Криминалистика – жиноятни содир этиш механизми қонуниятлари, жиноят ва унинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотни вужудга келиши, далилларни тўплаш, текшириш, баҳолаш ва фойдаланиш, суд тадқиқоти ҳамда жиноятларни олдини олиш ҳақидаги фан.
Криминалистиканинг предмети – жиноятчилик механизми, жиноят ва унинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотнинг вужудга келиши, далилларни тўплаш, текшириш, баҳолаш ва фойдаланиш қонуниятлари ва уларни билиш асосида жиноятларни тергов қилиш ва олдини олишнинг махсус восита ва усуллари мажмуи.
Криминалистиканинг умумий вазифаси – жиноят ҳуқуқи ва жиноят процесси билан ҳал этиладиган вазифаларга мос келади ҳамда жиноят суд ишларини юритиш вазифаларидан келиб чиқади ва жиноятни тез ва тўла очишга таъсир кўрсатишдан, айбдорни фош қилиш ва қонунни тўғри жорий этишни таъминлашдан, шахс, унинг ҳуқуқи ва эркинликлари, мол-мулкини, шунингдек жамият ва давлатнинг манфаатларини жиноий тажовузлардан ҳимоясини таъминлашдан иборат.
Криминалистика тизими тўртга бўлинади:
Криминалистиканинг илмий асослари ва методологияси. Криминалистиканинг ушбу қисмида унинг илмий асослари, вазифалари, методлари, криминалистик идентификация ва диагностика каби масалалар ўрганилади.
Криминалистик техника. Криминалистик техника – бу фақат техника воситаларининг йиғиндиси бўлиб қолмай, балки криминалистиканинг умумий назарияси ва табиий ҳамда техника фанлари асосида ишлаб чиқилган илмий қоидалар, усуллар ва методлар мажмуидир.
Криминалистик тактика. Тергов тактикаси – бу кам куч, восита ва вақт сарфлаб юқори самарага эришиш мақсадида жиноятни тергов қилиш, очиш ва олдини олишда қўлланиладиган криминалистиканинг умумназарий қоидалари, мантиқ, психология, суд этикаси ва бошқа илмий билимлардан фойдаланишга асосланган дастлабки терговнинг тактик усуллари ва методларининг терговни режалаштиришнинг мажмуидир.
Жиноятларнинг алоҳида турларини тергов қилиш методикаси. Жиноятнинг алоҳида турларини тергов қилиш – бу жиноятнинг ҳар бир турига тегишли ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олиб тергов қилиш, уларни очиш ва олдини олишда қўлланиладиган илмий қоидалар, техник воситалар, тактик усуллар ва методик қоидалар (тавсиялар) мажмуидир.
Криминалистиканинг умумилмий услублар - кузатиш, тасвирлаш, ўлчаш, таққослаш, эксперимент, моделлаштириш, прогноз қилиш, математик услублар, эвристик услублар: таҳлил, синтез, индукция, дедукция ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |