Криминалистиканинг махсус услублари - криминалистик услублар - суд фотографияси, трасология, баллисти-ка, хатшунослик ва б.қ.; бошқа фанлардан ўзлаштирилган: физикавий, кимёвий, биологик, статистик, социологик ва б.қ.
Криминалистик идентификация деганда, объектларнинг қиёсий тадқиқоти тушунилади, бунда айнанлик ва ўхшашликдан далил сифатида фойдаланилади. Айнанлик ва ўхшашликни аниқлаш воситасида жиноят ишига оид бир қанча ҳолатлар аниқланади, чунончи: нарсанинг белгилари – уни қайси корхона, қачон ясаб чиқарганини; ҳодиса содир бўлган жойдаги моддий излар – у ерда ким, қандай ҳаракат қилганини; ўқ ва гилзани текшириб, отиш қуролининг тури ва айнан ўзини; дастхат бўйича уни ёзган шахсни; одам оёғининг изи бўйича – шу одамнинг бўйини; қоғоз ва сиёҳнинг белгилари бўйича ҳужжатнинг неча йил муқаддам ёзилганини аниқлаш имкониятини беради.
Из деганда, фақат моддий излар (қўл, оёқ, бузиш қуроллари ва ҳ.к.) тушунилмай, балки тасвири бор барча буюмлар: қўлёзма, фотосурат, нарсанинг қолдиқлари, қисмлари кабиларни, шунингдек, хотирани тасаввур этиш лозим.
Терговчининг идентификациявий ҳаракатлари деганда, шундай тергов ҳаракатлари тушуниладики, у ўз мазмунига кўра, объектнинг қиёсий тадқиқоти асосида ўхшашлик ёки айнанлик мавжудлиги ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида якун чиқаришга қаратилган фаолияти тушунилади.
Идентификациявий экспертиза учун материаллар тайёрлашга бир қанча талаблар қўйилади: экспертиза тайинлашнинг процессуал асосланганлиги; экспертиза ўтказиш қанчалик зарурлиги ва экспертга топшириладиган ҳақиқий вазият нақадар аниқлиги; тадқиқ қилинадиган объектларнинг келиб чиқишига оид маълумотлар тўғрилиги.
“Диагностика” сўзи юнонча бўлиб, “фарқлаш”, “аниқлаш” деган маънони англатади. Криминалистикада диагностика текширилаётган ҳолатни одатий ҳолат билан ўхшашлигини аниқлашдан ташқари фарқлаш, яъни шу ҳолатни унга ўхшаш ҳолатлардан ажратиш, дифференциялаштириш тушунилади.
Криминалистик техника бўлимига тергов жараёнида зарур бўлган информатик маълумотлар: изларни топиш ва текшириш, отиш қуролларини идентификация қилиш, турли маълумотларнинг манбаи бўлган ҳужжатларни тадқиқ этиш масалаларидан иборат. Мазкур бўлим тизимига, шунингдек, одамларнинг ташқи қиёфа белгилари асосида идентификация қилиш ва криминалистик рўйхат маълумотларини қўллашнинг махсус қоидалари ҳам киради. Криминалистик техника тизимида турли объектларни, изларни тадқиқ этишда қўлланадиган услублар ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |