6. Ишдан кейинги тикланишга йўналтирилган жисмоний тарбия
Меҳнаткашларнинг жисмоний маданиятида, албатта, жисмоний машқларга ўрин ажратилиши керак. Бундай машқларнинг асосий вазифаси иш куни тугагандан кейин кучни тиклашдан, меҳнатнинг ноқулай ва бир томонлама омилларига қарши йўналтирилган профилактикани амалга оширишдан ва бунинг асосида юқори касбий тайёргарликни сақлаб туришдан иборат.
Ўтказилган тадқиқотлар натижалари ишдан кейин жисмоний машқларни ва бошқа тикланиш муолажаларини татбиқ этиш органларнинг тезликда тикланишига ва касб касалликларининг олдини олишга хизмат қилишини кўрсатди.
Тикловчи жисмоний тарбия тадбирлари бевосита иш жойларида, корхонада махсус жиҳозланган тикланиш марказларида, корхона ҳудудида ёки унга яқин жойлашган спорт иншотларида, профилакторийларда ўтказилади.
Жисмоний тарбия-профилактика тадбирларини ишлаб чиқишда машғулотларни танлаш ва уларни ўтказиш услубияти ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг технологик хусусиятларига ва меҳнатнинг шарт-шароитларига, шунингдек, касбий фаолият хусусиятига боғлиқ бўлади. Жисмоний машқлар ишнинг сабаб-оқибатларини: конвеерда ишлашдаги бир маромлиликни, юқори асаб кучланишини (масалан, операторларда, диспетчерларда) ва бошқаларни бартараф этишга йўналтирилган бўлиши керак.
Унда қуйидаги машғулот шаклларидан фойдаланилади:
а) ташкилий: улар тикланиш-профилактика марказларида, касбга мослаштирилган соғломлаштириш гуруҳларида, спорт турлари бўйича спорт сексияларида ўтказилади;
б) мустақил: соғломлаштириш зоналарида шуғулланиш, профилактик гимнастика, профилактик йўналишдаги жисмоний тарбия машғулотларининг турли шакллари.
Амалиётда оптимал ҳаракатланиш режимига эга бўлган хизматчиларда меҳнатнинг энг юқори кўрсаткичлари кузатилади.
7. Соғломлаштириш-профилактика гимнастикаси
Ноқулай меҳнат шарт-шароитлари: ҳавонинг ифлосланганлиги, юқори ҳарорат, шовқин, тебраниш ва шу сингарилар, айниқса, нефт ва кимё, газ, иссиқлик, мэталлургия, тоғ-кон, тўқимачилик, кўмир қазиб олиш саноати ва бошқа айрим корхоналарда кузатилади. Булар организмдаги физиологик тизимларнинг нормал ишлашида жиддий ўзгаришларга олиб келади. Агар уларга қарши мунтазам профилактик тадбирлар ўтказиб борилмаса, у ҳолда йиллар ўтиши билан турли касалликлар ривожланиши мумкин. Худди шундай натижа мажбурий ишчи вазиятида узоқ йиллар бир хил меҳнат қилиш жараёнида ҳам намоён бўлиши мумкин.
Бундай касалликларнинг олдини олиш учун соғломлаштириш-профилактика гимнастика машқлари мажмуасидан фойдаланиш зарур ва у қуйидаги асосий масалаларни ечишга хизмат қилади:
а) организмни умумий мустаҳкамлаш ҳисобига ноқулай меҳнат шароитларига мосланувчанлик даражасини ошириш, организмнинг номахсус ҳимояси – иммунологик хоссалари ва функционал имкониятларини ошириш;
б) касб касалликлари ва функционал бузилишларни профилактика қилиш;
в) ўзгаришга учраган функционал тизимларнинг тикланиш вақтини қисқартириш.
Чўзилиш машқлари меҳнат жараёнида статик кучланиш сабабли мушаклар, боғламлар, пайларнинг қисқариши натижасида бузилган бўғинларда ҳаракатчанликни тиклаш учун қўлланилади.
Бўшашиш машқлари организмда қон ва лимфа айланишини яхшилаб, карбонат ангидрид газининг чиқарилиш жараёнини, чарчоқнинг бартараф этилишини янада тезлаштиради.
Изометрик машқлармушаклар атрофиясининг олдини олиб, локал таъсир кўрсатишга имкон беради.
Куч ва тезлик-куч машқлариумумий мустаҳкамлаш таъсиридан ташқари яна кичик соҳада ҳам таъсир кўрсатади. Улардан қон айланишини яхшилаш, модда алмашинувини кучайтириш, сарфланган кучни ва мушаклар қисқариши тезлигини тиклашда фойдаланилади. Шу билан бирга, улар нафас олиш тизимига аҳамиятли таъсир ўтказади.
Коррексияловчи машқлардан умуртқа поғонаси, кўкрак қафаси, товондаги турли деформацияларни тўғрилашда фойдаланилади. Локал таъсир кўрсатувчи ва маълум дастлабки ҳолатдан бажарилувчи бундай ҳаракатларда кучланиш билан чўзилиш бирлаштирилади. Масалан, букриликни йелка бўғимларида айланма ҳаракатларни, кўкрак мушакларини кенгайтирувчи ва йелка мушакларини мустаҳкамловчи машқларини бажариш орқали тўғрилаш мумкин. Тебранувчи асбоб билан ишлашда кординацияни, тезкорликни, аниқликни, ритмикани тиклаш учун умумривожлантирувчи машқлар билан бир қаторда бармоқлар ҳаракатлари кординациясига йўналтирилган махсус машқлар ҳам қўлланади.
Ҳаракатларни кординациялаш машқларидан меҳнат ритми ва сур'атини тиклаш, шунингдек, ишга киришишда оптимал ҳолатни яратиш учун фойдаланилади.
Мувозанатни сақлаш машқлари вестибуляр аппарат фаолиятини яхшилашга, тўғри гавда тузилишини тарбиялашга хизмат қилади, шунингдек, трофик ва вегэтатив рефлексларни кучайтиради ҳамда тиклайди.
Ишдан кейинги тикланиш – профилактика гимнастикаси услубиётчи-йўриқчи раҳбарлигида гуруҳли усулда ёки индивидуал ўтказилади. Машғулот давомида юклама секин-аста ошириб борилади, машғулот ўртасига келганда юклама максимумга этади ва кейинчалик аста-секинлик билан айрим машқларни такрорлашлар сонини, сур'атини, амплитудасини, машқлар мураккаблигини, мушаклардаги кучланиш даражасини ўзгартириш ҳисобига камайтирилади. Мажмуа 12-14 та машқдан иборат бўлади, махсус ва умумривожлантирувчи машқлар ҳажмининг нисбати 1:2 ёки 1:3 бўлиши керак.
Чангли ҳаво, ортиқча газлашган шарт-шароитларда ишлайдиганлар учун ўтказиладиган соғломлаштириш-профилактика гимнастикасида махсус нафас олиш машқларини қўллаш керак. Шу билан бирга, нафас олиш чуқур нафас олиш ҳисобига тўлиқ бўлишига эътиборни қаратиш керак.
Турли хил касалликларнинг ривожланишининг олдини олиш мақсадида жисмоний машқлар билан бир қаторда соғломлаштириш тадбирларининг бутун бир мажмуаси тавсия етилади. Тушлик танаффусдан олдин иссиқ ванна қабул қилиш ёки махсус қурилмаларда қўлларни иссиқ ҳаво билан иситиш лозим. Шу билан бир вақтни ўзида қўлларнинг панжаларини артиш, бармоқларни сиқиш, ёйиш,йиғиш ва ростлаш лозим.
Иш тугагандан кейин душ қабул қилиш, махсус соғломлаштириш-профилактика гимнастикаси мажмуасини ва ўз-ўзини уқалашни бажариш керак.
Do'stlaringiz bilan baham: |