Ушбу мақтовга сазовор бўлган усулларнинг ишлатилиши ўсимликларнинг иммунитетини оширади, уларни касаллик ва зараркунандаларга қарши чидамли қилади. Бунинг учун энг аввало ўсимлик экиладиган ер майдонини тўғри танлаш керак бўлади. Агар улар ушбу турга мос келмайдиган жойга, минтақага ёки тупроққа экилсалар, ривожланишлари жуда ҳам суст бўлади. Бундай ўсимликлар эса касаллик ва зараркунандаларга чидамсиз бўладилар. Шунинг учун конкрет жой ва унинг шарт-шароитига мослашган ўсимликларни экиш маъқул бўлади. Ерни яхшилаб хайдаш тупроқнинг тузилишини, унда сув-хаво алмашинишини яхшилайди, зараркунанда ва ўсимликларнинг замбуруғ хамда личинкаларини йўқотишга ёрдам беради хамда бу ерга экилган ўсимлик бақувват бўлиб, касаллик ва
зараркунандаларга чидамлироқ бўлади. Агротехника тадбирлари ичида ерга етарли миқдордаги органик ва минерал ўғитлар солиш ҳам катта аҳамиятга моликдир. Биргина бўлса ҳам озиқ моддасининг етишмаслиги ўсимлик ўсишини секинлаширади, унинг касалликларга қарши курашиш иммунитетини пасайтиради. Лекин ўғитларни ҳам нималигини билиб туриб солган маъқул, албатта. Масалан, товуқ ёки парранда гўнгини ерга кўпроқ солиб юборилса, бу хол ўсимлик илдизларининг куйиб кетишига ва ёш ўсимликларнинг эса нобуд бўлишига олиб келади. Қулупнайга ҳам янги гўнг солинса, у тепага ва ён тарафларга тезлик билан ўса бошлайди, лекин бундай ўсиш бизни қулупнай меваларидан бебаҳра қолдиради. Азот моддаси кўп бўлса, ўсимлик қишга ва совуққа чидамсиз бўлиб қолади, калийли ўғитлар эса совуққа чидамлиликни оширади. Демак, ер майдонига фақатгина ўсимлик учун керак бўлган озуқа моддаларини, органик ва минерал ўғитларни солиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ўсимлик қолдиқларидан, бегона ўтлардан, барглар, кераксиз майда- чуйда шох-шаббалардан ва турли хил уй чиқиндиларидан фойдаланиш, яъни компост тайёрлаш ҳам жиддий агротехник тадбирлардан биридир. Компост тайёрлаш учун олдиндан чуқурлик ёки бирор бир кераксиз идиш тайёрлаб қўйилади. Унга экинларни ўташ, чилпиш ва шохларини буташ даврида олинган барча ўсимлик танаси ва қисмлари, юлинган бегона ўтлар, барглар, чириган мева ва сабзавотлар, турли хил гўнглар, уй ва овқат қолдиқлари, қоғозлар, ошхона ювиндилари ва бошқа органик моддалар солинади. Компостнинг барча таркибий қисмлари микроорганизмлар ва иссиқлик таъсирида чириб кетади. Кейинчалик ушбу тайёр ва текин компостни ўсимликка солинадиган юқори сифатли органик ўғит сифатида бемалол ишлатиш мумкин бўлади.
Тупроқнинг сифатини яхшилаш учун унга охак, қум, кул, майдаланган мел ва штукатуркани ҳам қўшиш мумкин. Агар охакли материалларни гўнг билан аралаштириб қўйилса, унинг таъсирини икки марта ошириш мумкин
бўлади. Қуйидаги ўғитлар зараркунандаларга қарши самарали курашиш имконини беради:
Хлорли калийни битларни йўқотиш учун бодринг ва лавлагига сепиш мумкин;
Агар дарахтларни 25 градусли коллоидли олтингугурт билан пуркалса, олма, нок, смородиналардаги мева этини ейдиган қуртлар икки баробардан зиёд камаяди;
Агар олма ва олхўриларга калий сульфат ёки суперфосфат билан ишлов берилса, улардаги судралувчи майда зараркунанда хашоратлар сони анча камаяди;
Иссиқхоналардаги помидор ва бодринг ўсимликларига рух сульфати, марганец сульфати ва аммоний молибдат билан ишлов берилса, уларнинг галл нематодаси билан зарарланиши анча камаяди;
Помидор ўсимлигига мочевина ва аммак селитраси билан ишлов бериш ўргимчакканага қирон келтиради;
Бодрингга хлорли калий ва суперфосфат билан ишлов бериш ҳам ўргимчакканага қарши самарадор воситадир;
Кабачки ва бодрингларга хлорли калий билан ишлов бериш полиз экинлари битларига қарши яхши воситадир;
Иссиқхоналарда ўсимликларга суперфосфат билан ишлов берилса, улардаги тамаки трипси ва сариқ трипс миқдори анча камаяди.
Ўсимликларни нормал равишда суғориш ҳам уларни касаллик ва зараркунандалардан химоялашда катта аҳамиятга эга. Лекин бунда у ёки бу ўсимликнинг хусусиятларини хисобга олган холда намликни тақсимлаш талаб қилинади. Ўсимлик жуда ҳам кўп суғорилганда тупроқдан охак моддалари ювилиб кетади ва ўсимлик касалланади. Камроқ суғорилганда ўсимликнинг ўсиши секинлашади ва ожизлашиб, касаллик ва заракунандаларга анча осон чалинадиган бўлиб қолади. Бунда яна бир
холатни хисобга олиш лозим бўлади: касалланган ёки зараркунандалар мавжуд бўлган ўсимлик ёки дарахтни ёмғир усули билан суғориш ярамайди, чунки бунда касаллик ва зараркунандалар соғлом ўсимликларга сув орқали ўтиб қолиши мумкин бўлади. Янги ўсимликлар экилаётганда уларнинг уруғига, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилигига, ўсиш жойига ва тупроққа мослашганлигига хамда ўсиш муддатларига, унинг нималарга чидамли ва қандай касалликларга чидамсиз эканлигига эътибор бериш керак бўлади. Совуқда зарарланган ва офтобда куйган ўсимликлар ўзининг касаллик ва зараркунандаларга қарши тура олиш иммунитетини анча йўқотадилар. Шунинг учун, куёш нурларидан химояланиш мақсадида мевали дарахтларнинг таналари оқланади. Экилган кўчатларни совуқдан асраш учун эса тутунли шашкалар ёқилади ёки кўчатлар орасида ахлат ва бошқа органик чиқиндилар гулхан қилиб ёқилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |