2.1. Макроиқтисодий шароитларнинг нархлар даражасига таъсири Охирги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ўзгаришлар мамлакатдаги инфляцияни шакллантирувчи шароитларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Аввалги йилларда инфляцион босим асосан валюта бозоридаги номутаносиблик натижасида миллий валюта алмашув курсининг доимий тарзда қадрсизланиши, энг кам иш ҳақи миқдорларининг режали индексация қилиб борилиши ҳамда давлат томонидан маъмурий тарзда тартибга солинадиган нархларнинг мунтазам ошириб борилиши натижасида юзага келган.
2018 йилда инфляцион жараёнларнинг шаклланишига таъсир кўрсатган макроиқтисодий шароитлар ўтган йиллардаги шароитлардан кескин фарқланди.
Олдинги йилларда бюджетнинг объектив аҳамиятдаги харажатлари (фақат профицит билан ижро этиш мақсадида)қисқартирилиши ёки зарур даражада шакллантирилмаслиги ҳал этилиши лозим бўлган ижтимоий-иқтисодий муаммолар тўпланиб қолинишига ва бугунги кунда уларнинг кечиктирмасдан ечилиши заруриятини туғдирмоқда.
2018 йилда бюджет дефицити ЯИМга нисбатан 1,2 фоизни ташкил этиши кутилмоқда ва бу, ўз навбатида, кўзда тутилган барча харажатларнинг тўлиқ ҳажмда амалга оширилишини англатади. Бундай шароитда бюджет сиёсати иқтисодиётда ялпи талабни ошириш орқали инфляцияга босимни вужудга келтиради.
Мазкур йилда ички бозорда, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотлари бозорида рақобат муҳитининг бирмунча яхшиланганлиги кўзга ташланди ва бу маълум бир маҳсулотларнинг мавсумий етишмаслиги натижасида юзага келадиган нархлар ошишининг импорт ҳисобига олдини олиш имконини берди. Бунда алмашув курсининг нисбатан барқарорлиги ҳамда баъзи юқори талабга эга товарлар учун импорт божларининг бекор қилиниши ва
республиканинг чегара олди ҳудудларида савдо фаолияти эркинлаштирилганлиги муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, 2018 йилда шакар, картошка, ўсимлик ёғи, шахсий гигиена ва тозалаш воситалари ҳамда маиший техника каби товарлар нархлари ўтган йилларга нисбатан барқарор бўлганлигини келтириш мумкин.
Шунингдек, 2018 йилда юқори инвестицион талаб ёки қурилиш ишлари ҳажми ортиши натижасида қурилиш моллари нархлари кескин ошиши кузатилди. 2018 йилнинг сентябрь ойида қурилиш моллари нархи йиллик ҳисобда 25,8 фоизга ошган бўлса, бу кўрсаткич 2017 йилнинг шу даврида 8,3 фоизни ташкил этган.
Бундан ташқари, 2018 йилда инфляция даражасининг шаклланишида янги шароит сифатида давлат томонидан маъмурий тартибга солинадиган товар ва хизматлар нархларини эркинлаштириш сиёсатининг бошланиши инфляциянинг жорийҳолати ва ўрта муддатли истиқболдаги кутилмаларга тегишлитаъсирини кўрсатди.
Нархларни эркинлаштиришнинг дастлабки босқичида маъмурий тарзда тартибга солинадиган товар ва хизматлар нархларини уларнинг ишлаб чиқариш таннархидан паст бўлмаган даражада оширилиши талаб этилади. Бунда нархлар эркинлаштирилиши ва рақобат муҳити шакллантирилиши натижасида инфляцион босим вақт ўтиши билан камайиб боради. Мисол тариқасида 2018 йил сентябрида амалга оширилган биринчи навли буғдой уни ва ундан тайёрланадиган қолипли нон (буханка) нархлари оширилишини
келтириш мумкин.
Марказий банк пул-кредит сиёсати бўйича қарорлар қабул қилишда ва ўз мақсадларини белгилашда истеъмол нархлари индекси бўйича ҳисобланган инфляция даражасини таҳлил ва прогноз қилиб боради. Халқаро амалиётда инфляцияни ўрганишда истеъмол нархлари индексидан ташқари ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) дефляторидан ҳам кенг фойдаланилади.
ЯИМ дефлятори ҳисоблаш методологияси, қамрови ва шаклланиш сабаблари бўйича истеъмол нархлари индексидан фарқ қилса-да, иқтисодиёт тармоқларидаги умумий нархлар ўзгаришини ўзида акс эттирганлиги ва келгусида мазкур омилларнинг истеъмол нархлари индекси бўйича ҳисобланадиган инфляция даражасига таъсири юқорилигини инобатга олиб, Марказий банк ЯИМ дефляторини ҳам мунтазам таҳлил қилиб боради.