Воситачилик шартномаси: Воситачилик шартномаси бўйича бир тараф (воситачи) иккинчи тарафнинг (комитент) топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади. Воситачилик шартномаси ёзма равишда тузилиши шарт.
Воситачи томонидан учинчи шахс билан тузилган битим бўйича, гарчи битимда комитентнинг номи тилга олинган ёки у битимни бажариш бўйича учинчи шахс билан бевосита муносабатларга киришган бўлса ҳам, воситачи ҳуқуқларга эга бўлади ва зиммасига мажбурият олади.
Воситачилик шартномаси муайян муддатга ёки амал қилиш муддати кўрсатилмаган ҳолда, қайси ҳудудда бажарилиши кўрсатилган ёки кўрсатилмаган ҳолда, комитент воситачига топширган комитентнинг манфаатларини кўзлаб ва унинг ҳисобидан битим тузиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бермаслик ҳақида мажбурият олган ҳолда ёки бундай мажбуриятни олмаган ҳолда, воситачилик нарсаси бўлган товарларнинг ассортименти хусусида шартлар қўйилган ёки қўйилмаган ҳолда тузилиши мумкин.
Қонун ҳужжатларида айрим турдаги воситачилик шартномасининг хусусиятлари назарда тутилган бўлиши мумкин.
Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси: Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бўйича бир тараф (бошқарувнинг муассиси) иккинчи тарафга (ишончли бошқарувчига) мол-мулкини муайян муддатга ишончли бошқарувга топширади, иккинчи тараф эса ушбу мол-мулкни бошқарувнинг муассиси ёки у кўрсатган шахс (фойда олувчи) манфаатларини кўзлаб бошқариш мажбуриятини олади.
Мол-мулкни ишончли бошқаришга топшириш бу мол-мулкка мулк ҳуқуқининг ишончли бошқарувчига ўтишига олиб келмайди.
Ишончли бошқарувчи мол-мулкни ишончли бошқарар экан, ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ ушбу мол-мулкка нисбатан фойда олувчининг манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳар қандай юридик ва амалий ҳаракатларни қилишга ҳақли.
Қонунда ёки шартномада мол-мулкни ишончли бошқариш бўйича айрим ҳаракатларга нисбатан чекловлар назарда тутилиши мумкин.
Ишончли бошқаришга топширилган мол-мулк юзасидан битимларни ишончли бошқарувчи ўз номидан амалга оширади, бунда у ўзининг шундай бошқарувчи сифатида иш олиб бораётганини кўрсатади. Агар ёзма тарзда расмийлаштиришни талаб қилмайдиган ҳаракатлар амалга оширилаётганида иккинчи тараф ишончли бошқарувчи бу ҳаракатларни ана шундай бошқарувчи сифатида амалга ошираётганлигидан хабардор қилинган бўлса, ёзма ҳужжатларда эса ишончли бошқарувчининг исми ёки номидан кейин тегишли белги қўйилган бўлса, мазкур шартга риоя қилинган ҳисобланади.
Ишончли бошқарувчининг ана шундай бошқарувчи сифатида ҳаракат қилиши тўғрисида кўрсатма бўлмаса, у учинчи шахслар олдида шахсан мажбурият олади ва улар олдида фақат ўзига қарашли мол-мулк билан жавоб беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |