11.2. Корхонанинг кадрлар сиёсати
Ишлаб чиқариш корхоналарининг стратегик вазифаларини бажаришда кадрлар салоҳияти асосий омил ҳисобланади. Бу эса корхоналар ходимларининг меҳнат фаолиятини кучайтириш, янги маҳсулотлар ва технологияларни ўзлаштириш, мутахассис ва ўрта қатлам раҳбарлари ваколатлари ва жавобгарликларини кенгайтириш пухта ўйланган кадрлар сиёсатини амалга оширишни тақозо этади.
Кадрлар сиёсати − корхонанинг стратегик вазифаларини ҳал қилишга қодир бўлган профессионал кадрлар жамоасини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуасидир.
Кадрлар сиёсати корхоналар фаолиятинининг юксак натижалари билан пухта билим ва тажрибага эга бўлган ҳамда манфаатли ходимларнинг самарали жамоасини шакллантиришнинг ўзаро боғлиқлик тамойиллари асосида қурилади. Бу эса корхоналарнинг муҳим жорий ва келгуси вазифаларини ҳал этишда муваффақиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади.
Рақобат шароитида кадрлар сиёсати шундай ташкил этилиши керак-ки, у корхонанинг ички ва ташқи иқтисодий омилларнинг ўзгаришларига тез ва самарали равишда мослашишини, зарур ўзгаришлар ва инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга самарали татбиқ этишни таъминлашга қодир бўлиши лозим.
Кадрлар сиёсатини амалга оширишда корхоналар − мотивациянинг янги турлари ва манбааларини таклиф этган ҳолда, ходимларнинг профессионал, ишбилармонлик ҳамда шахсий хусусиятлари (корпоратив маданияти)ни ҳар томонлама ривожлантиришга, уларнинг ишга бўлган новаторлик ёндашувларини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиши керак.
Корхоналарда кадрлар сиёсати ишлаб чиқаришнинг хусусиятларига ҳамда жамиятда меҳнат бозори (ишчи кучи таклифи ва унга бўлган талаб)нинг қай даражада ташкил этилганлигига қараб шакллантирилади.
Корхона кадрлар сиёсатига баҳо бериш мезони ─ ишлаб чиқариш самарадорлигининг ўсиши ҳисобланади.
Кадрлар сиёсатини рўёбга чиқариш (жумладан, кадрларни танлаш ва жойлаштириш)да корхона раҳбари, бўлим ва хизмат бошлиқлари, кадрлар бўлими, иқтисодий ва ишлаб чиқариш бўлими, меҳнат ва ҳақ тўлаш бўлими, техник бўлим ва бошқалар иштирок этади.
Рақобат шароитида кадрлар сиёсати − корхоналарнинг муваффақиятли фаолият юритишида муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шу сабабдан ҳар бир корхона, миллий иқтисодиётимизнинг ҳамда хорижий мамлакатларнинг илғор корхоналари тажрибалари ва ютуқларини ўзлаштириш асосида ўз кадрлар сиёсатини такомиллаштириб бориши мақсадга мувофиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |