9.2. Бухгалтерия ҳисобига раҳбарлик қилиш.
Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини ташкил этишни корхона, муассаса ва ташкилот раҳбари амалга оширади.
Раҳбар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
– бош бухгалтер раҳбарлигида бухгалтерия ҳисоби хизматини ташкил этиш ёки шартнома асосида жалб қилинган бухгалтер хизматидан фойдаланиш;
– бухгалтерия ҳисоби юритишни шартнома асосида ихтисослаштирилган бухгалтерия фирмасига ёки таркибига бухгалтерия субъекти ҳам кирадиган хўжалик бирлашмасининг марказлаштирилган ҳисобга олиш бўлимига юклаш;
–бухгалтерия ҳисобини мустақил юритиш.
Раҳбар қуйидагиларни таъминлаши шарт:
– ички ҳисоб ва ҳисобот тизими ишлаб чиқилишини;
– хўжалик операцияларини назорат қилиш тартибини;
– бухгалтерия ҳисоби тўлиқ ва аниқ юритилишини;
– ҳисоб-китоб ҳужжатларининг сақланишини;
– ташқи фойдаланувчилар учун молиявий ҳисобот тайёрланишини;
– солиқ ҳисоботлари ва бошқа молиявий ҳужжатлар тайёрланишини;
– ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилишини.
Бухгалтерия ҳисобини юритишда алоқадор бўлган раҳбарлар, бухгалтерлар ва бошқа шахслар бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритишда бухгалтерия ҳисобининг асосий тамойилларига риоя қилишлари керак.
Бухгалтерия аппарати ҳужжатларни ишлаб чиқиши, бухгалтерия регистрларида ҳисоб ёзувларини оқилона олиб бориши ва улар асосида бошқарув ва молиявий ҳисоботларни тузишни таъминлаши зарур.
Бухгалтерия аппарати, қуйидаги бўлимлардан ташкил топган:
материал бўлими, бу ерда сотиб олинган материал қийматликларни, материал юборувчилар билан ҳисоб - китобларни, материалларни сақлаш ва фойдаланиш жойлари бўйича кирими ва сарфланишини ҳисоби юритилади. Кўпам катта бўлмаган корхоналарнинг бу бўлимида асосий воситалар, арзон ва тез эскирувчи буюмлар ва тайёр маҳсулотлар ҳисоби ҳам юритилади. Йирик корхоналарда бу участканинг маълумотларини ишлаб чиқиш учун махсус бўлим ташкил этилади;
ҳисоблашиш бўлими, бу ерда дастлабки ҳужжатларга асосан иш ҳақи ҳисоблаш ва ундан ушланмалар бўйича барча ҳисоблашишлар олиб борилади, меҳнат ҳақи фонди ва истеъмол фондидан фойдаланиш бўйича назорат амалга оширилади, ижтимоий суғурта ва таъминотга ажратмалар бўйича, пенсия фондига бандлик фонди ва бошқалар бўйича ҳисоблашиш ҳисобини олиб боради;
ишлаб чиқариш - калькуляция бўлими, бу бўлимда барча турдаги ишлаб чиқаришга қилинган харажатлар ҳисоби юритилади, ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг ҳақиқий таннархи аниқланади ва ҳисобот тузилади, тугалланмаган ишлаб чиқаришга сарфланган харажатлар таркиби аниқланади.
умумий бўлим, бу бўлимда юқорида санаб ўтилган бўлимларда ҳисобга олинмайдиган муомалалар ҳисоби юритилади, Бош дафтар юритилади ва бухгалтерия ҳисоби тузилади. Йирик корхоналарда молиявий бўлим ажратилиб, унда пул маблағлари, корхона ва айрим шахслар билан ҳисоб - китоблар ҳисоби юритилади.
Бухгалтерия корхонанинг барча ишлаб чиқариш бўлинма (цех, бўлим)лари билан бевосита муносабатда бўлади. У улардан бухгалтерия ҳисобини юритиш учун тегишли маълумотлар олади, чунончи:
кадрлар бўлимидан – ишга қабул қилинганлиги, ишдан бўшатилганлиги, таътилга чиққанлиги, корхона ичида бир жойдан иккинчи жойга ўтказилганлиги тўғрисида шахслар рўйхати (буйруқ)ни олади;
омборлардан – товар – материал қийматликларини ҳаракати (кирим, чиқим, бир жойдан иккинчи жойга ўтказилиши) тўғрисида ҳужжатлар олади;
цехлардан – айрим хўжалик муомалалари (маҳсулотни ишлаб чиқариш ва ш.к.) бўйича ҳужжатлар, харажатлар бўйича ишлаб чиқариш ҳисоботи ва бошқаларни олади.
Бош механиқдан – асбоб - ускуналани ҳаркати ва уларни таъмири тўғрисида, автотранспортни ишлари ва бошқалар тўғрисида ҳужжатлар олади;
Режа бўлимидан – корхонанинг барча фаоличти бўйича тасдиқланган режа кўрсаткичлари (даромад ва харжатлар сметаси) ни олади;
Меҳнат ва иш ҳақи бўлимидан – алоҳида категория ишловчиларига ҳақ тўлаш ва мукофатлаш, ставкалар, окладлар, штатларни ўзгариши тўғрисида низоми.
Бош бухгалтер бухгалтерия ҳисобининг юритилиши юзасидан белгиланган қоидалар асосида уни ташкил этиб, қуйидагиларни таъминлаши шарт:
* бухгалтерия ишининг тўғри ташкил этилиши, бухгалтерия ҳисоби счёт(ҳисобварақ)лар ва хужжатларда операцияларнинг ўз вақтида ҳамда тўғри акс эттирилиши;
* қонуний тарзда маблағ ва бойликлар бут сақланишини таъминлаш;
* қатъий ҳисобдаги бланкларнинг бут сақланиши ва улар ҳисобининг тўғри юритилиши;
* бухгалтерия ҳисобининг илғор шакл ва усулларидан кенг фойдаланиш;
* келиб тушган пул маблағлари, товар-моддий бойликлар ва асосий воситалар ҳисобининг тўлиқ юритилиши, шунингдек улар ҳаракати билан боғлиқ операцияларнинг бухгалтерия ҳисобида ўз вақтида акс эттирилиши;
* давлат бюджетига тўловлар, ижтимоий суғурта ва пенсия фондига бадаллар, бошқа фондлар ҳамда резервларга ажратмаларнинг тўғри ёзилиши ҳамда ўз вақтида ўтказилиши;
* камомад ҳамда пул маблағлари ва товар-моддий бойликларнинг талон-тарож қилиниши бўйича материалларни расмийлаштириш юзасидан инвентаризацияларда қатнашиш, тегишли ҳолларда бу материаллар суд ва тергов органларига тақдим этилишини назорат қилиш;
* бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботининг тўғри ташкил этилишини текшириш, бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботи, назорат таҳлил масалалари юзасидан ходимларга ўз вақтида йўл-йўриқлар кўрсатиб бориш;
* бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи маълумотлари асосида корхонанинг молиявий фаолиятини иқтисодий таҳлил қилиш (агар бу вазифа башқа ҳодимга юклатилган бўлмаса);
* бухгалтерия ҳужжатларининг бут сақланиши, уларнинг ўрнатилган тартибда расмийлаштирилиши ва архивга топширилиши.
Бош бухгалтер тегишли бўлинмалар ва цехларнинг раҳбарлари билан биргаликда қуйидагиларни синчиклаб назорат қилиши шарт:
а) товар-моддий бойликларнинг қабул қилиниши ва топширилишини расмийлаштиришда белгиланган қоидаларга риоя этилиши;
б) иш ҳақи фондининг тўғри сарфланиши, мансаб маошларининг тўғри белгиланиши, штатлар, ишлаб чиқариш, сотиш ва таъминот интизомига қатъий риоя этилиши;
в) пул маблағлари, товар-моддий бойликлар, асосий воситаларни йўқлама қилиш, ҳисоб-китоблар ва тўлов мажбуриятларини бажаришнинг белгиланган қоидаларига риоя этилиши;
г) белгиланган муддатларда дебиторлик қарзи ундириб олиниши ва кредиторлик қарзининг қайтарилиши, тўлов интизомига риоя этиш;
д) камомадлар, дебиторлик қарзи ва бошқа йўқотишларни бухгалтерия ҳисобининг баланс ҳисоботларидан қонуний тарзда чиқарилиши.
Бош бухгалтер қуйидаги ҳуқукларга эга:
а) бухгалтерия ҳисоби ишлари тўғри ташкил этилишини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар кўришни корхона раҳбаридан талаб қилиш;
б) таркибий бўлималар, участкалар ва цехларда товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш, киримга ёзиш, сақлаш ҳамда сарфлаш юзасидан белгиланган тартибда амал қилинишини текшириб туриш;
в) мукофотлар ҳажмларини пасайтириш ёки мукофотдан маҳрум этиш тўғрисида таклифлар бериш.
Бош бухгалтер қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлади:
а) бухгалтерия ҳисоби нотўғри юритилиб, оқибатда пала-партиш ҳолатга келган ва бухгалтерия ҳисоботи тузилганда;
б) пул маблағлари, товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш, киримга ёзиш, сақлаш ва сарфлаш юзасидан белгиланган тартибга зид операциялар бўйича ҳужжатлар ижрога қабул қилинган ҳамда расмийлаштирилган ҳолларда;
в) бухгалтерия айби билан нотўғри бухгалтерия ҳисоботи тузилганда;
г) камомадлар, дебиторлик қарзлари ва бошқа йўқотишларни бухгалтерия баланс ҳисоботларидан чиқариш тартиби бузилганда;
д) бухгалтерия ҳисобини ташкил этишга доир бошқа меъёрий ҳужжатлар бузилганда.
Бош бухгалтер қуйидаги ҳолатлар учун корхона раҳбари билан баб-баравар жавоб беради:
а) молиявий-хўжалик фаолиятини тартибга солувчи қоидалар ва низомлар бузилиши;
б) мансабдор шахслардан улар етказган зарар суммасини ўз вақтида ундириб олмаслик;
в) чораклик ва йиллик баланс ҳисоботи ҳамда бошқа бухгалтерия ҳисоботларини тегишли органларга тақдим этиш муддатларининг бузилиши.
Do'stlaringiz bilan baham: |