Далилларнинг алоқадорлиги – иш учун аҳамиятли бўлган мавжуд ҳолатлар ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи, рад этувчи ёки шубҳа остига олувчи маълумотлар;
Далилларнинг мақбуллиги – иш бўйича тегишли маълумотларнинг қонунда белгиланган манбалардан олинганлиги (гувоҳларнинг, экспертларнинг, мутахассисларнинг тушунтиришлари, экспертиза хулосалари ва бошқалар);
Далилларнинг ишончлилиги –текшириш натижасида ҳақиқатга мувофиқ эканлигининг аниқланиши.
Агар ҳужжатнинг асл нусхаси йўқотилган ва бунинг оқибатида суд процессида топширилмаган бўлса-ю, низо тарафларининг ҳар бири томонидан тақдим этилган ҳужжатнинг кўчирма нусхаларида эса тафовутлар бўлиб, улар ўзаро бир хил бўлмаса, ва ҳужжатнинг асл мазмунини бошқа далиллар ёрдамида аниқлаб бўлмаса, суд мажлисида тақдим этилган ҳужжатнинг кўчирма нусхалари улардаги маълумотлар аниқланган деб ҳисоблаш учун исбот сифатида қабул қилиниши мумкин эмас (ИПК 74-моддасининг бешинчи қисми).
Ишда иштирок этувчи прокурор шунингдек, саволлар бериш, илтимосномалар киритиш, арз қилиш, судга оғзаки ва ёзма тушунтиришлар бериш, ишни кўриш давомида юзага келадиган барча масалалар бўйича ўз важларини, хулосаларини тақдим қилиш, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномалари, важларига эътироз билдириш ҳуқуқларига ҳам эга.
Юқорида қайд этилган ҳуқуқларни амалга ошириш орқали тарафлар, шу жумладан даъво аризаси (ариза) билан судга мурожаат қилган прокурор исботлаш жараёнининг фаол иштирокчиларига айланадилар.
Таъкидлаш жоиз, ушбу жараёнда ИПКнинг 9- моддасида белгилаб берилган тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципи яққол намоён бўлади.
Суднинг иқтисодий иш бўйича барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама ва тўлиқ аниқлаш чораларини кўриши ҳам мана шу принципга риоя этилган холда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси прокурорнинг суд мажлисларидаги иштирокини икки хил шаклда белгилаб берган.
Жумладан, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган фуқаро ёки юридик шахс, шунингдек жамият ва давлат манфаатларида иқтисодий ёки маъмурий судга даъво аризаси (ариза) билан мурожаат этган прокурорнинг суд мажлисида даъвогар (аризачи) сифатидаги иштироки ҳамда ўзга шахсларнинг аризалари асосида қўзғатилган иқтисодий ёки маъмурий ишлар бўйича суд мажлисларида прокурор сифатидаги иштирокига оид қоидалар.
Прокурорнинг суд жараёнидаги бу икки хил шаклдаги иштирокининг айрим фарқ жиҳатлари мавжуд бўлиб, улар қонунчиликда ўз ифодасини топган.
ИПК 49-моддасининг бешинчи қисмига биноан ишда иштирок этувчи прокурор ишнинг мазмуни бўйича фикрини баён қилади, бундан унинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга доир даъво аризаси (аризаси) бўйича қўзғатилган ишлар мустасно бўлиб ҳисобланади.
ИПКнинг 173-моддаси суд музокараларига бағишланган бўлиб, унга кўра барча далилларни текшириш тугаганидан кейин суд мажлисида раислик қилувчи ишда иштирок этувчи шахслардан уларда иш бўйича қўшимча материаллар бор-йўқлигини аниқлайди. Суд бундай материаллар мавжуд бўлмаган тақдирда, суд музокараларига ўтади.
Суд музокаралари ишда иштирок этувчи шахсларнинг оғзаки чиқишларидан иборат бўлиб, музокараларда улар иш бўйича ўз нуқтаи назарини асослайди.
Суд музокараларида биринчи бўлиб даъвогар (аризачи), кейин низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахс ва жавобгар сўзга чиқади. Низонинг предметига нисбатан мустақил талаб билан арз қилмайдиган учинчи шахс ишда қайси даъвогарнинг ёки жавобгарнинг тарафида иштирок этаётган бўлса, шу даъвогардан ёки жавобгардан кейин сўзга чиқади.
ИПК 173-моддасининг тўртинчи қисмига асосан бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат этган прокурор, шунингдек давлат органларининг ва бошқа шахсларнинг вакиллари суд музокараларида биринчи бўлиб сўзга чиқади.
Мазкур нормаларнинг олтинчи қисмларига мувофиқ эса ўзга шахсларнинг аризалари бўйича қўзғатилган иқтисодий ишлар бўйича суд мажлисларида иштирок этган прокурор суд музокараларида низонинг музмунига доир фикрини охирида баён этади.
Суд музокаралари иштирокчилари суд томонидан аниқланмаган ҳолатларга ва суд мажлисида текширилмаган ёки суд томонидан йўл қўйиб бўлмайдиган деб тан олинган далилларга таянишга ҳақли эмас.
Прокурорнинг суддаги фикри тавсиявий характерга эга бўлиб, суд томонидан қонуний ва асосли суд ҳужжати қабул қилинишини таъминлаш мақсадини кўзлайди. Ишда иштирок этувчи прокурор нафақат бузилган ҳуқуқни тиклаш, балки тарафларнинг, ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари бузилмаслигини олдини олиш чораларини ҳам кўради.
Ишда иштирок этувчи прокурор холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда ўзининг музокара сўзида иш бўйича йиғилган далилларга қонунга амал қилган ҳолда ҳар томонлама, тўлиқ ва холис кўриб чиқишга асосланган ўз ички ишончига кўра баҳо бериши лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |