www.ziyouz.com кутубхонаси
11
билан юритилиши лозим эди. Улар яна ферма ичига қайтдилар. Сноубол ва Наполеон катта
молхона деворининг тепасига чиқиш учун ҳайвонларни шоти олиб келишга юборди. Сноубол
уч ойдан бери ўқиш ва ёзишни ўрганиш давомида ҳайвонизмнинг асосини 7 та қоидага
келтирганини тушунтириб берди.
Бўладир “Ҳайвон ферма»сининг ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИЛМАЙДИГАН ҚОНУН
МОДДАЛАРИ эди. «Ҳайвон ферма»сида яшовчилар бу қонун моддаларига амал қилишлари
шарт эди. Қонун моддаларини яратишда ҳамма ҳайвонларнинг тенглигига асосланиш чўчқалар
учун осон бўлмаганди.
Сноубол қийинчилик билан нарвонга чиқиб, ишни бошлади. Нарвоннинг бир неча
зиналаридан пастда турган Скуийлир бўёқ тўлдирилган пақирчани Сноуболга тутиб турар эди.
Қонун моддалари катта ок ҳарфлар билан молхона деворига ёзила бошлади. Ёзилган ҳарфларни
30 метр узоқликдан туриб ўқиш мумкин эди:
1. ИККИ ОЁҚЛАБ ЮРАДИГАНЛАР - ДУШМАН.
2. ТЎРТ ОЁҚЛАБ ЮРАДИГАНЛАР ВА ҚАНОТЛАРИ БИЛАН УЧАДИГАНЛАР - ДЎСТ.
3. ҲАЙВОНЛАР КИЙИМ КИЙМАСДАН ЯЛАНҒОЧ ЮРИШЛАРИ КЕРАК.
4. ҲАЙВОНЛАР КАРОВАТДА ЁТМАСИН.
5. ҲАЙВОНЛАР СПИРТЛИ ИЧИМЛИКЛАР ИЧМАСИН.
6. ҲАЙВОНЛАР БИР-БИРЛАРИНИ ЎЛДИРМАСИН.
7. ҲАММА ҲАЙВОНЛАР ТЕНГ ҲУҚУҚЛИДИР.
Қонун моддалари ҳуснихат қоидаларига риоя этилган ҳолда ёзилган бўлиб, бир ҳарф
тескари эди, холос. Бошқа ҳарфларнинг ҳаммаси тўғри ёзилганди. Сноубол ҳайвонларга қонун
моддаларини ўқиб эшиттирди. Улар саводсиз бўлганликлари учун бошларини қимирлатиб
маъқуллаб кўяқолдилар. Ақллироклари эса моддаларни ўргана бошладилар. Сноубол қўлидаги
бўёқ шёткасини ерга ташлаб ҳайвонларга мурожаат қилди:
- Ўртоқлар, бизни пичанзорлар кутиб турибди. Зудлик билан пичанларни йиғиб-териб
олишимиз керак. Жоунз ва унинг хизматкорларидан эҳтиёт бўлишимиз ва уларнинг қаерда
бошпана топганликларини ҳам билишимиз, албатта, зарур. Шундагина бизнинг тинчлигимиз
сақланади. Бу бизнинг шараф билан бажарадиган вазифамиздир. Сутлари елинларига тўлиб
кетиб қийналаётган уч сигир Сноуболнинг сўзларини мулаб бўлиб юборди. Улар бир кечаю
кундуз давомида соғилмасдан, елинлари ёрилиб кетгудай сутга тўлиб, чирсиллаб кетганди.
Чўчқалар бир муддат ўйланганларидан сўнг чўчқачаларни пақир олиб келиш учун юбордилар.
Сўнгра чўчқалар пақирларни оёқлари орасига жойлаштириб, сигирларнинг сутларини
шовуллатиб соғиб ола бошлашди. Бир зумда бешта пақир ёғли сут билан тўлди. Ҳайвонлар
пақирлардаги оппок сутга ва сут устидаги кўпикларга қизиқиш билан қарадилар. Шу пайт
ҳайвонлардан бири:
-Бу сутларни нима қиламиз, -деб юборди.
- Жоунз бизнинг овқатимизга ишлатарди, - деди товуқлардан бири.
- Сут ҳақида ўйлаб бошингизни қотирманг, -деди пақирлар олдида турган Наполеон
баланд овоз билан. Сут учун қайғурманг. Биз ҳозир далалардаги ҳосилни йиғиб олиш ҳақида
ўйлашимиз керак. Ўртоқ Сноубол йиғим-теримни бошқаради. Бир оздан кейин мен ҳам
бораман. Ўртоқлар, пичан йиғим-теримига олға! Бизни пичан кутаяпти. Совуқ кунлар
бошланмасдан олдин йиғиштириб олишимиз керак. Оби ҳаво бизни кутиб турмайди.Ҳайвонлар
пичан эқилган ферма ерига йўл олишди ва шу заҳотиёқ ўримни бошлаб юборишди
Кечки пайт ишдан қайтиб келганларида эса сутнинг йўқолганлигини сезишди.