Жамоатчилик назоратининг мониторинг шакли. Жамоатчилик назоратининг мониторинг шакли дастлаб атроф-муҳитдаги ўзгаришларни ўрганишда қўлланган. Масалан, Ўзбекистонда назоратнинг мониторинг шаклиОролбўйи минтақасида бир қатор ҳолат ва кўрсаткичларникузатиш мақсадида ўтказилган. Жамоатчилик назоратига экология соҳасидан кириб келган мазкур усул, кейинчалик, жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида ҳам қўллана бошлади.
Мамлакатни модернизациялаш жараёнида мавжуд муаммоларни ҳал қилиш янги муаммоларни келтириб чиқаради. Лекин, вужудга келаётган янги муаммолар тараққиётнинг янги, юқорироқ босқичида, шу босқичнинг талабларига мос равишда ҳал қилинади. Ана шундай муаммоларни самарали ҳал қилиш учун жамиятдаги ижтимоий муносабатлар тадрижини мунтазам таҳлил қилиш зарурати вужудга келади. Ана шундай таҳлил талабларига жамоатчилик мониторинги тўла жавоб беради. Ижтимоий муносабатлар тадрижини ташхис қилиш ва башорат қилиш вазифасини бажарувчи жамоатчилик мониторинги, айни пайтда, мазкур жараёнларни бошқариш бўйича тезкор ахборот олиш имконини ҳам беради.
Жамоатчилик мониторингининг бошқа тадқиқот усулларидан афзаллиги шундаки, унинг ёрдамида ижтимоий кўрсаткичларнинг кенг доираси бўйича олинадиган маълумотларни мунтазам тўлдириб ва уйғунлаштириб бориш имкони пайдо бўлади. Ахборотларни ана шундай тўлдириш ва уйғунлаштириш асосида мунтазам янгиланиб турувчи ахборот банки яратилади. Айни мана шу афзаллиги жамоатчилик мониторингининг кенг тарқалиши учун асос яратмоқда.
Жамоатчилик мониторинги жамоатчилик фаоллигининг янги шакли бўлиб, муайян тизимлар тўғрисида мунтазам ва илгарилаб борувчи ахборот олиш имконини беради. Олинган ахборотларда тизимнинг ҳолати мониторинг кўрсаткичлари ёрдамида ифодаланади. Мониторинг кўрсаткичлари комплекслик ва интегративлик мезонлари асосида шаклланади. Комплекслик тушунчаси тизимнинг турли таркибий қисмлари тўғрисида ахборот олишни англатса, интегративлик мезони олинаётган ахборотнинг ўша таркибий қисмлари ўзаро таъсирини ифодалашни таъминлайди. Мазкур ахборотлар тизимдаги миқдорий ва сифат ўзгаришларни ўзаро алоқадорликда ифодалайди.
“Мониторинг” тушунчаси муайян объектларнинг ҳолати тўғрисида махсус ташкил этилган тизимли кузатишни англатади. Масалан, атроф-муҳитни мониторинг қилиш табиатдаги объектларнинг ҳолати ва улардаги ўзгаришларни кузатишни англатади.
Жамоатчилик мониторинги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва умуман, фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг амалдаги қонунчиликка мос ёки мос эмаслигини назорат қилиш мақсадида амалга оширилади. Жамоатчилик мониторинги давлат ҳокимияти органлари фаолиятига баҳо бериш билан бирга, зарур бўлган ҳолларда уларни коррекция қилиш имконини ҳам яратади.
Жамоатчилик мониторинги қуйидаги тамойилларга асосланиб ўтказилади:
- тизимлилик ва холислик;
- қонунийлик ва очиқлик;
- олинаётган маълумотларнинг ишончлилиги.
Ижтимоий аҳамиятга молик дастурларни жамоатчилик мониторингидан ўтказишнинг мақсади мазкур дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқишдир. Бундай тавсиялар мониторинг натижаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш асосида қабул қилинади.
Ижтимоий аҳамиятга молик дастурларни жамоатчилик мониторингидан ўтказиш технологияси ўзаро боғлиқ ва муайян кетма-кетликда ташкил этилган ҳаракатлар йиғиндиси бўлиб, уларни амалга ошириш манфаатдор шахс ва ташкилотларга, биринчи навбатда, нодавлат нотижорат ташкилотларга ижтимоий аҳамиятга молик мазкур дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш имкониятини беради. Бундай иштирок аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг сифати ва самарадорлигини оширишни назарда тутади.
Жамоатчилик мониторинги бир неча усуллардан фойдаланиб ўтказилади. Бундай усуллар жумласига қуйидагиларни киритиш мумкин: статистик таҳлил; бюджет таҳлили; ҳуқуқий таҳлил; сўровномалар; интервью.
Мониторинг ўтказиш дастуримуаммоли вазиятни тавсифлашни ҳам қамраб олади.Мониторинг ана шу вазиятни статистик маълумотлар, оммавий ахборот воситаларида чоп этилган маълумотлар, шунингдек, бошқа манбалардан олинган маълумотлар асосида таҳлил қилишни назарда тутади. Ана шундай таҳлил асосида ижтимоий аҳамиятга молик дастурларнинг мазмуни, мақсадга йўналтирилганлиги муаммони ҳал қилиш учун белгиланган тадбирларнинг етарли ёки етарли эмаслиги, асосланганлиги, амалга ошириш механизмлари мавжудлиги, жамоатчилик фикри ҳисобга олингани ёки олинмаганлиги, уни тузишда жамоатчиликнинг иштирок этиш даражаси баҳоланади.
Жамоатчилик мониторингидан ўтказишнинг ташкилий шакли ташаббускор ташкилот томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳисобланади. Лойиҳада жамоатчилик мониторингини ташкил қилишнинг асосий босқичлари ифодаланган бўлади: тайёргарлик кўриш босқичи, жамоатчилик мониторинги бўйича тадбирларни ташкил қилиш босқичи, якунловчи босқич.
Do'stlaringiz bilan baham: |