Ворислик ҳуқуқи. Марҳум мол-мулкининг меросхўрларига ўтишини тартибга солувчи нормалар тизимига ворислик ҳуқуқи дейилади. Ворислик бу универсал ҳуқуқий ворислик бўлиб, унинг доирасида мерос қолдирувчидан ворисларга барча мол-мулклар, чунончи активи (ҳуқуқлари) ва пассиви (бурчлари) ҳам ўтади. Айни вақтда мол-мулкни мерос бўйича ўтказишнинг шундай шакли ҳам мавжудки, бунда мол-мулкни олувчи мерос қолдирувчининг қарзлари учун жавобгарликдан озод бўлади (васият мажбурияти ёҳуд легат). Одатда, легат мерос қолдирувчига мажбуриятлари бўйича эмас, фақат ҳуқуқлари бўйича сингуляр (қисман) ҳуқуқий ворисликни билдиради.
Васият бўйича ва қонун бўйича ворислик фарқланади. Васият бўйича ворисликда мерос васиятда кўрсатилган шахсларга ўтади. Васиятнома турли шаклларда тузилиши мумкин - мерос қолдирувчини ўз қўли билан ёзилган ёзма васиятнома, давлат мансабдор шахси (нотариус) ҳузурида тантанали равишда эълон қилган васиятнома.
III-БОБ. ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚИНИНГ МАНБАЛАРИ
1-§. Фуқаролик ҳуқуқи манбалари тушунчаси ва турлари
Маълумки, ҳар бир соҳа муайян асосларга, қоидаларга ва негизларга таянади. Ҳар бир муносабатни тартибга солишда шу муносабатлар учун умумий асосга айланган бирлаштирувчи тушунча ва ҳолатлар белгиловчи роль ўйнайди. Тегишли ижтимоий муносабатларни тартибга солишда энг муҳим бўлган ва шу соҳадаги деярли, барча муносабатларга тааллуқли бўлган қоидалар фанда манбалар деб юритилади.
Шу маънода, ҳуқуқ манбалари деганда, умумий маънода ҳуқуқнинг ифода этилиш шакли тушунилади. Бунда ҳуқуқ турли воситалар ва давлат томонидан ишлаб чиқилган ёки қабул қилинган махсус усуллар орқали амалга оширилади. Ифода этилиш тушунчасини таҳлил этганда ҳуқуқни жамият ҳаётидаги турли ижтимоий муносабатларга қўллаш назарда тутилади. Масалан, товар айирбошлаш, ўзганинг мол-мулкидан вақтинча фойдаланиш, турли хилдаги хизмат кўрсатиш ва шунга ўхшаш муносабатларга нисбатан ҳуқуқнинг ифода этилиши давлат томонидан қабул қилинган махсус ҳужжатлар, яъни, воситалар орқали намоён бўлади.
Фуқаролик ҳуқуқининг манбалари деганда, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган норматив ҳужжатлар тушунилади.
Умуман олганда, ҳуқуқ назариясида ҳуқуқ манбаларига нисбатан бир қанча шартлар қўйиладики, бу шартлар ва талаблар манбанинг айнан ҳуқуққа тегишлилигини ва унинг бошқа соҳа манбаларидан ажратиб турилишига ёрдам беради. Бундай шартлар жумласига қуйидагилар киради:
- ҳуқуқ манбаси норматив ҳарактерга эга бўлиши керак;
- ҳуқуқ манбаси ўзининг номланиши ва таъсир кучи доирасида тегишли ваколатли давлат органи томонидан қабул қилинган ёки чиқарилган бўлиши лозим;
- ҳуқуқ манбалари ҳар доим тегишли тартиб ва қоида асосида қабул қилиниши лозим;
- ҳуқуқ манбаси тегишли равишда рўйхатга олиниши ва муайян шартлар асосида эълон қилиниши лозим.
Ҳуқуқ манбаини ташкил этган халқнинг эрки давлат эрки бўлиб, маълум шаклда қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда ифодаланади.
Ҳуқуқ манбалари тўғрисида сўз юритилганда, биринчи навбатда, қонун устида тўхталиш лозим. Ўзбекистон Республикасида қонунлар Олий Мажлис – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи олий органи томонидан қабул қилинади ва бу қонунлар барча учун мажбурий бўлган норматив ҳужжатлардир.
Фуқаролик ҳуқуқининг манбалари ҳуқуқнинг бошқа соҳалари манбаларидан бир қатор хусусиятлари билан фарқ қилади. Бу хусусиятлар фуқаролик ҳуқуқи манбалари тартибга соладиган ҳуқуқий муносабатларнинг моҳиятидан келиб чиқади. Маълумки, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар одатдаги, кундалик, нормал ижтимоий муносабатлардир.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг “одатдаги” муносабатлиги шу билан белгиланадики, бу муносабатлар ҳар доим содир бўлади ва кишиларда бу муносабатларнинг амалга оширилиши одатдаги жараён каби тасаввур ҳосил қилади. Масалан, ҳар куни дўкондан нон сотиб олинганда, деярли, барча фуқаро – ҳаридор нонни муайян сумма тўлаган ҳолда сотувчи билан келишиб сотиб олиши мумкинлигини билади. Бу ҳол бир неча асрлардан бери одат тусига айланган. Мантиқан олиб қараганда, бундай муносабатлар жуда кўплаб топилади ва уларда одат анъаналарига айланган ҳолатлар кузатилади. Айнан ана шу ҳолатлар фуқаролик қонун ҳужжатлари томонидан тартибга солинади. Шу билан бирга, одатда, кишилар учун янгилик бўлмаган ва содир бўлиши ғайри табиий туюлмаган воқеликдир. Бу муносабатларнинг шу зайлда амалга оширилиши кишиларда ажабланиш ҳиссини вужудга келтирмаслиги лозим. Одатдаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ҳар доим мавжуд анъаналардан келиб чиқиб белгиланиши керак.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг кундалик муносабатлар сифатида талқин этилишининг асосий сабаби, уларнинг ҳар куни амалга оширилиш бўлиб ҳисобланади. Агар фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларнинг «одатдалиги» бевосита муносабатларни амалга оширилиши тартиби ва жараёни билан боғлиқ бўлса, “кундаликлиги” хусусияти бу муносабатларнинг ҳаётий зарурият ва эҳтиёжлар билан боғлиқ равишда ҳар куни содир этилиши билан боғлиқ бўлади. Бундай муносабатлар жумласига: чакана олди-сотди шартномалари ва ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаларини кўрсатиш мумкин.
Ҳуқуқий муносабатлар орасида фақатгина фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар “нормал” муносабатлардир. Яъни, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар бир-бирга бўйсуниш тамойилига асосланмаган, эрк-ирода ва хоҳишга таянган, мажбурлаш ва тайзиқдан холи бўлган ҳолда вужудга келадиган муносабатлардир. Фуқаролик ҳуқуқининг манбалари ҳам айнан ўзи тартибга соладиган муносабатларнинг шу хусусиятларидан келиб чиқиб белгиланади.
Умумий қоидага кўра, фуқаролик ҳуқуқий муносабат деб шахслар ўртасида бўладиган ва фуқаролик ҳуқуқий нормалар билан тартибга солинадиган муносабатларга айтилади. Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи нормалар ҳам бу муносабатларни тартибга солишда вужудга келаётган муносабатнинг мазмунига таянади.
Фуқаролик ҳуқуқи манбаларининг яна бир хусусияти, уларда императив меъёрларга қараганда диспозитив меъёрларнинг кенгроқ қўлланилишидир. Адабиётларда таъкидланишича, ҳуқуқий тартибга солиш усулига қараб, ҳуқуқ нормаларини императив ва диспозитив нормалар гуруҳларига бўлиш мумкин.
Императив нормалар деб, маълум бир ҳуқуқий муносабатда қатнашувчиларнинг эрклари билан ўзгартирилиши мумкин бўлмаган, қатъий ҳарактерда бўлган, қатъий буйруқ берадиган нормаларга айтилади. Императив нормаларга мисол қилиб (ФКнинг 23-моддаси, 3-банди). “Фуқароларнинг ҳуқуқ лаёқатидан ёки муомала лаёқатидан тўла ёки қисман воз кечиши ва ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини чеклашга қаратилган бошқа битимлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир”, - деб айтилган нормани кўрсатиш мумкин.
Диспозитив нормалар деб тарафларнинг ўз ихтиёрлари билан тўлдирилиши мумкин бўлган ва шартномаларда ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ўзаро келишуви бўйича тартибга солиниши мумкинлигини кўрсатадиган нормаларга айтилади. Масалан, ФКнинг 223-моддаси 1-бандида улушли мулкдаги мол-мулк иштирокчилар ўртасида уларнинг келишувига мувофиқ тақсимланиши мумкин деб ёзилган. Демак, бу ҳуқуқий норманинг мазмунига кўра умумий мулк иштирокчилари ўзига тегишли бўлган улушини ўзларининг келишувига мувофиқ тақсимлашлари мумкин экан.
Дарҳақиқат, фуқаролик ҳуқуқий манбаларда диспозитив меъёрлар кўп учрайди. Бу меъёрларнинг фуқаролик ҳуқуқида кенгроқ қўлланилишига сабаб фуқаролик ҳуқуқида иштирокчиларга кенг имтиёз ва эркинликлар берилганлигидадир. Зеро, ФКнинг биринчи моддасида таъкидланганидек, фуқаролик қонун ҳужжатлари улар томонидан тартибга солинадиган иштирокчиларининг тенглигини эътироф этишга, мулкнинг дахлсизлигига, шартноманинг эркинлигига, хусусий ишларга бирон-бир кишининг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслигига, фуқаролик ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширилишини, бузилган ҳуқуқлар тикланишини, уларнинг суд орқали ҳимоя қилинишини таъминлаш зарурлигига асосланади.
Ушбу модданинг талабларидан келиб чиқиб, шундай хулосага келиш мумкинки, фуқаролик ҳуқуқининг манбалари юқорида белгиланган талабларга амал қилган ҳолда қабул қилиниши лозим. Яъни, ҳар қандай фуқаролик қонун ҳужжатлари шу муносабат иштирокчиларининг тенглигини эътироф этиши, мулкнинг дахлсизлиги, шартномаларнинг эркинлиги ва ҳакозоларга амал қилган ҳолда чиқарилиши керак. Бу талабларга зид ҳолда қабул қилинган қонун ҳужжати ҳақиқий эмас деб топилиши ва тегишли тартибда бекор қилиниши зарур.
Юқорида айтганимиздек, фуқаролик ҳуқуқининг манбалари деганда, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган норматив ҳужжатлар тушунилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 7-моддасида: “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир”, деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг асосий қонуни - Конституция барча қонунчилик учун, жумладан, фуқаролик қонунчилиги учун ҳам раҳбарий манба ҳисобланади. Конституция нормалари у ёки бу муносабатни умумий ҳолда, конституциявий даражада нормалайди, фуқаролик ҳуқуқига доир қонунлар эса, уни тўлдиради, аниқлаштиради. Мамлакатимизнинг асосий қонунида ҳуқуқнинг, шу жумладан, фуқаролик ҳуқуқининг асосий тамойиллари мустаҳкамланган. Асосий қонунимиз Конституциянинг 18, 27, 36, 42, 53, 54-моддалари бевосита фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Масалан, Конституциянинг 18-моддасида тенг ҳуқуқлилик тўғрисида, 27-моддасида инсон шаъни, қадр-қимматнинг қадрланиши тўғрисида сўз боради, 36-моддада эса, ҳар бир кишининг мулкдор бўлиши мустаҳкамлаб қўйилган. Ворислик ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши таъкидланган, 42-моддада бўлса ижод эркинлиги ўз ифодасини топган. Конституциянинг 53-моддасида “бозор муносабатлари” ўз аксини топган.
Ушбу моддадаги қуйидаги ҳолатларни алоҳида кўрсатиш мумкин:
Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шаклдаги мулк ташкил этиши;
истеъмолчилар ҳуқуқларининг устуворлиги;
иқтисодий фаолият, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ва меҳнат қилиш эркинлиги;
барча мулк шаклларининг тенглиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилиши;
хусусий мулкнинг бошқа мулк шакллари каби дахлсизлиги ва давлат муҳофазасида эканлиги;
-мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги каби қоидалар.
Бу ҳолатлар, кейинчалик, мос равишда Ўзбекистон Республикасининг жорий қонун ва қонуности ҳужжатларида ўз аксини топди. Конституциянинг 54-моддасида эса мулк ҳуқуқининг мазмуни бевосита ўз ифодасини топган. Бунга асосан мулкдор ўзига тегишли мол-мулкни ўз хоҳишига кўра эгаллаш, фойдаланиш, тасарруф қилишга ҳақли. Айни пайтда, мулкдор ҳуқуқининг чегаралари ҳам Конституцияда белгилаб берилган. Яъни мол-мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказмаслиги лозим.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси фуқаролик ҳуқуқининг асосий иштирокчиси ҳисобланган инсон ва унинг манфаатларини олий қадрият деб ҳисоблайди.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик кодекси ҳам конституциявий тамойилларга асосланган ҳолда бозор иқтисодиёти шароитига мос келадиган механизмини яратишга қаратилган бўлиб у фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда алоҳида ўринни эгаллайди.
Бозор муносабатларининг бутун тизимини бирлаштиришга ва унинг ички уйғунлигини таъминлашга хизмат қиладиган, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга соладиган, бозор иқтисодиёти муносабатлари талабларига қаратилган кодификациялаштирилган қонун бу – фуқаролик кодексидир.
Амалдаги фуқаролик кодекси шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган масалаларни янгича ҳал қилди. Унда:
хилма-хил фуқаролик ҳуқуқий битимлар тузишда кенг эркинлик ва имкониятлар берилганлиги;
фуқароларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини кенг тартибга солиш;
фуқароларнинг ҳуқуқ лаёқати кенгайтирилганлиги, улар ёлланма меҳнатдан фойдаланиш, хусусий мулкка, жумладан, хусусий корхоналарга эга бўлиши, мулк шаклларининг тенглиги ва унинг ҳимояси кафолатланганлиги;
фуқаролик-ҳуқуқий муносабат субъекти бўлган юридик шахсларга ташкилотларга ўз фаолиятларини амалга оширишда, хўжалик ишларини юритишда кенг имкониятлар берилганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Ўзбекистон Республикасининг жорий қонунлари ҳам фуқаролик ҳуқуқининг манбаи ҳисобланади. Уларга “Мулкчилик тўғрисида”ги, “Ижара тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Жамоат фондлари тўғрисида”ги, “Хўжалик ширкатлари тўғрисида”ги, “Гаров тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар киради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси олий давлат вакиллик органи бўлиб, қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширади” деб кўрсатилган. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ва фуқаролик ҳуқуқий ҳарактерига эга бўлган қонун ҳужжатлари фуқаролик ҳуқуқининг манбаини ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 94-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Президенти Конституцияга ва қонунларга асосланиб ҳамда уларни ижро этиш юзасидан республиканинг бутун ҳудудида мажбурий кучга эга бўлган фармонлар, қарорлар ва фармойишлар чиқаради”, деб белгиланган. Президент томонидан чиқариладиган мазкур меъёрий хужжатлар қонун ости ҳужжатлари деб юритилади. Президент фармонлари турмушда, ҳаётда, халқ хўжалигида, иқтисодиётда, ишлаб чиқаришда кечиктириб бўлмайдиган муносабатларни тартибга солиш ва мустаҳкамлаш эҳтиёжидан келиб чиқади. Уларнинг аксарияти фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солаётганлиги учун фуқаролик ҳуқуқининг манбаи бўлиб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасида “Вазирлар Маҳкамаси конституциявий нормалар доирасида ва амалдаги қонун хужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради”, деб кўрсатилган. Шунга биноан Вазирлар Маҳкамаси иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳанинг самарали фаолиятига раҳбарликни, қонунлар, Олий Мажлиснинг бошқа қарорлари ва Президентнинг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлаш юзасидан қарорлар ва фармойишлар чиқаради. Шунинг учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан чиқарилган меъёрий хужжатлар фуқаролик ҳуқуқининг манбаи бўлиб ҳисобланади.
Республика вазирликлари, Давлат қўмиталари, идоралари чиқарган тегишли норматив ҳужжатлар ҳам фуқаролик ҳуқуқи манбалари ҳисобланади.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ўзига берилган ваколатлар доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши зарур бўлган фуқаролик-ҳуқуқий ҳарактерга эга бўлган қарорлар қабул қиладилар. Бундай қарорлар ҳам фуқаролик ҳуқуқининг манбалари ҳисобланади.
Фуқаролик қонун ҳужжатларида тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, бу муносабатларни тартибга солишда маҳаллий одат ва анъаналар қўлланилади (ФКнинг 6-моддаси).
Тадбиркорлик фаолиятининг бирор-бир соҳасида вужудга келган ва кенг қўлланиладиган ҳулқ-атвор қоидаси бирор-бир ҳужжатда ёзилган-ёзилмаганидан қатъи назар, иш муомаласи одати ҳисобланади.
Фуқаролик қонун ҳужжатларида тегишли нормалар бўлмаган тақдирда бу қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатларга нисбатан маҳаллий одат ва анъаналар қўлланилади. Бироқ, қўлланиладиган иш одатлари, маҳаллий одатлар ва анъаналар қонун ҳужжатлари нормаларига, шартнома шартлари мазмунига зид бўлмаслиги керак (ФКнинг 6-моддаси).
Фуқаролик қонун ҳужжатларини тўғри шарҳлаш ва тадбиқ этиш учун суд тажрибаси муҳим аҳамиятга эга бўлса ҳам, аммо у ҳуқуқ манбаи бўлиб ҳисобланмайди. Фуқаролик иши бўйича суд томонидан чиқарилган қарор фақат мазкур иш учунгина мажбурийдир. Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 17-моддасида “Олий суд Пленуми суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқади ва қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради”, деб белгиланган. Бунга биноан Олий суд Пленуми суд ишларини кўришда қонунларни қўллаш масалалари юзасидан судларга раҳбарий тушунтиришлари фуқаролик ҳуқуқининг манбалари бўлмаса ҳам барча судлар учун мажбурий ҳисобланади ва судлар томонидан оғишмай ижро этилиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 42-моддаси мазмунига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди хўжалик судлов соҳасида суд ҳокимиятининг энг юқори органи бўлиб, у томондан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ва Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудида бажарилиши мажбурийдир. Олий хўжалик суди Пленум мажлисида дастурий кўрсатмалар қабул қилади. Шуни айтиш керакки, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунининг 11-моддасида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга” деб кўрсатилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |