Жамоатчилик муҳокамаси. Жамоатчилик муҳокамаси ижтимоий аҳамиятга молик бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қарор, буйруқ ва фармойишлари, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган бошқа ҳужжат ва материалларни таҳлил қилишга бағишланади. Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича жамоатчилик муҳокамаси уларга ўзгаришлар киритиш, ёки уларни янги таҳрирда қабул қилиш зарур бўлган ҳолларда жамоатчилик фикри ҳисобга олинишини таъминлаш мақсадида ўтказилади.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда қабул қилинадиган қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш одат тусига кирди. Миллий онг ва миллий маънавиятнинг тикланиши ва ривожланиши натижасида қонунлардан ташқари, ижтимоий аҳамиятга молик бўлган бошқа ҳодисаларни муҳокама қилиш ҳам ижтимоий амалиётда мустаҳкам ўрин эгаллай бошлади.
Олий Мажлис фуқароларнинг вакиллик органи сифатида мамлакат ҳаётида муҳим рол ўйнайди. Шундай бўлса ҳам, Қонунчилик Палатаси ҳамда Сенат аъзолари қонунларнинг сифатли бўлиши ҳамда ижтимоий ҳаётда ўз ўрнини эгаллашини таъминлаш учун, уларнинг лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишга эҳтиёж сезадилар. Бундан ташқари, қонунлар легитимликка эга бўлиши учун, кенг халқ оммасини уларнинг муҳокамасига жалб қилиш зарур бўлади.
Қонунларнинг лойиҳалари бўйича лойиҳа мавзуси бўйича мутахассис бўлган экспертлар жалб қилинади. Айни пайтда, қонунларни қабул қилишда экспертлардан ташқари, турли мақсадли гуруҳларга мурожаат қилиш ҳам зарур бўлади. Бундай мақсадли гуруҳларга мазкур қонуннинг қабул қилинишидан манфаатдор бўлган томонларни киритиш мумкин. Масалан, чорвачиликни ривожлантиришга оид қонун қабул қилинмоқчи бўлса, унинг лойиҳаси муҳокамасига, биринчи навбатда, чорвадорларнинг вакиллари жалб қилиниши керак. Бундан ташқари, чорва ҳайвонларига ем-хашак етказиб берувчи деҳқонлар, омухта ем етказиб берувчи саноат ваклилларини ҳам жалб қилиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, чорвачилик маҳсулотларини истеъмол қилувчи кенг халқ оммаси вакиллари ҳам иштирок этиши шарт бўлади. Мана шу бир қонун лойиҳасини муҳокама қилишга жалб қилинганлар орасида бир неча мақсадли гуруҳ вакилларини кўриш мумкин. Санаб ўтилган гуруҳлардан ташқари, қонун лойиҳасини муҳокама қилишга мамлакатимиздаги ижроия ва қонун чиқариш органларининг, шунингдек, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг вакилларини ҳам жалб этиш мақсадга мувофиқ. Булардан ташқари, қонун лойиҳасини муҳокама қилишда фуқаролик жамиятлари институтлари (касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар, ёшлар ташкилотларининг вакиллари ҳам) иштирок этиши зарур бўлади. Санаб ўтилганлардан ташқари, мамлакатдаги ҳар бир фуқаро қонун муҳокамасида иштирок этиши мумкин.
Жамоатчилик муҳокамаси ўз моҳиятига кўра, ижтимоий-сиёсий жараён бўлиб, давлат бошқарувида сиёсий қадриятларни, яъни фуқароларнинг сиёсатни ишлаб чиқишдаги иштирокини таъминлашга қаратилган бўлади. Давлат бошқаруви учун сиёсий қадриятлардан ташқари, ҳуқуқий қадриятлар ҳам хос бўлиб, улар сиёсий қарорлар қабул қилиш чегараларини белгилаб беради, алоҳида фуқароларнинг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Қарорлар қабул қилишда сиёсий ва ҳуқуқий қадриятлардан ташқари, бошқарув қадриятлари ҳам мавжуд бўлиб, улар қонунларни амалга тадбиқ қилиш жараёнида намоён бўлади. Ҳуқуқий қадриятлар жумласига ҳуқуқнинг устуворлиги, тенглик кабилар кирса, бошқарув қадриятларига бошқарув органлари фаолиятининг самарадорлиги, оптималлиги кабиларни киритиш мумкин.
Жамоатчилик муҳокамасини ўтказишда иштирокчилар олдиндан рўйхатдан ўтишлари, хулқ-атвор қоидаларига ҳамда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш регламентига амал қилишлари шарт.
Муҳокама қилинаётган лойиҳани кўриб чиқаётган давлат ҳокимияти органи ёки маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органи жамоатчилик муҳокамаси ташкилотчисини мазкур тавсияларни кўриб чиқиш муддати ва тартиби тўғрисида олдиндан хабардор қилиши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |