1.2-расм. Минтақа иқтисодиёти таркибининг тизим унсурлари37
Бизнинг фикримизча, ишлаб чиқариш таркибини белгиловчи асосий мутаносиблик - бу ЯҲМ ва ҳудудий даромадда истеъмол билан инвестиция ўртасидаги нисбатдир. Чунки истеъмол ва инвестициялар, уларнинг таркиби ва ўсиши даражасига қараб жамият тармоқлараро мутаносибликларни, инвестицион товарлар билан истеъмол товарлари ўртасидаги мутаносибликларни ҳамда ЯҲМ таркибини бошқариб туради.
Минтақа иқтисодий ресурсларнинг чекланганлиги ва ижтимоий эҳтиёжларнинг юқори даражада ўсиб бориши шароитида ишлаб чиқариш самарадорлигини ўстириш вазифаси биринчи ўринга қуйилади. Самарадорликни оширишнинг асосий йўлларидан бири - бу миллий иқтисодиёт таркибини такомиллаштириш ва унинг оптимал нисбатини вужудга келтиришдир. Бунда самарадорликни ошириш деганда макроиқтисодий барқарорликни, аҳоли турмуш фаровонлиги ортишини таъминлаётган таркиб назарда тутилади. Сифат жиҳатидан ҳар қандай иқтисодий ўсиш янги таркибий мутаносибликларни талаб этади. Ҳозирги кунда иқтисодий тузилма иқтисодий ўсиш омили, иқтисодиётда прогрессив ўзгаришлар ва кўпгина ижтимоий-иқтисодий масалаларни бирданига ҳал қилиш омили сифатида тавсифланмоқда.
Шундай қилиб, минтақа ва миллий иқтисодий тизимнинг таркибий қисми бўлган минтақавий иқтисодий тизим мураккаб динамик таркибга эга ва замонавий шароитда амал қилувчи минтақа таркибий сиёсатининг объекти ҳисобланади.
Юқоридаги талқинларни умумлаштирган ҳолда шуни таъкидлаш мумкинки, глобаллашув жараёнларининг тезлашиши, интеграциянинг чуқурлашуви ва рақамли иқтисодиёт муносабатларига ўтиши, шунингдек теxнологик тартибнинг ўзгариши минтақа ижтимоий-иқтисодий тизимида туб таркибий ўзгаришларни амалга оширишнинг объектив асоси бўлиб xизмат қилади. Ушбу ҳолат минтақа иқтисодиётининг инновацион ривожланиши учун шарт-шароит яратади. Бундан ташқари, инновациялар асосида минтақавий тизим фаолиятининг ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини оширишда жадал таркибий ўзгаришлар юз беради. Таъкидлаш керакки, ушбу ўзгаришлар ўз-ўзидан эмас, балки минтақанинг таркибий сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш доирасида тартибга солинади.
Таркибий сиёсат давлат, минтақа ва шаҳар даражасида ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши мумкин. Минтақавий даражада таркибий сиёсат давлат таркибий сиёсатига стратегик ривожланиш дастурларини эътиборга олган ҳолда минтақавий ижтимоий-иқтисодий тизимни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ва йўналишларидан келиб чиқиб амалга оширилади.
Бошқа ҳар қандай сиёсат сингари, минтақа таркибий сиёсат ҳам ўзининг мақсади, вазифалари, объекти ва субъектига эга бўлади (1.3-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |