Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини ўрганиш.
Судларда ишлар кўрилишида прокурор ваколатини таъминлаш йўналиши бўйича фаолият юритаётган прокурорлар зиммасига судлар томонидан қонуний, асосли ва адолатли суд ҳужжатлари қабул қилинишини таъминлаш вазифаси юклатилган, ва шу билан бирга прокурорларнинг судлардаги иштирокидан ҳам айнан шу мақсадга эришиш назарда тутилган экан, ушбу мақсадга эришиш, биринчидан суд мажлисларида иштирок этаётган прокурорлар томонидан иш ҳужжатлари ва қонун нормаларига таянган холда асосли фикр билдириш йўли билан, иккинчидан ноқонуний суд қарорларига ўз вақтида тегишли муносабат билдирган холда протест келтириш ва уни қонунга мувофиқлаштириш йўли билан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2015 йилнинг 17 ноябридаги № 125-сон “Иқтисодий судларда ишлар кўрилишида прокурор иштирокининг самарадорлигини янада ошириш тўғрисида” ги буйруғининг 19-бандида прокурорлар зиммасига суднинг ноқонуний ҳал қилув қарори, ажрими ва қарорларига прокурорлар томонидан қонунда белгиланган тартибда апелляция ва кассация протестлари келтирилишини қатъий таъминлаш мажбурияти юклатилган.
Прокурор томонидан келтириладиган протестлар сифатига доир талаблар соҳавий буйруқнинг 20-бандида белгиланиб, унга кўра иқтисодий ишлар бўйича қабул қилинган суд қарорларига асоссиз протестлар келтирилишига йўл қўймаслик, протестнинг ишдаги далиллар ва қонун талаблари билан тўлиқ асослантирилиши, мазмуни аниқ ва тушунарли баён этилишини таъминлаш лозимлиги қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунининг 36-моддасига мувофиқ, суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарорига нисбатан келтирилган апелляция, кассация, хусусий ва назорат тартибидаги протест ишни судда кўриш бошлангунга қадар протест келтирган прокурор томонидан, шунингдек юқори турувчи прокурор томонидан ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки чақириб олиниши мумкин.
Мазкур нормада ваколатларнинг шу тарзда белгилаб берилганлигини прокуратура органлари тизимининг тузилиши марказлашганлик, бирлик принциплари асосида ташкил этилганлиги билан изоҳлаш мумкин.
Шу билан бирга, таъкидлаш лозимки, соҳавий буйруқ 20-бандининг иккинчи хатбошисида ишни судда кўриш бошлангунга қадар протестни тўлдириш, ўзгартириш ёки чақириб олиш ваколатларидан етарли асослар мавжуд бўлган ҳоллардагина фойдаланиш лозимлигига эътибор қаратилган. Бундан мақсад, прокурор томонидан суд қарорига нисбатан киритилаётган апелляция, кассация ёки назорат протести аввало, бошидан сифатли, қонуний ва асослантирилган ҳолда тайёрланиши лозимлигини билдиради.
Суд қарорига протест келтираётган прокурор аввало, суд қарорининг тузилиши, унинг мазмуни билан боғлиқ қоидаларни яхши ўзлаштирган бўлиши лозим.
Иқтисодий процессуал кодексининг 21-бобида иқтисодий судлар томонидан қабул қилинадиган суд ҳужжатлари, жумладан ҳал қилув қарорини расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган қонун талабларини белгиланган.
ИПКнинг 176 -моддасига мувофиқ суд ишни мазмунан кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳал қилув қарори қабул қилади.
ИПК 176-моддасининг олтинчи қисмига кўра суднинг ҳал қилув қарори қонуний ва асослантирилган бўлиши керак. У суд мажлисида текширилган далилларгагина асосланган бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда берилган “Иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида”ги қарорининг 2-бандига асосан қарор процессуал ҳуқуқ нормаларига аниқ риоя этилган ва низоли ҳуқуқий муносабатга нисбатан қўлланилиши лозим бўлган моддий ҳуқуқ нормаларига тўлиқ мос ҳолда қабул қилинган тақдирда қонуний ҳисобланади.
Судлар ҳал қилув қарорини процессуал қонун талабларига қатъий риоя қилган, яъни ишларни судда кўриш учун тайёрлаш босқичидан тортиб, то суд мажлисининг якунига қадар барча ҳаракатларни процессуал қонун талаблари асосида амалга оширган ҳамда айнан конкрет иш бўйича юзага келган ҳуқуқий муносабатларнинг ечимини берадиган моддий қонунчилик тўғри татбиқ эта олган тақдирдагина қонуний деб эътироф этилади.
Моддий қонунчиликни тўғри татбиқ этиш қоидаси ҳақида сўз юритилганда, ИПКнинг 13-моддасига мурожаат қиламиз.
Ушбу қонун нормаларига кўра суд ишларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилади.
ИПК 13-м. учинчи қисмига мувофиқ низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаган тақдирда, суд шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллайди, бундай нормалар ҳам мавжуд бўлмаганда эса низони қонунларнинг умумий асослари ва мазмунига таяниб ҳал қилади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 5-моддасига мувофиқ тарафлар ўртасида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар қонун ҳужжатлари ёки тарафларнинг келишуви билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда фуқаролик қонун ҳужжатларининг ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи нормаси қўлланилади (қонун ўхшашлиги).
Агарда, кўрсатиб ўтилган ҳолларда қонун ўхшашлигидан фойдаланиш мумкин бўлмаса, тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари фуқаролик қонун ҳужжатларининг умумий негизлари ва мазмуни (ҳуқуқ ўхшашлиги)га ҳамда ҳалоллик, оқиллик ва адолат талабларига амал қилган ҳолда белгиланади.
Ҳал қилув қарори зарур ҳолларда ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи иш муомаласи одатлари ёки фуқаролик қонунчилигининг умумий асослари ва маъносидан келиб чиққан ҳолда асослантирилиши мумкин.
Фуқаролик кодекси 6-моддасининг биринчи қисмига асосан тадбиркорлик фаолиятининг бирон-бир соҳасида вужудга келган ва кенг қўлланиладиган, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳулқ-атвор қоидаси, бирон-бир ҳужжатда ёзилганлиги ёки ёзилмаганлигидан қатъий назар, иш муомаласи одати деб ҳисобланади.
ИПК 176-моддасининг олтинчи қисмида қайд этилган суд қарорининг асослантирилганлигига оид тушунча қандай қоидани белгилайди?
Ушбу қонун нормаларига кўра суд қарорининг асослантирилганлиги дейилганда, унинг суд мажлисида текширилган далилларгагина асосланган бўлишини англатади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 19 майдаги 17-сонли қарори таҳририда берилган “Иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида”ги қарорининг 3-бандига кўра қарор қачонки, унда иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар баён этилган ва тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги хулосаларини тасдиқловчи далиллар келтирилган бўлса, асослантирилган ҳисобланади.
Қарор иш ҳолатлари ҳақидаги тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас.
Ҳал қилув қарорида ишнинг ҳолатлари ҳақида баён этилган суднинг хулосалари, тарафларнинг ҳақиқий ўзаро муносабатларига тўғри келмоғи лозим. ҳал қилув қарорида иш учун ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган ҳамма ҳолатлар баён этилган, тегишли далиллар келтирилган ва иш бўйича аниқланган ҳолатлар ҳамда тарафларнинг ҳуқуқ ва бурчлари бўйича тўғри хулосага келинган тақдирдагина, у асосли бўлиб ҳисобланади.
Ишнинг ҳақиқий ҳолатлари тўғрисидаги суднинг хулосаси ҳал қилув қарорида ИПКнинг 67-89-моддаларида белгиланган қоидаларга кўра асослантирилади.
Ҳал қилув қарори ИПКнинг 71-72-моддаларида белгиланган далилларнинг дахлдорлиги ва мақбуллиги ҳақидаги қоидалар эътиборга олинган ҳолда асослантирилади.
Иқтисодий суд томонидан ишни мазмунан кўриш якуни бўйича қабул қилинадиган ҳал қилув қарори ИПКнинг 176-185-моддалари талабларига жавоб бериши керак.
ИПКнинг 279, 302-моддалари биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш асосларини келтирган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги;
суд аниқланган деб ҳисоблаган, иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларнинг исботланмаганлиги;
ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ эмаслиги;
моддий ва (ёки) процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёҳуд нотўғри қўлланилганлиги.
Иқтисодий ёки маъмурий иш бўйича қабул қилинган суд қарорининг қонунийлиги ва асослилигини ўрганаётган прокурор суд томонидан юқорида қайд этилган нормаларда белгиланган қоидаларга эътибор қаратиши зарур.
Қонун талабларига кўра суд ишни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриши лозим.
Суд ишни муҳокама қилишда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.
Суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланганлиги масаласига баҳо беришда прокурор ИПК 177 -моддасининг биринчи қисми 1, 2 ҳамда 5-бандларида қўйилган саволларга суд қарорида жавоб мавжудлигини, яъни ушбу масалалар тўлиқ ёритилганлигини аниқлаши зарур.
Шу билан бирга, суд қарорида аниқланган деб асослантирилган ҳолатларнинг тегишли исботи иш материалларида мавжуд бўлиши лозим.
Суд қарорида баён қилинган иш ҳолатлари ҳақидаги хулосалар суд жараёнида текширилган далилларга асосланган бўлиши лозим.
Моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши қуйидагилардан иборат:
қўлланилиши лозим бўлган қонун ҳужжатининг қўлланилмаганлиги;
қўлланилиши мумкин бўлмаган қонун ҳужжатининг қўлланилганлиги;
қонун ҳужжатининг нотўғри талқин этилганлиги.
Ушбу қоидадан келиб чиқиб, ишни ўрганаётган прокурор моддий ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ёки нотўғри қўланилганлиги масаласига баҳо беришда ИПК 177 -моддасининг биринчи қисми 3 ҳамда 4-бандларидаги саволларга суд қарорида жавоб мавжудлигига эътибор қаратиши зарур.
ИПК 13-моддасининг тўртинчи қисмига мувофиқ тадбиркорлик субъектлари ва давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек банклар ўртасидаги низолар бўйича ишларни кўриб чиқишда қонун ҳужжатларида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин этилади.
Прокурор иқтисодий ишни ўрганишда қуйидаги ҳолатларни аниқлаганда, қабул қилинган суд қарорига протест келтириш масаласини ҳал қилиши лозим бўлади:
биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ишнинг фактик ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва объектив текшириш асосида аниқланган, суднинг хулосалари ушбу ҳолатларга мувофиқ бўлса-ю, бироқ суд томонидан моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатога йўл қўйилганлигини;
биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ишнинг фактик ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва объектив текшириш асосида аниқланган бўлса-ю, аммо суднинг хулосалари ушбу ҳолатларга мувофиқ эмаслигини;
биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ишнинг фактик ҳолатлари тўлиқ аниқланмаган ва шу сабабли қабул қилинган ҳал қилув қарори етарли асослантирилмаганлигини;
биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ИПК 279, 302-моддаларида назарда тутилган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига ёки нотўғри қўлланилишига йўл қўйилиб, бу ҳол нотўғри қарор қабул қилинишига олиб келганлигини;
биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ИПК 279, 302-моддаларида назарда тутилган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига ёки нотўғри қўлланилишига йўл қўйилганлигини.
Иш бўйича қабул қилинган суд қарорига протест келтириш масаласини ўрганаётган прокурор, шунингдек ИПКнинг 179-моддасида белгиланган қоидаларга суд томонидан риоя этилганлигига ҳам баҳо бериши зарур бўлади.
Мазкур норма ҳал қилув қарорининг мазмунига оид қоидаларни белгилаган бўлиб, унга кўра ҳал қилув қарорининг кириш, баён, асослантирувчи ва хулоса қисмларида қандай масалалар ёритилиши кераклиги белгиланган.
Ушбу қоидаларга риоя этмаслик ҳам суднинг қарорига протест келтиришга асос бўлиши мумкин.
Иқтисодий процессуал кодексининг 259, 282, 307-310-моддаларига асосан прокурор иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан қабул қилинган суд ҳужжатларига протест (апелляция, кассация ва назорат тартибида) келтиришига оид қоидаларни белгилаб, мазкур процессуал қонунларнинг бир қатор нормалари прокурор томонидан келтириладиган протестларни расмийлаштириш, судларга киритиш билан боғлиқ бир қатор талабларни ҳам белгилаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |