Яна бир муҳим масала, Асосий Қонунимизнинг II боби “Халқ ҳокимиятчилиги” деб номланиши ҳам бежиз эмас. Унда халқ ҳокимиятчилигини рўёбга чиқариш бўйича муҳим қоидалар мустаҳкамлаб қўйилган.
Халқ ҳокимиятчилиги хусусида сўз бораркан, “халқ” атамаси кимларни қамраб олиши ҳақидаги савол юзага келиши табиий. Асосий Қонунимизнинг 8-моддасида Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил қилиши белгиланган. Бу қоида мамлакатимиз фуқаролари бўлган барча миллат ҳамда элатлар вакилларининг Конституция ва қонунлар олдида тенглигини, бир хил фуқаролик мақомига эгалигини кўрсатади.
Таъкидлаш керакки, ушбу қоида Конституциямизнинг устувор хусусиятларидан бўлиб, аксарият мамлакатлар асосий ҳужжатларида бундай қоидалар мавжуд эмас. Барчамизга маълумки Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги 2017 йил 7 февральдаги ПФ-4947 сонли Фармони қабул қилинди.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, ўзаро манфаатли ташқи сиёсат юритиш каби масалаларга бағишланган.
Бугун мамлакатимизда 130 дан зиёд миллатга мансуб фуқароларимиз 16 та диний конфессияга эътиқод қилиб келмоқдалар. Аҳолимизнинг миллий анъаналари ва диний эътиқоди учун шарт-шароит яратиш Конституциямиз билан кафолатланиб, халқимиз тенг ҳуқуқлилик асосида демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ягона оила сингари бирлашганлар.
Конституция ва диний бағрикенглик
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди. Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ҳамда бурчлари аниқ-равшан белгилаб қўйилди.
Кўпмиллатли давлатимизда миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенглик ижтимоий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг асосий шарти қилиб белгиланди.
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мамлакатимизда қурилаётган демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири саналади.
Зотан, бағрикенглик фуқаролар орасида тотувликни таъминлайди, жамиятда табиий равишда учрайдиган ижтимоий фарқларнинг кескинлашувига, ижтимоий низоларнинг юзага келишига йўл қўймайди. Бугун нафақат юртимизда, балки бутун Ер юзида диний бағрикенглик, конфессиялараро ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш асосий ҳаётий тамойилга айланмокда.
Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
1995 йил 16 ноябрда БМТнинг фан, таълим ва маданият бўйича ихтисослашган ташкилоти ЮНЕСКО томонидан Бағрикенглик принциплари декларациясининг қабул қилиниши бунинг ёрқин далилидир. Бирлашган миллатлар ташкилоти эса ҳар йилнинг 16 ноябрини «Бағрикенглик куни» деб эълон қилди.
Ушбу декларацияда эътиқод ва виждон эркинлигига ҳам эътибор қаратилган. Унинг 1-моддасида, бағрикенглик ўзимиз яшаб турган дунё маданиятининг бой ва хилма-хиллиги, инсон индивидуаллигининг намоён бўлиш шакллари ва усулларини ҳурмат қилиш, уни қабул қилиш ва тўғри тушуниш ҳамда виждон ва эътиқод эркинлиги сифатида изоҳланган.
Мамлакатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябр куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли махсус резолюцияни қабул қилиш тўғрисидаги таклифи билан чиқди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро тадқиқот маркази ва Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани тўғрисидаги ахборот жуда кўплаб делегация аъзоларида қизиқиш уйғотди.
Мустақиллик йилларида республикамизда юзлаб масжидлар, черковлар, синагога ва ибодат уйлари қурилди ва қайта таъмирдан чиқарилди. Улар қаторида Тошкентдаги “Ҳазрати Имом” мажмуи, вилоят марказларидаги жомеъ масжидлар, Тошкентдаги Рус православ черковлари, шунингдек, буддавийлик ибодатхонаси, Самарқанддаги Арман Апостол черкови, Корақалпоғистон Республикасидаги “Султан Вайс бобо” ва “Мухаммад Норимжоний” зиёратгоҳлари, “Пантейлемон” черкови ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси динлараро бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг кўринишидир.
Ў збекистонда яшаб келаётган барча миллат ва элатлар тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, миллий анъана ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида 138 миллий маданий марказ ва 34 дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонлари ижроси доирасида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган навбатдаги сўров истиқлол йилларида мамлакатимизда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш ҳолати ва тенденциялари, уларнинг ўзгариш суръатига бағишланди.
Сўров натижалари жамиятда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик мамлакатимиз аҳолисига хос хусусият эканини кўрсатди. Сўров иштирокчиларининг аксарияти (99,8 фоиз) ушбу фазилатлар Ўзбекистоннинг бебаҳо бойлиги ва ютуғи, деб ҳисоблайди.
Шунингдек, жамоатчилик фикрини ўрганиш мониторинги мамлакатимиз аҳолисининг фуқароликка оид масалада ижобий туйғулари барқарор эканини кўрсатди. Аксарият иштирокчилар (89,4 фоиз) Ўзбекистон фуқароси эканидан фахрланади. Бу ёши ва эътиқодидан қатъи назар, барча миллат ва элат вакилларида фуқаролик ва ватанпарварлик туйғулари юксак эканидан далолатдир.
Тадқиқот натижалари жамоатчиликда (83,4 фоиз) мамлакатимизда юритилаётган самарали ва оқилона сиёсат туфайли миллий руҳдаги келишмовчиликларга асос йўқ деган тасаввур устунлик қилишини тасдиқлади. Сўров иштирокчиларининг 80 фоизи жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик муносабатлари келажакда ҳам мустаҳкам сақланиб қолишига ишонади.
Do'stlaringiz bilan baham: |