М е в а л и д а р а х т л а р Ш а ф т о л и
Шафтоли битларининг личинкалари куртакларни ва сўнгра ёш баргларни зарарлайдилар. Улар баргларнинг пастки қисмларида колониялар пайдо қилиб, шафтоли сокларини сўриб оладилар. Натижада барг ва новдалар ривожланмайдилар, деформация бўлиб, ғижимланиб қоладилар ва қурийдилар. Унга қарши дарахтни махорка дамламаси ва совун аралашмаси билан пуркалади. Шафтоли мевали дарахт бўлгани учун у Калифорния қалқондори (шитовка) билан, казарка билан, америка оқ капалаги билан, барг еювчи, меваҳўр, ўрмаловчи қўнғиз ёки бошқа хашоратлар билан зарарланиши мумкин. Агар тезлик билан чоралар кўрилмаса, улар дарахтнинг қуришига олиб келиши ҳам мумкин. Шунинг учун уларга қарши тегишли кимёвий ва биологик усулларда кураш олиб бориш лозим бўлади.
О л м а в а Н о к
Олма мевасини еювчи капалак ва қуртларнинг қўнғизлари олманинг уруғлари ва меваси билан озиқланадилар. Олдин улар олмада кичик тешик очиб оладилар, сўнгра у орқали олма уруғларига кириб, уни еб қўядилар. Олманинг зарарланганлигини унинг яхши ривожланмаганлиги ва меваларининг эса тўкилиб кетишидан билиш мумкин. Олма гулини еювчи (узун бурун) эса дарахт баргларини зарарлантиради, унинг личинкалари эса куртак ва гулларни ейди. Казарка зараркунандаси эрта баҳордан бошлаб куртаклар, гуллар, барглар ва ёш меваларни еб қўядилар. Баргхўр қўнғизлар эса барглар ва унинг атрофидаги баргчалар билан озиқланадилар. Дарахт танасини еювчи зараркунанда эса пустлоқ тагидан дарахт танасига кириб олиб, уни кемира бошлайди ва бу дарахтдаги соклар айланиш жараёнини издан чиқаради. Натижада дарахтлар касалланади, шохлари қуриб, синиб кетади. Буларга қарши эрта баҳорда дарахтларни оқлаш, уларга тегишли дори-дармонларни сепиш керак бўлади. Саримсоқ ёки пиёз пўсти дамламасини пуркаш ҳам яхши натижаларга олиб келади. Касаллик жуда авж олиб кетган бўлса, кимёвий препаратларни ишлатиш керак бўлади.
О л ч а в а Г и л о с
Олча ва гилоснинг зараркунандаларидан бири олча қўнғизчаси бўлиб, у Куртаклар кўкараётган вақтда уйғониб, куртакларни, ёш баргларни ва янги новдаларни еб қўядилар. Шунинг учун ҳам барглар керакли хажмда ўса олмайдилар, гуллаш ҳам рисоладагидай бўлмайди ва бу хосилдорликнинг кескин равишда камайишига олиб келади. Олча ва гилоснинг яна бир кушандаси пустлоқ қуртидир. Унинг узунлиги 2,5 мм гача бўлиб, ранги жигарранг ва қора рангли нуқталар билан қопланган. Личинкалари эса қайрилган, кичкина ва жигарранг бошли бўлади. Катта ёшли қўнғизлар дарахт пустлоғи ичига кириб олиб, у ерда кўпгина тешиклар хосил қиладилар ва у ерларда тухум қўядилар. Тухумлардан пайдо бўлган личинкалар эса дарахт соклари билан озиқланиб, дарахт танасида янги тешиклар пайдо қилиб, олча ва гилоснинг тинкасини қуритадилар. Улар шу тешикчаларда қишлайдилар ва баҳорда ғумбакка айланиб, Май ойида яна катта қўнғизларга айланадилар. Агар бирор бир дарахтда шох синган ёки пустлоқ зарарланган бўлса, қўнғиз ва личинкалар улар орқали дарахт танасига кириб оладилар ва ўзларининг жирканч ишларини бу ерда ҳам бошлайдилар.
Бу зараркунандалардан қутулиш учун дарахтларга яхши қаров бериш керак бўлади: дарахтларнинг пустлоғини кўриб чикиш ва керак бўлса, унга ишлов бериш, зарарланган жойларга махсус дори-дармонлар суртиш, қуриб қолган ва зарарланган шохларни ўз вақтида кесиб ташлаш хамда дарахтлар атрофига ишлов бериш.
Do'stlaringiz bilan baham: |