Бола эшитув қобилияти (слух) ва овозини ривожлантиришнинг ўзига хос хусусиятлари
Қўшиқ — товуш ҳосил қилишнинг мураккаб жараёнларидан бири бўлиб, асосан овоз ва эшитув органларининг мужассамлашуви асосини ташкил этади, яъни эшитув аппарати ва қўшиқчилик овозининг ўзаро боғлиқлигидир.
Эшитув қобилиятининг такомиллашуви — болаларнинг кичик ёшидан ривожланади. Улар мусиқа раҳбари ёки тарбиячи кўйлаб берганда қўшиқ, куй ёки оҳангни софлигича эшитадилар ва шундайлигича куйлайдилар.
Кичик ёшдаги болалар 2-3 та нота оралигидаги қўшиқларни куйлай оладилар. Болалар катталар куйларини эшитиб, кейин ўзлари ҳам шу куйни катталардек куйлашга ҳаракат қиладилар. Мактабгача ёшдаги болаларда овоз аппарати мукаммал ривожланмаган (товуш пайлари ривожланмаган, нозик, нафас кучсиз ва бошқалар). Бола ривожлангани сари организм ва қўшиқчилик органлари ҳам такомиллашади. Мактабгача ёшдаги бола овози етарли даржада ёрқинлиги бўлмайди. Бу муаммолар устида кўпгина тадқиқотчилар илмий ишлар ва изланишлар олиб боришади. Боланинг овоз хусусиятлари, уларнинг диапазони имкониятлари ҳақида Н.Д.Орлов, Е.И.Алмазов, Н.А.Метлов, Н.А.Ветлугина, А.Д.Войнова, Р.Т.Зиничлар шулар жумласидандир. Улар ўз илмий ишларида «боланинг табиий овози ре 1 - си 1, яъни ундан юқори ва пастки ноталарни бола куйлаганда товуш зўриқиши ва сиқиб куйлаши мумкин. Бу болаларнинг товуш пайларининг шикастланишига олиб келиши мумкин». Бу муаммоларга йўл қўймаслик учун аниқ мақсадга йўналтирилган ва пухта ўйлаб чиқилган репертуар танланиши керак. Бунга асосий эътибор қаратамиз
Ёши
|
Диапазони
|
2 — 3 ёш
|
ми 1 — ля 1
|
3 – 4 ёш
|
ре 1 — ля 1
|
4 — 5 ёш
|
ре 1—си 1
|
5 —6 ёш
|
ре 1 — си 1 (до 2)
|
6 —7 ёш
|
до 1 (ре 1)-до 2
|
Берилган жадвалда болаларнинг овози пастки, юқори ва ишчи диапазони мавжуддир. Болаларга қўшиқ ўргатаётганда ва репертуар танлаганда нималарга эътибор берилиши керак?
Ҳар бир қўшиқ маълум педагогик мақсадларни амалга оширишни кўзга тутиб танланади. Унда ҳар бир янги қўшиқ олдингисидан ҳосил этилган куйлаш малакаларини мустаҳкамлайди ва уларни ривожлантиради. Қўшиқ диапазони болалар овозига мослиги, бадиий ғоявий мазмуни, болалар дунёқараши ва ёшига мос бўлиши керак. Қўшиқларни қуйидаги талабларга кўра танлаш тавсия этилади:
1. Қўшиқни тарбиявий аҳамияти, ғоявий мазмуни, мусиқий тузилиши ва ҳарактерининг болалар ёшига мослиги.
2. Қўшиқ матнининг осонлиги, бадиий юксаклиги, болаларнинг луғат бойлигига мослиги ва уларнинг нутқини ва тафаккурини ўстириш учун хизмат қилиши.
3. Қўшиқ оҳанги, унинг ҳарактери (хушчақчақ, қувноқ, марш, мунгли, ғамгин, байрамона, кўтаринки руҳда), лад ва тесситураси, овоз диапазони болалар ёшига мос бўлиши.
4. Қўшиқнинг бадиий хусусиятлари ва ифодавийлиги, болалар идрокига мослиги, гармоник тузилиши ва оҳангдошлиги.
5. Қўшиқ шакли (1, 2 қисмли ёки куплет шаклида тузилганлиги) нақаротнинг мавжудлиги.
Қўшиқни танлашдаги болаларга қисқа, мазмунли, образли, қизиқарли ҳикоя қилиб берилади. Қўшиқ мазмунидаги ахлоқ-одоб, табиат, она Ватан, меҳр-муҳаббат ҳақидаги ғояларни болалар онгига сингдириб, уларда қизиқиш ўйғотади.
Бадиий қўшиқлар сирасига Д.Омонуллаеванинг болалар учун ёзилган «Дилоромнинг қўшиғи», «Бувижоним», «Азиз бустон —Ўзбекистон», «Наврузим», «Ўзбекистон — Ватаним маним»; Н.Норхужаевнинг «Ўйнасангчи типратикан», «Неваралар қўшиғи», «Капалак ва камалак», «Каклигим», «Шафтолига саволим», «Наврўзим — шўх созим», «Салом берган болалар», «Бувижоним яхшисиз», «Гуллар маним қўлганим», «Яхши бола», «Биз аскармиз»; Ш.Ёрматовнинг «Ай-яй-яй», «Ислом бобо»; А.Мансуровнинг «Музқаймоқ», «Ватангинам»; Ф.Назаровнинг «Иноқ ўйнаймиз», «Пахтаой», «Қиш чоғлари» ва бошқа кўплаб Ўзбекистон композиторларининг қўшиқлари болалар ижодиётида сўнмас из қолдириб уларнинг бадиий тарбияси ва дидини ўстиришга ёрдам беради.
Қўшиқни тарбиячи ифодали қилиб ижро этиб беради. Қўшиқ мазмунига мос тасвирий санъат қўшиқ мазмунига ва тузилишига хос савол-жавоблар қилиб, қўшиқни мусиқий жумлаларга бўлиб ўргатади. Сўнгра қўшиқ мазмунга мос мусиқий-ритмик ҳаракатлар билан ўргата бошлайди. Матн ва оҳанг талаффузнинг аниқлиги маълум меъёрга тушгандан сўнг, қўшиқнинг бадиий ижросига эришилди. Қўшиқни вақт-вақти билан сайр вақтида, машғулотдан-машғулотга такрорлаб кўйлаб туриш лозим, акс ҳолда унинг матни болалар хотирасидан кўтарилади ва унга нисбатан қизиқиш суссаяди. Ҳар бир машғулотда айниқса, янги қўшиқни ўрганишдн олдин, илгари ўргатилган қўшиқни такрорлаб туриш, болалар ижросидаги айрим нуқсонларни тузатиб боришга ёрдам беради. Болалар толиқмаслиги учун қўшиқ ўргатиш шакллари ўзгартириб турилади. Масалан: гуруҳларга бўлиб ўргатиш; яккахон ва гуруҳ жўрлигида; мусиқий ҳаракатлар ёрдамида амалга оширилиб; қўшиқ матнига мос рақс элементларини ўйлаб кўришга ва ўзлари уни ижро этишга ундаб кўриш яхши самара беради.
Қўшиқ мукаммал ўрганилгандан сўнг, уларнинг қизиқиши янада ортади. Шунингдек, машғулот шаклларини (ноанъанавий машғулотлар) ўзгартирилиб туриш ҳам машғулотларда болаларнинг зерикишини олдини олиб, қизиқишини кучайтиради.
Йил давомида болалар 10-12 та қўшиқ ўрганишлари кўзда тутилади. Бунга эришиш учун қўйиладиган вазифалар: болаларда соф интонация ва қўшиқчилик малакаларини шакллантириш; болаларга якка ва тарбиячи билан қўшиқ куйлаш, а'капелла тарзида ижро этиш; мусиқий эшитув қобилиятини, куйнинг баландлиги, уларнинг узунлиги, куйнинг йўналиши, ўзини эшита олиши (куйлаётганида), ижро вақтида ўзининг хатоларини эшита олишини ривожлантириш; овоз ривожи, табий ижрога эришиш; болаларда ижодкорлик малакаларини ривожлантириш, улар ижро этган қўшиқларини хороводлар ва ўйинларда қўллаш.
Do'stlaringiz bilan baham: |