2.2 Ҳикоянинг уч моҳияти:
2.2.1. “Жейкоб хонаси”- эркин ҳикоя қилиш услуби.
Шундай қилиб, Виржиния Вулф ўзаро боғланган воқеаларнинг матнда изчил кетма-кетлиги сифатида тушуниладиган сюжетга муаллифнинг диққат эътибори қаратиладиган анъанавий романчиликдан воз кечади. Шунинг учун “Жейкоб хонаси”(Jacob’s Room 1922)142 романи романчилик жанридаги олдинги тажрибаларидан кўра унинг ҳикояларига, пьесаларига бирмунча яқинроқ. Шуни яна бир карра такрорлаймизки, бу ерда қандайдир тасодифийлик тўғрисида гапириш мумкинлиги гумон. “Жейкоб хонаси”романида реалистик романнинг анъанавий моделидан онгли равишда воз кечиш, узилиш мавжуд.
Жейкоб Фландерс кечинмалари Жейкобнинг ўзи тез-тез фақатгина эпизодик, яъни тасодифий персонажларда чиқадиган кўплаб турли хил воқеалардан, микронарративлардан таркиб топган. Ва бу “Bildungsroman” анъаналари нуқтаи назаридан маъносизлик, тутуруқсизлик – шунга ўхшаш романларда бош қаҳрамоннинг ўзи бутун ҳикоянинг бош марказида туради. Бош қаҳрамон ҳаёти ҳақидаги батафсил ҳикоя бундай роман моделининг асосий шарти бўлиши мумкин. Бош қаҳрамон образини билишли, таниқли қилиш, бош қаҳрамон ҳаётидаги воқеалар, мушкулотларни узлуксиз кузатиб бориш мақсадида ўқувчини унга қизиқтириш – мана тарбиявий романнинг зарур технологиялари нималардан иборат бўлади. Ҳикоянинг марказидан бош қаҳрамонни чиқариб ташланг – ва бутун роман барбод бўлади, чунки бу асарнинг предмети йўқ деган мазмунни келтириб чиқаради.
Аммо, Виржиния Вулф “Жейкоб хонаси” романида Bildungsromanнинг нервини ўлдириш бўйича айнан шундай жарроҳлик операциясини ўтказади. “Бу романда ўсмирнинг улғайиш схемаси даврнинг меросхўри, қандайдир қаҳрамоннинг елкасидаги эскириб тўзиган ёпинчиқ билан қолади. Айёр, ҳийлакор ҳикоянавис ўз кечинмаларини ҳажвий тақлид қилади, қаҳрамоннинг улғайиб бориш таомилларини ва мантиқий тарзда, шу таомиллар сингган қадриятларни ҳажвий тақлид қилади”.143 Бошқа тадқиқотчилар ҳам Виржиния Вулф ўз қаҳрамони билан ўйнаётган бундай “ўйин”нинг ноодатий эканлигини таъкидламоқдалар: “Жейкоб хонаси” романи анъанавий романлардан узилиш, улардан воз кечишнинг бош нуқтаси бўлиб қолди. Бу асари билан у (Виржиния Вулф – У.Ф.) саҳнадан ҳикоячини олиб ташлаш бўйича илк қадамини қўйди, шунинг учун ўқувчи асарнинг ичида юз бераётган воқеа ҳодисаларни персонажларнинг кўзлари билан кўриб, кузатиб бориши мумкин”.144 Бизнинг назаримизда, барибир, муаллиф-ҳикоянавис образи билан шунчаки осон бўлмайди. Бу борада Ховард Харпер ҳаққоний фикр билдиради: “Виржиния Вулфнинг тўққизта романи орасидан “Жейкоб хонаси” асари ҳикоянавислик жиҳатидан бирмунча диққатга сазовор”.145
Ҳақиқатдан ҳам, Вулф ўзининг илк экспериментал романида муаллиф-ҳикоянавис ролини ҳам онгли равишда тушуниб англашга даъват этади. Анъанавий романда бирдан бир муаллиф позициясини кузатиш мумкин: ҳикоя ёки учинчи шахс, ёки биринчи шахс томонидан олиб борилиши мумкин, ва ҳикоянинг ўзи аввал бошданоқ танланган қоидаларга мувофиқ ривожлантирилади. “Жейкоб хонаси” романида ҳикоянавис турли даражадаги субъективлик билан бир биридан фарқ қилувчи уч хил ипостасларда (борлиқ, вужуд, асос, воқеийлик) намоён бўлади.
Биринчидан, ўқувчи ҳамда қаҳрамон ўртасидаги масофани минимумга келтириб, персонажларнинг ички руҳий кечинмаларини бизга эркин етказиб бера оладиган “ҳамма нарсани билгувчи анъанавий ҳикоянавис” ўзига хос хусусиятларни йўқотиб қиёфасини ўзгартириб юборади. Бу ҳолатда у “ўзга мантиқни” ажратиб кўрсатувчи пунктацион воситаларни кўпинча эътибордан четда қолдиради ва шунинг учун қаҳрамонларнинг “онг оқими” узвий равишда ҳикояга қуйилади, ҳикоя эса, ўз навбатида секингина ва бора-бора, ва бирваракайига у билан ҳамда персонаж билан сўнади.
Иккинчи ипостас, ҳикоянависнинг ҳамма нарсани билишни рад этиш билан изоҳланади аслида, ҳикоянавис “ҳамма нарсани тушуниб етувчи кузатувчи” бўлиб қолиш ҳуқуқига эга бўлади ва у учун ҳеч қандай физик тўсиқлар мавжуд эмас. Унчалик тиниқ қиёфа бўлмасада, қандайдир гавдалантирилган танасиз “овоздан реал образга” айланади, аммо, шунга қарамай ўқувчи билан мантиқий диалогга киришади.
Жейкоб Фландерс ҳамиша айнан мана шундай ҳикоянавис нуқтаи назаридан тасвирланади ва шундай қилиб, асар қаҳрамонининг ички дунёси ўзгариши тўрисида ўқувчи фақатгина ташқи белгиларга қараб мулоҳаза юритишга мажбур бўлади (бу яна бир карра тарбиявий роман қоидаларидан чекиниш ҳисобланади). Муҳим аҳамиятга эга бўлган мисол – Жейкоб ўзининг севган аёли Флориндани бошқа бир хуштор билан Грик-стритга бурилиб кетаётганини кўриб қолади: “He has turned to go. As for following him back to his rooms, no—that we won’t do.” [193; 57-б] “У кетиш учун бурилди. Унинг изидан хонасига бориш ..... Йўқ, биз бундай қилмаймиз”. Аммо, “жанр қоидалари” ўзиникини танлайди: “Лекин, ўз ўзидан кўриниб турибдики, биз айнан буни қиламиз”Аммо, ўзининг кузатувчиси, ҳамроҳи билан Жейкобнинг хонасига бориб. Ўқувчи асар қаҳрамонининг қалбида нималар содир бўлаётганини билмайди – фақатгина Жейкобнинг “Глоб” газетасини ўқиётганлиги батафсил тасвирланади ва ҳикоянавис ишқий фожиани бошидан кечирган асар қаҳрамонининг қалбида нималар бўлаётгани ҳақидаги тахминни айтади: “Jacob took the paper over to the fire. The Prime Minister proposed a measure for giving Home Rule to Ireland. Jacob knocked out his pipe. He was certainly thinking about Home Rule in Ireland—a very difficult matter. A very cold night.” [193; 59-б] “Жейкоб газета билан камин ёнига ўтди. Бош вазир Ирландияга ўзини ўзи бошқариш усулини киритиш чораларини таклиф этади. Жейкоб трубкасини қоқади. У Ирландияни ўзини ўзи бошқариши ҳақида ўйлади шекилли – бу жуда қийин масала. Жуда сўниқ оқшом”. Жейкобнинг ҳолатини идрок этишда ҳикоянависнинг жўрттага қилинган “хатоси” асар қаҳрамонининг қалбида кечаётган фожиаларни таърифлаб бўлмаслигини янада тасдиқлайди.
Ва ниҳоят, ҳикоянавис ўзининг субъективлигини барча чекинишларда бирмунча ёрқин намоён этади. Бундай чекинишлар, аслида, қолган микронарративлар каби бир мақсадга қаратилган – энг муҳимни биринчи планда эмас, балки иккинчи даражали детал сифатида тасвирлаш. Шарқ билан савдо-сотиқ муносабатларига эга бўлган бир савдо фирмаси томонидан пиёлада сузиб юрувчи қоғоздан ясалган кичкина гулларни кашф этиш тарихини мисол тариқасида келтирсак бўлади. Ҳикоянавис бундай фактни асос қилиб олган ҳолда визит карточкалари ҳақида муфассал мулоҳазага берилади. “More horses’ legs have been worn out, more coachmen’s lives consumed, more hours of sound afternoon time vainly lavished than served to win us the battle of Waterloo, and pay for it into the bargain.”[201; 50-б] “Визит карточкалари туфайли кўплаб отларнинг туёқлари эзилган, қанчадан қанча аравакашларнинг ҳаёти сарфланган, беҳисоб вақт сарфланган, Ватерлоода жангда ғолиб чиқиш ва устига устак бунинг учун жазосини тортиш учун бизга қандай нафи тегди.” Ўзининг ўқувчилари билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришадиган муаллиф позицияси яратилади. Асосий фабула билан муносабат бирдан бир детал орқали ўрнатилади: қоғоздан ясалган гуллар (визит карточкасига қараганда оддийроқ масала) Жейкоб Фландерснинг ҳаётида бир лаҳзали рол ўйнаган Клара Даррантни айниқса завқлантиради.
Мазкур романда кўп ҳолларда Жейкоб фигурасини соясида қолдириб кетувчи бир юз олтмишдан зиёд турли персонажлар тилга олинади. Лекин унинг онда сонда пайдо бўлиши персонажларнинг доимийлиги билан қопланади – романдаги эпизодлар худди умумий марказга эга бўлган доира мисол бир бири билан кесишади – ва бу кесишувлар атрофида ҳамиша Жейкоб мавжуд бўлади. “Жейкоб “хонаси” Жейкобга қараганда бирмунча таъсирчан тасвирланган. Биринчи навбатда ўзини ўраб турган атроф муҳит ва кўпинча бошқаларга ўтказадиган бир лаҳзалик таассуротлари билан тасвирланган, қисқача сафарда “ўзгармас куч билан” бошқарилаётган Жейкоб бизнинг назаримиздан четда қолади”.146 Элис ван Барен Келли Жейкоб ҳаётининг иккита ипостасини белгилаб беради – хаёлий ва ҳақиқий: “Жейкоб хаёлий фигура сифатида барча персонажларни ҳамда “Жейкоб хонаси”нинг барча қисмини ўзига сингдиради; ҳақиқий, реал фигура сифатида эса хотираларни ўзига сингдиради, талабаларнинг, ишчиларнинг, канда қилинмайдиган базмларни ва замон ҳамда макон билан чегараланган бу оламнинг бошқа аъзоларини ижтимоий фаолиятини кўрсатиб беради”.147Ральф Фридман эса бош қаҳрамон образи тасвирланишининг ғайриоддийлиги, ғалатилиги, ўзгачалиги туфайли романда биринчи навбатда ижтимоий муносабатларни акс эттирилишининг тарафдори: “Идрок этувчи онг идрок этилувчи предмет билан муносабатда бўлгани каби Жейкоб ҳам моддий олам ҳамда ўзининг атрофидаги одамлар билан муносабатда бўлади, роман персонажларининг бир-бирлари ҳамда ўзлари билан бўладиган муносабатларни кузатиб туриш мумкин бўлган схема. Мана шу ўзаро кесишувлар орқали ижтимоий муносабатлар образи ёки манзараси яратилади”. 148
Барибир бутун роман марказида Жейкоб образи туради:“Shawled women carry babies with purple eyelids; boys stand at street corners; girls look across the road—rude illustrations, pictures in a book whose pages we turn over and over as if we should at last find what we look for. Every face, every shop, bedroom window, public–house, and dark square is a picture feverishly turned—in search of what? It is the same with books. What do we seek through millions of pages? Still hopefully turning the pages—oh, here is Jacob’s room”. [193; 59-б] “Аёллар шол рўмолларда қовоқлари қизарган чақалоқларни олиб ўтмоқдалар, бурчакларда ўғил болачалар туришибди, қизлар йўлнинг нариги томонидан қараб туришибди – қўпол манзаралар, китобдаги иллюстрациялар. Гўёки излаётган нарсамизни топиб оладигандек китобни қайта қайта варақлаймиз. Ҳар бир шахс, ҳар битта дўкон, хонанинг деразалари, пивохона ва қоронғу хиёбон – нимадир ахтариб, шоша-пиша кўз югуртириладиган манзаралар, холос. Китобларда ҳам худди шундай ҳолат. Нималарни излаймиз биз бу ҳисобсиз саҳифалардан? Ва ниҳоят, умид билан саҳифани очамиз, – мана ўша, Жейкоб хонаси”.
Роман номланишининг кўп маънолилиги тасодиф эмас – “Jacob`s Room”. “Room” сўзи нафақат “хона”ни англатади, балки “макон”, “ўрин” маъноларини ҳам билдиради. Агарда муаллиф “ҳамма нарсани билгувчи ҳикоянавис” ролидан воз кечар экан, у ҳолда Жейкобнинг бевосита атрофидаги муҳит, унинг ҳаётининг белгилари муҳим аҳамият касб этади. Ва, шунинг учун ҳам, романда замонга қарама қарши ҳолатда маконнинг асосий рол ўйнай бошлаши, яна бир карра бежиз эмас. “Жейкоб хонаси”да Виржиния Вулф вақт категориясига эркин муносабатда бўлади – юқорида келтирилган, яъни жаноб Флойд ва Жейкобнинг кўчада бўладиган учрашувини (бу учрашув кўп йиллардан кейин содир бўлади)олдиндан сезганлигини ёдга оламиз.Турли макон билан шундайдир. Одатда, Жейкоб шахсини ўқувчига тасвирлаб беришдан олдин, у жойлашган маконни батафсил ёритиб бериш лозим: “Cambridge—anyhow above the roof of King’s College Chapel” [193; 18-б]- “Қироллар коллежи Капелласи (католикларнинг кичик ибодатхонаси)”, “Тhe British Museum reading–room” [193; 65-б]-“Британия музейи ўқув зали”, “Тhe Acropolis” [193; 45-б]-“Афина Акрополи ( қадимги юнон шаҳарларининг одатда тепаликда жойлашган ва мустаҳкамланган марказ қисми; қалъа, қаср)”. Ҳатто романнинг бошидаёқ Виржиния Вулф томонидан макон категориясига алоҳида урғу берилганлигини пайқаш, илғаш мумкин. Ҳаваскор рассом Чарльз Стил айнан Корнуолл соҳили манзарасини чизаётган пайтда унинг ёнгинасидан “Ja – cob! Ja – cob!"- Archer shouted.” [193; 3-б] “Жейкоб! Жейкоб!” дея кичик Арчер ғамгин овоз билан қичқириб ўтмоқда ... – бу жумла бутун роман давомида қандайдир илтижо сифатида янграйди. Матннинг ўзи асар қаҳрамонини қаерга қайтишга чорлаётгандек – акс ҳолда замон (вақт) алоқаси узилади ва ер юзи алоҳида бўлакларга парчаланади, модомики Виржиния Вулф романининг матн маконида айнан Жейкоб яхлитлик метафорасидир. Тадқиқотчилардан бири “Жейкобнинг танасизлиги асар мазмунининг бир қисми ҳисобланади...”149 деп ёзади.
Шу ерда кўз олдимизда аста-секин янги “импрессионистик (ўз субъектив мушоҳадасига, таассуротларига асосланган) манзара” намоён бўлади. Ажабланарли ҳолат: “Жейкоб хонаси” романида асар услубининг ўзи мутлақо алоҳида ҳикоя ролида келади. Романнинг юзасида – қандайдир воқеалар, ҳаёт оқими; асар ичида эса – парчалардан иборат бўлган матн яхлитликка, тугалланган асар каби бўлишга интилади. Ва бундай “ташқи” ва “ички”, “мазмуний” ва “шаклий” ҳикояларда Жейкоб муҳим, асосий фигура сифатида намоён бўлади.
Бу икки ҳикоя ўзининг кульминациясида бирлашадилар. Мазмун жиҳатидан: Жейкобнинг Грецияда яшаган даври, Сандра Уэнтуорт-Уильямсга бўлган кучли севгиси – шаклий жиҳатдан эса: ниҳоят, матн ўз қаҳрамонига, сюжетига, хронологик тартибига эга бўлади.
Жейкоб ва Сандрага қайтадиган бўлсак, улар кўздан ғойиб бўлдилар. Акрополь ҳамиша турган жойида эди, аммо улар унгача етиб бориша олдими? Устунлар ҳамда қаср қолади, тирикларнинг улар ҳақида туйғулари йилдан йилга пучга чиқади ва бу туйғулардан нима қолади?
Акрополь масаласига келсак, улар унгача етиб боришдими, ким айтади, умуман биз қачонлардир унгача етиб бора оламизми ва Жейкоб эртаси куни уйғонгач бир умрга эсда қоларли бирор нарса ёдида қолдими?” Зўрға эришилган яхлитлик парчаланиб кетади, ер юзи яна деярли бир бири билан боғланмаган бўлакларга бўлиниб кетади: кўз очиб юмгунча – ва барчаси ўзгариб кетади. Сандра Уэнтуорт-Уильямс энди Эдварде хонимга айланди, Жейкоб эса Лондон Гайд-паркида стулда ўтирибди. Матн парчаларга бўлинганча қолади – матн улар тасвирлаган оламга айнан ўхшаш бўлиб қолади. Виржиния Вулфнинг роман услуби устидаги биринчи тажрибаси “номукаммал” эканлиги ҳақидаги фикр тадқиқотчилар орасида кенг тарқалади. Асар қурилишининг парчалардан иборатлиги, узуқ-юлуқлиги асосий таънага сабаб бўлади. “Асарнинг камчилиги у эркакларга хос нуқтаи назардан қаралганда атайлаб дангал, очиқдан очиқ ёзилганлигидадир ва айнан шунинг учун адиба бу ерда онгли равишда “ҳикоянинг боғланишсиз, пойинтар-сойинтар усулини” қўллайди”.150 “Аммо, натижада Жейкоб содда ёш йигит, ҳақиқатда деярли исталган ёш йигит бўлиб қолади ва ўқувчи у бошқаларга кўрсатаётган кучли таъсирни унчалик тушунмайди. Бундан ташқари, изчиллик билан ўзини саҳнадан узоқлаштирганлиги сабабли, ўзи яратган персонажлар унинг ўрнини эгаллашади”.151
Ва ниҳоят, Майкл Розентал “... роман услуби умуман олганда эстетик жиҳатдан қониқарсиз ва Вулфнинг усули бир текис эмас”.152
Бошқа бир ижодкорлар, масалан, Роберт Коллинз кабилар услуб борасида асарнинг камчилигини Виржиния Вулф қатъийлигининг қониқарсизлигида, деб биладилар: “Жейкоб хонаси” заифлигининг сабаби мақсадда ҳам, ҳатто услубда ҳам эмас. Виржиния Вулф ўз тажрибасига етарли даражада кириб боролмаган. Роман учун янги имкониятни кўргач , бу ерда роман қандай қурилиши зарурлигини аниқлай олмаган. Натижада баъзан асарда конвенциал ҳикоя чизиғи мавжудлиги сезилади, лекин уни ўқиб бошлашинг биланоқ у ғойиб бўлади. Нуқтаи назар, фикр доимо силжийди. Ўқувчини ўз ортидан қизиқтира олмайди; ва улғайган, ўз хаёллари билан ёлғиз қолган Жейкоб биз учун мутлақо бегона бўлиб туюлади... Натижада, Жейкоб амалда ҳеч қачон бутунликка, барқарорликка эришолмайди...”.153
Бизнингча, инглиз адибасининг илк экспериментал романининг “муваффақиятсизлиги” манбаини бошқа томонлардан, бирмунча бошқа нуқтаи назардан ахтармоқ лозим. Вулф романда асосий эътиборни бош қаҳрамонни тасвирлашга эмас, балки уни ўраб турган маконга қаратди. Асарда маконни муҳим категория сифатида танланиши оламни хронотоп сифатида эмас, балки Бахтин/Линецкийнинг атамаси билан айтганда, топохронос сифатида идрок этишга олиб келади. Бу ерда замоннинг аҳамиятини камайтириш тасодиф эмас: Вулф ўз ижодининг мана шу босқичида замонга, ижтимоий матн ва воқеликнинг ташқи белгилари билан узвий боғланган тарихий категория сифатида қарайди. Эдвардианц-ёзувчилардан фарқли ўлароқ, у (Виржиния Вулф) воқеликнинг ташқи белгиларини инсонга детерминистик (нарса ва ҳодисаларнинг сабабий боғланиши)таъсирини қаттиқ туриб инкор этди. Шунинг учун ҳам, роман хотимасида Жейкоб шунчаки ғойиб бўлади – ва ўқувчининг ўзи бундай ғойиб бўлишнинг сабабини ҳамда мақсадини англамоғи лозим. Бунда ўқувчи матнда бирров, наридан бери эслаб ўтилган, яъни инглиз делегациясининг кайзер билан учрашуви ҳақидаги хабар, Пиреяда турган кемалардаги замбаракларнинг бараварига ўқ отиши ва Бетти Фландерснинг хаёлига ўғиллари Ватан учун жанг қилишаётгани тўғрисидаги фикрларнинг келиши каби воқеаларга таяниши керак.
Шулардан келиб чиқиб, Ж.К.Жонстон фикрларига қўшила олмаймиз: “...романнинг марказида турли туман эпизодлар, воқеаларни бирлаштира оладиган персонаж бўлиши лозим, аммо у йўқ. Фақатгина унинг таассуротлари ва баъзи фикрлари ва бошқаларга кўрсатган таъсири мавжуд, аммо унинг ўзи мавжуд эмас. У тўғрисида олган таассуротларимиз бир бутунликка, яхлитликка келтирилмаган ”.154
Бош қаҳрамоннинг мавжуд бўлмаслигини ҳикоя қилиш услуби сифатида идрок этмаслик лозим. Бунда дунёни модернистик идрок этиш нафақат роман қурилишида, балки унинг мавзуида ҳам аҳамият касб этади. Асар хотимасида ахийри Жейкоб Фландерс урушда ҳалок бўлади – ва қахрамоннинг ўқувчидан онгли равишда узоқлашиши бизга ўлимдаги қиёфасизлик ҳиссини уйғотади – бу эса ХХ аср жаҳон урушларидаги ўлимлар учун меъёрга айланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |