Magistratura diplom ishining dolzarbligi: Ҳозирги кунда маҳаллий ўсимликларнинг кимёвий таркибини ўрганиш замонавий илм-фаннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб, доривор моддаларни ажратиб олиш, уларнинг кимёвий тузилиши, биологик фаоллигини аниқлаш хамда уларни амалиётга тадбиқ этиш бўйича кўплаб илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда дунё миқёсида узум данагидан ажратиб олинган полифенолларга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Республикамизда махаллий доривор ўсимликлар асосида импорт ўрнини босувчи табиий дори воситаларини ишлаб чиқиш, аҳолини арзон ҳамда сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасида кимё сохасида кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилиб, муайян натижаларга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947 –сон «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида» ги Фармони ва 2017 йил 7 ноябрдаги ПФ-5229 «Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора –тадбирлари тўғрисида» ги Фармони, 2018 йил 14 февралдаги ПҚ-3532-сон «Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори, 2018 йил 12 октябрдаги ПҚ-3968-сон «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорлари хамда 2019 йил 10 апрельдаги №ПФ-5707-сон «2019 -2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида «Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий –хуқуқий хужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга ушбу диссертация иши муайян даражада хизмат қилади.
Узум меваси истеъмол қилинадиган тотли мевалардан бири ҳисобланади. Узум данаги тиббиёт амалиётида кенг фойдаланилади. Узум данаги мойини таркиби ўрганилган ва тиббиёт амалиётига тадбиқ қилинган. Узум данагидан ажратиб олинган моддалар биологик фаол қўшимчалар таркибига киритилган. Айникса узум данаги полифенолларга бой ҳисобланиб, улар антиоксидант, антигипоксик, яллиғланишга қарши таъсирларга эга. Сўнгги йилларда узум данаги полифенолларини гипогликемик ва вирусларга қарши юқори фаолликка ҳам эгалиги маълум бўлди. Республикамизда ҳам узум вино ишлаб чиқариш саноатининг асосий маҳсулоти сифатида етиштирилади. Узум данаклари вино ишлаб чиқариш саноатининг кўп тонналик чиқиндиси ҳисобланади. Узум данаги асосан мой ажратиб олиш мақсадида фармацевтика саноатида қўлланилган бўлса, мойдан тозаланган данаклар полифеноллар ажратиб олишнинг истиқболли манбаи ҳисобланади. Шу сабабли агар узум данаги полифеноллари стандартланадиган булса, биз чиқинди сифатида ташлаб юборилаётган узум данагидан тиббиёт соҳасида қўллаш мумкин бўлган дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлар эдик. Шуларни инобатга олиб, узум данаги таркибидаги биофаол моддаларни ўрганишни ва ажратиб олинган полифеноллари асосида капсула дори шаклини яратиш ҳамда уни стандартлашни жоиз деб топдик.
Узум данаги полифенолларининг кимёвий таркиби Биоорганик кимё институти ходимлари томонидан ўрганилган. Полифеноллар 18 та бирикмалардан иборатлиги аниқланган. Полифеноллар йиғиндисидан 4 та маълум катехин: (-)-эпикатехингаллат, (+)-катехин, (-)-эпикатехин, (+)-галлокатехин ҳамда 4 та янги проантоцианидин ажратиб олинган. Узум данагидан ажратиб олинган полифеноллар йиғиндиси- шартли равишда Провидин деб номланиб, у антигипоксик хусусиятга эга, у фаоллиги жиҳатидан гипоксик гипобарик гипоксия, нормабарик ва цитотоксик гипоксия ҳолатларида антигипоксант сифатида чет эл аналогларига нисбатан 1,5-2 баробар фаолроқ таъсир кўрсатган.
Do'stlaringiz bilan baham: |