11.1. Корхонанинг кадрлар салоҳияти
Иқтисодий фаолиятда ишлаб чиқариш воситалари билан бир қаторда меҳнатнинг иштироки зарур бўлади. “Ишлаб чиқариш омиллари бу – товар ва хизматларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ресурслардир. Уларнинг асосийларига меҳнат, ер ва капитал киради”22. Улар ҳамма даромадлар манбаидир. Даромадлар ишлаб чиқариш воситалари эгалари ва меҳнат соҳиблари ўртасида тақсимланади.
Иқтисодиётга оид адабиётларнинг аксариятида корхоналар фаолиятига боғлиқ масалалар хусусида фикр юритилганда албатта “меҳнат” атамаси билан бир қаторда “ишчи кучи”, “меҳнат ресурслари”, “кадрлар”, “кадрлар солоҳияти”, “меҳнат салоҳияти”, деб номланувчи бир қатор тушунчалар ишлатилади ва улардан бир хилда фойдаланилади. Бу тушунчалар қанчалик яқин бўлсада, уларни фарқлаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Корхоналар, ўз фаолиятларини юритишларида, ишчи кучига бўлган эҳтиёжнинг қондирилишига ва маҳсулот (иш, хизмат)лар ишлаб чиқариш жараёнларида улардан қандай фойдаланишга бефарқ бўлмайди. Уларнинг хўжалик юритиш иқтисодиёти, жумладан, асосий фондлар ва айланма маблағлардан самарали фойдаланиш даражаси, кўп жиҳатдан ишчи кучига боғлиқ.
Корхоналарнинг ишчи кучи билан таъминланганлик даражаси меҳнат бозорида рўй бераётган муносабатларга (хусусан, таклифга) боғлиқ.
Кадрлар − корхоналар фаолиятида катта аҳамиятга эга. Улар ишлаб чиқаришни бошқариб, жорий ва истиқболдаги режалаштиришни амалга оширадилар ҳамда ишлаб чиқариш воситаларини фойдаланишга киритадилар. Уларнинг касбий малакаси қанчалик юқори бўлса, корхоналарнинг иқтисодий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари шунчалик яхши бўлади.
Корхонанинг иқтисодий-молиявий фаолияти режалаштирилаётган пайтда, унда ишловчи ходимлар сони, таркиби ва сифати ҳисобга олинади.
Ходимлар сони ва улар таркиби корхона фаолиятининг йўналиши ҳамда унинг ишлаб чиқариш ҳажмига боғлиқ.
Корхона ходимларининг асосий ва кўп сонли қисмини ишчилар ташкил қилиб, улар маҳсулот ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш, иш бажариш), таъмирлаш ва ускуналарга хизмат кўрсатишда қатнашадилар, меҳнат предметларини ташиш ва маҳсулот тайёрлашни амалга оширадилар, қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарадилар.
Корхона ходимларининг миқдорий, сифат ва тузилмавий ҳолатлари ҳақидаги кўрсаткичлар ишлаб чиқаришни бошқариш, мавжуд меҳнат ресурслари самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имкониятини яратади.
Do'stlaringiz bilan baham: |