Иқтисодий ривожланган мамлакатларда ҳар бир корхона ёки компанияда пухта ишлаб чиқилган кадрлар сиёсати консепсияси қўлланилган бўлиб, унинг моҳияти қуйидаги муаммоларни ҳал қилишдан иборат:
- кадрлар талабига мос ижтимоий-меҳнат муносабатларини сифат жиҳатдан ўзгартириш;
- кўп иш ўринларининг инноватсион янги иш ўринлар яратиш тизимини жорий қилиш;
- ишга қабул қилиш тартиби амалдаги меҳнат қонунларига қатъий риоя қилишга асосланганлиги;
- ходимларнинг ҳудудий ва профессионал ҳаракатчанлиги даражасининг юқорилиги.
Ривожланган мамлакатлар компаниялари кадрлар сиёсати қуйидаги устувор йўналишлардан иборат:
1. Компанияларнинг амалдаги бошқарув ташкилий тузил-масини мунтазам равишда ўзгартириб туриши, бўлажак қийин-чиликларга тайёр бўлиши учун мослаштириш самарадорлигини ошириб бориш.
2. Компаниянинг ишлаб чиқариш мақсад ва вазифалари билан боғлиқ турли тоифадаги ходимларнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларини олдиндан прогноз қилиш ва аниқлаб бориш.
3. Компания ва соҳа олдида вужудга келадиган янги вазифаларни ҳал этишга тайёр ходимларни танлаб, тайёрлаб бориш.
4. Компания ходимларининг иш сифати ҳолатини таҳлил қилиб бориш.
5. Компания ходимлари учун меҳнат ҳақи ва имтиёзлар тизимини ўзгартириш.
6. Ходимларни рағбатлантириш мақсадида уларнинг иш миқдори ва сифатини баҳолаш учун қўшимча мезонларни ишлаб чиқиш.
7. Ходимларнинг ишлаб чиқаришдаги янги технологик вазифаларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда инноватсион талабларга жавоб берувчи кадрлар тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
8. Компания маҳсулотининг сифати ва афзалликларини ифодаловчи қўшимча реклама режаларини ишлаб чиқиш.
9. Ходимларни танлаш жараёнини қатъий назорат қилиш, уларнинг миқдорий ва сифат параметрларини ўзгартириш;
10. Компаниянинг мавжуд кадрлардан бошқарув лавозимлари учун истиқболли номзодларни аниқлаш, уларни тайёрлаш ва лавозимга кўтариш бўйича махсус дастурларни ишлаб чиқиш.
Компаниялар кадрлар сиёсатининг таркибий қисмлари қуйидагилардан иборат:
- ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий талабларини режалаштириш (ташкилий таҳлил, мавжуд лавозимларни таҳлил қилиш ва уларни инноватсион талабларга мослаштириш, янги лавозим ва янги мутахассисликка муҳтожлик, ходимлар меҳнатини сифатли режалаштириш, лавозимларни баҳолаш);
- таълим ва касб-ҳунарни ривожлантириш (соҳасидаги таълим ва касб-ҳунар даражаси, иш-хизматни тайёрлаш, хабарлар айланиши, таълим ва мустақил таълим, хориждаги сафарлари);
- назорат мониторингги тизими (мақсадли бошқариш, ишлаш ҳажми, баҳолаш ҳажми (қобилияти) ходимлари, узлуксиз режалаш-тириш, мансабни режалаштириш);
- компенсатсиялар тизими фаолияти (барча тўлов турлари, тўлов ҳажми ва амалга оширилган ишлар муваффақият, тўлов, уларнинг ҳолатига қараб, ижтимоий хавфсизлик ва ҳоказолар йиғиндиси жами).
Компаниянинг кадрлар сиёсати жараёнида ходимлар ишининг турли шаклларини бирлаштиради, бу технология ва бозорнинг ўзгарувчан талабларига яқин келажакда жавоб бериш қобилиятини ошириб боради.
Компаниянинг кадрлар сиёсатининг асосий хусусиятлари:
ишлаб чиқариш ва технологик стратегия билан бевосита боғлиқлиги;
барча дастурлар узоқ муддатли режалаштиришга йўнал-тирилган;
компания ходимларининг ролини энг муҳим деб ҳисоблайди;
компаниянинг ҳар бир бўғин раҳбари ходимларнинг меҳнатини ўзаро боғлиқ функсия ва жараёнлари доирасида амалга оширади
Ҳар бир корхонанинг кадрлар сиёсати турли соҳалардаги кадрлар сиёсати мажмуидан иборат, хусусан:
– кадрлар меҳнатини ташкил этиш сиёсати;
– кадрлар меҳнатини баҳолаш сиёсати;
– кадрларнинг касбий даражасини ошириш ва лавозимини кўтарилиш сиёсати;
– кадрларни рағбатлантириш сиёсати;
– кадрларни бошқариш сиёсати;
– кадрларнинг ижтимоий-меҳнат муносабатлари сиёсати;
– жамоанинг корпоратив маданиятини шакллантириш сиёсати;
– кадрлар билан алоқа қилиш сиёсати;
– кадрлар меҳнатини муҳофаза ва ижтимоий ҳимоя қилиш сиёсати ва ҳоказо.
Ушбу йўналишлар бўйича кадрлар сиёсатини ишлаб чиқиш жараёнида корхона мулкдорлари, раҳбарияти кадрлар сиёсати йўналишлари бўйича саволларнинг ўзи учун мавзули гуруҳларини шакллантириши ва муҳокама пайтида мавжуд ташкилий, иқтисодий ва техникавий муаммоларга жавоб бериши шарт. Бу талаблар самарали кадрлар сиёсатини ишлаб чиқиш учун муҳим.
Кадрлар сиёсатини ишлаб чиқиш жараёни учун йўналишлари бўйича саволларнинг мавзули гуруҳларини мисол қилиб келтирамиз.
Ходимлар меҳнатини ташкил этиш сиёсатини ишлаб чиқишда:
Корхонамизда турли лавозим гуруҳларини ходимлар билан тўлдириш учун қандай кадрлар манбаларини танлар эдингиз?
Корхонангизда муайян лавозимларга номзодлар учун қанақа энг муҳим талаблар қўйилиши керак деб ўйлайсиз?
Раҳбар ва мутахассис лавозимларга ишга жалб этиш учун истиқболли ва муносиб номзодларни нима билан қизиқтиришимиз мумкин?
Корхонангизда бошқаларга нисбатан энг истиқболли кадрларни жалб эта олиши ва бириктириши учун қандай афзалликларни яратиш керак?
Кадрлар танлашда бошқа корхонадаги шароитлардан стуворликларимиз нимадан иборат?
Персонални баҳолаш сиёсатини ишлаб чиқишда:
Қайси тоифадаги персонални қанчалик тез ҳамда мунтазам баҳолаб бориш зарур?
Ҳар хил персонал тоифаларига нисбатан қандай баҳолаш усулларини қўллаймиз?
Персонални баҳолаш бўйича қандай локал меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланишимиз зарур?
Баҳолаш натижаларига кўра ходимни ишдан бўшатишга тайёрмизми?
Персоналнинг профессионал ривожланиши ва лавозимини кўтариш сиёсатини ишлаб чиқишда:
Турли хил персонал гуруҳлари учун қандай қилиб мослашувчанлик даври яратилади?
Қандай қилиб биз кадрларни ўқитиш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил этамиз?
Персоналнинг меҳнат фаолиятини қандай баҳолаймиз?
Юқори лавозимларни эгаллашга қандай ва кимни номзод қилиб кўрсатамиз?
Раҳбарлик қилувчи кадрлар захираси билан ишлашни қандай ташкил қилиш зарур?
Бошқарув салоҳиятига эга бўлган истиқболли кадрларнинг ишбилармон карерасини ривожлантиришда қандай ёрдам кўрсата оламиз?
Персонални моддий ва маънавий рағбатлантириш сиёсатини ишлаб чиқишда:
Ҳар хил персонал гуруҳларига қандай мукофотлаш тизимини таклиф этишимиз мумкин?
Корхонада иш ҳақи турлари, мукофот миқдорлари ва ҳоказо компенсатсияларни қандай ташкил қилишимиз керак?
Корхонада маънавий рағбатлантириш шаклларининг қайси бирини қўллашимиз юқори самара беради?
Бир ёки бир нечта ходимларга товон пули тўлашни кўриб чиқиш жараёнида қандай омилларни эътиборга олишимиз зарур?
Персонални бошқариш сиёсатини ишлаб чиқишда:
Корхонада персонални бошқариш жараёнида ким реал мавқега ва қандай ваколатларга эга?
Корхонадаги менежментнинг персонални бошқаришдаги ўрни қандай?
Ўрта бўғин ва функсионал раҳбарларнинг персонални бошқаришдаги ўрни нималардан иборат?
Корхона кадрлар хизматининг персонални бошқаришдаги ўрни қай даражада тўғри ва тўлиқ белгиланган?
Ижтимоий - меҳнат муносабатлари сиёсатини ишлаб чиқишда:
Корхонада персонал ўртасидаги ижтимоий-меҳнат муносабатлари қайси ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгиланган?
Корхонада персонални бошқариш жараёнида қандай устуворликлар мавжуд?
Корхонада юзага келадиган ижтимоий-меҳнат муносабатларидаги низолар қандай ҳал қилинади?
Ходимларнинг ички ташкилий хулқи ва маданият даражасининг энг мақбулини ташкил этиш учун қандай чора-тадбирлар кўриш зарур?
Ходимлар билан раҳбарият ўртасида ташкилий-маъмурий муноса-батларда қандай муҳитни яратиш ва ривожлантириш зарур?
Жамоада ташкилий ва меҳнат маданиятини шакллантириш сиёсатини ишлаб чиқиш:
Жамоада ташкилот маданияти талабларини қандай тушунамиз?
Жамоанинг ташкилий маданияти даражасини ошириш учун энг муҳим қадриятлар нималардан иборат?
Жамоа аъзолари орасида қандай одоб-ахлоқ меъёрларини ривожлантиришни истар эдингиз?
Персоналнинг корхона ва жамоага бўлган садоқат туйғуларини қандай тушунасиз?
Жамоанинг ташкилий мафкураси моҳияти нимада деб ҳисоблайсиз?
Жамоада қандай ташкилий муҳитни яратишимиз зарур?
Жамоанинг ташкилий маданияти даражасини қандай ривожлантиришимиз керак?
Персонал билан очиқ алоқа қилиш сиёсатини ишлаб чиқиш:
Жамоага қайси ахборот маълумотларини, қайси миқдорда, қачон ва қай тарзда етказишни хоҳлардингиз?
Ахборотни персоналга етказишда қандай муаммоларни муҳим деб ҳисоблайсиз?
Корхонада биринчи навбатда қайси ахборот алоқа тизимларини ривожлантиришни афзал кўрасиз?
Ходимларнинг меҳнат муҳофазаси ва ижтимоий ҳимоя қилиш сиёсатини ишлаб чиқишда:
Ходимларга соғлом меҳнат шароитларини вужудга келтириш учун қайси ташкилий ва молиявий тадбирларни амалга оширган бўлар эдингиз?
«Ходимларнинг муносиб меҳнат шароити» деганда нимани тушунасиз?
Жамоада бахтсиз ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари негизида нима ётибти?
Корхонада “иш жойи” тушунчаси ва “иш жойи паспорти” ҳужжати мавжудми?
Хавфсиз меҳнат шароитларга қайси лавозим эгаси масъул ва у қайси ҳужжатлар асосида ўз ишини ташкил қилади?
Янги ходимларни соғлиғини сақлаш ва хавфсизлик техникаси усулларига қандай ўргатамиз?
Корхона касаба уюшмаси фаоллари ходимларнинг меҳнат таътили, дам олиш кунлари ҳордиқ чиқаришни ташкил қилиш ва тиббий-профилактик ишларни ташкиллаштиришда аҳамияти борми?
Корхонанинг кадрлар сиёсатини шакллантириш учун аналитик маълумотларни тайёрлашда қуйидаги усуллар қўлланилади: иқтисодий, бошқарув, ижтимоий, психологик ва ҳоказо.
Корхонанинг кадрлар сиёсатини шакллантириш жараёнига бир қатор муҳим омиллар таъсир кўрсатади. Уларнинг бир қисми 2-жадвалда ифодаланган.