Судьяни рад қилиш асослари: Қуйидаги ҳолларда судья ишни кўриши мумкин эмас ва рад қилиниши лозим, агар у:
1) шу иш илгари кўрилганида судья сифатида иштирок этган бўлса ва ушбу Кодекс талабларига мувофиқ ишни кўришда такрор иштирок этишига йўл қўйилмаса;
2) ишнинг натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёхуд унинг холислиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса;
3) шу иш илгари кўрилганида ҳакамлик судининг судьяси, прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон, суд мажлисининг котиби, гувоҳ ва вакил сифатида иштирок этган бўлса;
4) тараф ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг қариндоши бўлса;
5) ишни кўраётган ҳайъат таркибига кирувчи судьянинг қариндоши бўлса.
Прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлиси котибини рад қилиш асослари: Ушбу Кодекс 21-моддасининг 2 ва 4-бандларида кўрсатилган рад қилиш асослари прокурор, эксперт, мутахассис, таржимон ва суд мажлиси котибига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Агар эксперт, мутахассис ва таржимон тарафлар ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга хизмат юзасидан ёхуд бошқача тарзда қарам бўлса, агар эксперт ва мутахассис ҳам тафтиш ўтказган ёхуд хулоса берган бўлиб, уларнинг материаллари мазкур ишни қўзғатишга асос бўлиб хизмат қилган бўлса, уларни рад қилиш тўғрисида ариза берилиши мумкин.
Фуқаролик суд ишларини юритиш иштирокчилари: тарафлар, учинчи шахслар, уларнинг вакиллари, ариза берувчилар ва судда кўрилаётган алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича бошқа манфаатдор шахслар, прокурор, ишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этадиган давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва айрим фуқаролар ишда иштирок этувчи шахслар деб тан олинади.
Исботлаш воситалари: тарафларнинг талаблари ва эътирозларини асослайдиган ҳолатларнинг мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини суднинг қонунда белгиланган тартибда аниқлашига асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумот ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатлар фуқаролик иши бўйича далиллардир. Бу маълумотлар қуйидаги воситалар, яъни: тарафларнинг ва учинчи шахсларнинг ҳамда улар қонуний вакилларининг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари, ёзма ва ашёвий далиллар, экспертларнинг хулосалари, мутахассисларнинг маслаҳатлари (тушунтиришлари) билан аниқланади.
Аноним хатларда ва келиб чиқиши номаълум бўлган ёки қонунни бузган ҳолда олинган бошқа маълумотлар далил бўла олмайди.
Тарафларнинг ва учинчи шахсларнинг тушунтиришлари, гувоҳларнинг кўрсатувлари ушбу Кодекснинг 209-моддасида белгиланган тартибда видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш йўли билан олиниши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |