Маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар
Маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар жумласига қуйидагилар киради:
1) ғайриҳуқуқий ҳаракатларни тўхтатиш ваколати бор шахслар томонидан қўйилган талабга қарамай, бундай ҳаракатларни давом эттириш;
2) маъмурий жазо чорасига тортилган шахснинг бир йил мобайнида яна ўша хилдаги ҳуқуқбузарликни содир этиши, худди шунингдек ҳуқуқбузарликнинг илгари судланган шахс томонидан содир этилиши;
3) вояга етмаган шахсни ҳуқуқбузарликка тортиш;
4) ҳуқуқбузарликнинг бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши;
5) ҳуқуқбузарликнинг табиий офат шароитида ёки бошқа фавқулодда ҳолатларда содир этилиши;
6) ҳуқуқбузарликнинг маст ҳолда содир этилиши. Маъмурий жазо чорасини қўлланувчи орган (мансабдор шахс) содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликнинг хусусиятига қараб мазкур ҳолатни айбни оғирлаштирувчи ҳолат деб топмаслиги мумкин.
Маъмурий жазо қўлланиш муддатлари
Маъмурий жазо ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб, давом этаётган ҳуқуқбузарликлар учун эса, ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай қўлланилиши мумкин.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар
- туман (шаҳар) маъмурий судлари, иқтисодий судлар, фуқаролик ишлари бўйича судлар;
- вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) идоралараро комиссиялари;
- ички ишлар органлари (мансабдор шахслари), давлат инспекцияси органлари (мансабдор шахслари) ва ушбу Кодекс билан ваколат берилган бошқа органлар (мансабдор шахслар) кўриб чиқадилар.
ЖИНОЯТ КОДЕКСИ
Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Ўзбекистон Республикасининг жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Конституция ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этган нормаларига асосланган бўлиб, ушбу Кодексдан иборатдир.
Кодекснинг вазифалари
Жиноят кодексининг вазифалари шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлаш, шунингдек жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларни республика Конституцияси ва қонунларига риоя қилиш руҳида тарбиялашдан иборатдир.
Ана шу вазифаларни амалга ошириш учун Кодекс жавобгарликнинг асослари ва принципларини, қандай ижтимоий хавфли қилмишлар жиноят эканлигини аниқлайди, ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чораларини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |