъкидлайди: “Агар бу роман бўлмаса, у ҳолда фақатгина шунинг учунки, бундан буёғига роман услуби бўлмайди, чунки роман услуб эмас эди, у шунчаки услубни қандайдир қолипга солиш эҳтиёжи туғилгунга қадар ўз услубини йўқотмаган асрнинг ифодаси эди”. Шундан сўнг мақолада охирги қатъий хулоса келтирилади: “Флобер ҳамда Жеймс билан бирга роман ҳам тугади”. 79 Аммо, унинг фикрига кўра Жойснинг “Улисс” романини бемалол буюк асарлар қаторига қўйиш мумкин – шу жумладан, Л.Н.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”романи билан ҳам. Лекин, бошқа, бутунлай қарама-қарши фикрлар ҳам мавжуд эди. Масалан, Д.Г.Лоуренс адабий таҳлилларда ўзининг номи доимо Ж.Жойс номи билан ёнма-ён туришидан ажабланиб ва бу ҳолатни изоҳлаб берилишига эҳтиёж сезиб, ўзининг сўзлари билан айтганда “мен қайси компанияда абадийлик томон бормоқдаман” дея, китоб магазинларидан “Улисс”ни тинмай самарасиз ахтарди. Ва ниҳоят, танишларидан романнинг нусхасини вақтинча олиш имконияти туғилди. Олти кундан кейин у китобни шундай сўзлар билан эгасига қайтарди: ““Улисс” мени ҳолдан тойдирди: худди мактаб ўқитувчиси калласида бўлмағур, бемаъни, аҳамиятсиз фикрлар билан юргандек: аммо айрим жойлари яхши: лекин бирам ақлли-ей”.80
1922 йилда Виржиния Вулф “Улисс”нинг охирги вариантини ўқишни бошлаб, романни ўқиш жараёнида калласига фикрларини ўз кундалигига ёзиб борди: “Мен “Улисс”ни ўқиб битирмоғим ҳамда яхши ва ёмон томонларини белгилаб бормоғим лозим. Мен ҳозирча 200 бетдан сал зиёдроқ саҳифани ўқиб чиқдим – ҳатто учдан бирини эмас; ва 2-3 боблардан завқландим, ҳаяжонландим, маҳлиё бўлдим; кейин эса ҳуснбузарлари тимдаланган ўсмирларга хос кўнгил айнийдиган ҳолатдан нима қилишимни билмай бошим қотди, толиқдим, зерикдим, ғашимни келтирди ва кўнглим совиди”.81
Ж.Жойсни Виржиния Вулф ижоди билан тенглаштирилишидан, чамаси, В.Днепров қуйидагича мулоҳазага келади: “Ж.Жойс маҳоратининг табиий демократизми унга (Виржиния Вулфга) бегона ҳамда ёқимсиз эди. Виржиния Вулфга хос бўлган сезги билан, эстетик дид билан унга барча муносабатларда майда ишлари, ғам-ташвишлари, манфаатпараст ўй-хаёллари билан жаноб Блум бегона эканлигини англади”.82
Ниҳоят, роман ўқиб чиқилди ва Виржиния Вулф шундай хулосага келади: “Улисс” ни тамомладим ва ўйлайманки, бу беҳуда, ўқсиз отиш, ҳақиқатдан ҳам, бриллиант, лекин асл эмас. Роман сўзга бой, аммо услубсиз. Айрим жойлари бемаза. Ажойиб, жимжимадор. Муаллиф нафақат турмушда, балки адабий маънода ҳам ёмон тарбия олган. Менинг назаримда, моҳир, биринчи даражали ёзувчи ижодни шу қадар эъзозлайдики, лўттибозлик билан шуғулланмайди. Мени хаёлимга доимо ғўр ўспирин келади, ақлли, қобилиятли, лекин шунчалик ўзига диққат-эътиборлики, шу сабабли ақлини йўқотиб, ғалати, қилиқдор, ҳаммани ўзига қаратадиган, беўхшов бўлиб қолади. Раҳмдил инсонлар учун у ачинарли, шафқатсиз, бағритош инсонларни ғашини келтиради; бошқалар эса уни яхши бўлиб, тузалиб кетишига ишонадилар. Аммо Ж.Жойс қирқ ёшдаку, шунинг учун охиргиси унча ишонарсиз. Албатта, мен унинг романини сал эътиборсиз ўқидим ва бир мартагина холос, асар эса жуда мураккаб. Шу сабабли, шубҳасиз, менинг мазкур асар ҳақидаги мулоҳазаларим унчалик ҳаққоний эмас. Мен уни ўқиш чоғида ўзимни бир неча бор ўқ ёмғири остида қолгандек ҳис этдим – минглаб майда ўқлар менга тегиб ўтди, аммо, бу яра, барибир, Л.Н.Толстой қалбларни яралаганчалик яра эмас. Ва умуман олганда уни Л.Н.Толстой билан тенглаштириш бемаънилик”.83
Лекин, бундай ҳукм, бундай хулосадан кейин эртаси куни Виржиния Вулф барибир қўшимча изоҳ беради: “Эҳтимол, асарнинг сўнгги гўзаллигини, тугал дилбарлигини замондошлар ҳеч қачон англай олишмайди, лекин, ўйлайманки, улар саросимага тушиб қолишлари зарур, аммо мен буни сезмадим”.84
Жеральд Бреннан ҳам Виржиния Вулф билан қилган суҳбатини шундай хотирлайди: “Менинг “Улисс” тўғрисидаги ижобий фикрларимга у (Виржиния Вулф) қўшилмади. У буюк асарлар бунчалик зерикарли бўлмаслиги керак, деб ҳисоблайди ”.85 Унга ёзган хатларида Виржиния Вулф, ўзининг назарида романнинг яна иккита йирик камчилигини кўрсатиб ўтади. Биринчидан, ҳаддан ташқари зерикарли: “Мен Ж.Жойсга муносиб баҳо беришади, деб ўйламайман; аммо бирорта ҳам асар мен учун бунчалик зерикарли туюлмаган”.86 Шу ерда айнан ўша, “шанба куни бўладиган зерикишга қарши норозилик сифатида гулзорда ағанаб ётган болани” ёдга олиш ўринли бўлади – ҳатто мана шу норозиликнинг ўзи ҳам зерикарли.
Иккинчиси, эҳтимол, энг асосий камчилик бўлиши мумкин. Виржиния Вулф Ж.Жойснинг ҳаётни бутунлигича бир лаҳзада умумий идрок этишга, англашга бўлган интилишига қўшилмайди. У (Виржиния Вулф) ўз мақоласида: “Жойс менга фожеа бўлиб туюлади. Мен унинг ғалабасини, ютуқларини сезмаяпман. Жасурона ёндашув – ва бунинг барчаси мен учун ўз-ўзидан кўриниб турибди: ундан кейин, оддий аралаш-қуралаш ҳамда қолган-қутган нарса... Инсон қалби доимо янгиликларга интиладигандек туюлади менга. Ҳатто ҳозир ҳам у шундай ҳолат содир этилмоқда. Шундай экан, ҳеч ким уни тўкис ҳолатда кўра олмайди”, – деб ёзади. 87




    1. Download 273,23 Kb.

      Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   10   ...   21




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish